Қурултой қачон ўтади?

abdusattarov-foto

Ёхуд марказ раислари муҳрни қачонгача “босиб ўтиришади”?

ХХI аср одамзод ҳар томонлама ривожланиб, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатлардан ҳар қайси миллат ўз қадриятларини теран тушуниб етган давр эканлиги барчага маълум. Худди шундай йўлда ривожланаётган мамлакатларнинг бири Қозоғистонимиздир. Элбошимиз Н. Назарбаев Қозоғистонда яшаётган 130 дан ортиқ этнослар вакилларининг истак-хоҳишларини инобатга олган ҳолда, уларнинг миллий қадриятларини сақлаш, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлида хизмат этадиган Қозоғистон Халқи ассамблеясини тузди. Мана шу ассамблея ёнида Элбошимиз бошчилигида бирлашган барча этнослар вакиллари ушбу йилда Мустақиллигимизнинг 25 йиллигини тинчлик, тотувлик ва дўстликда кутиб олишмоқда.
Қаерда ва қачон бўлмасин, бажарилаётган ишлар ва олдинга қўйилган режалар ва мақсадлар, чунончи, ислом динида ҳам, давлат конституциясида ҳам, жамоат ташкилотларида ҳам, умуман, ҳамма замонларда тартибга солинган.
Тасаввур қилинг: қандайдир давлат раҳбари ваколати вақтини Конституцияда белгиланган муддатдан ўз ихтиёрича чўзиб ўтирса! Унинг дунё миқёсида обрўси қолармикан? Худди шу каби барча жамоат ташкилотларида олиб борилаётган ишларга ҳам давлат ва бошқа ташқи эътиборнинг бўлиши аниқ. Ана шу майдонда ўз ҳурматимизни йўқотмайлик.
Қозоғистонда, қарийб 20 йил олдин ташкил этилган Қозоғистон ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамиятининг ишлари, афсуски, кейинги вақтларда, ҳақиқатан ҳам, чегарадан чиқиб кетди. Аслида жамоат бирлашмалари бўлсин, юридик ташкилотлар бўлсин – уларнинг фаолиятлари давлат тарафидан тасдиқланган низомлар билан тартибга солинади. Лекин ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамиятининг фаолияти белгиланган меъёрлар талабига бўйсунмаяпти.
Маълумки, 2010 йили июнь ойида Қозоғистон ўзбекларининг қурултойида республика “Дўстлик” ҳамжамиятига Ғофир Қосимов 4 йиллик муддат билан раис этиб сайланган эди. Баъзи илтимосларга биноан, янгидан тасдиқланган низомда раислик муддати 5 йил, дея ўзгартирилди. Лекин жорий йилда еттинчи йилга қадам босган раҳбарият иши шу бугунгача бир тартибга келолмаган, шекилли.
Худди шундай шароит айрим шаҳар ва туман ўзбек этномаданият марказлари фаолиятида ҳам кўзга ташланмоқда…
Биз – ўзбекларга нима бўлди ўзи? Бу – қонунни сийламаганимизми ёки масъулиятни сезмаганимизми?! Албатта элнинг ишончини оқлаш ва халқ масъулиятини елкада кўтариб юриш, кўпчилик олдида берилган ваъданинг устидан чиқиш, жумладан, ўз ишига жавобгарлик билан қараш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
Биз сайланган раҳбарларни ҳеч бир иш қилмади, дея олмаймиз, уларнинг кўпгина хизматларнинг бошида юрганларини биламиз. Лекин улар нега халқ ишониб берган ваколатнинг қадрига етишмаяпти? Ахир, бу жамоат иши-ку! Ҳар бир нарса, қаерда ва қачон бўлмасин, ўз вақтида қадр-қиммати билан бажарилса, ўша ишнинг ҳам, уни бажарган раҳбар ва жамоанинг ҳам обрў-эътибори ўз ўрнида бўлади.
Этнобирлашма раислари бўлиб сайланган раҳбарларнинг ўз вақтида халқ олдида ҳисобот бериб, қадр-қимматга эга бўлишлари, билсалар, ўзлари учун обрўдир. Давлатимиз Мустақиллигининг 25 йиллик тўйи нишонланиши арафасида миллатдошларимизнинг қанчалик тартибли эканликлари, қанчалик узоқни кўра билишлари ва обрў-эътиборлари жамиятдаги ўрнимизга қараб белгиланади.
Этномаданият марказлари фаолиятининг моҳияти, бу – лапарчилар танловини ўтказиб, концертларда ашула айтишгина эмас. Бу – давлат сиёсати тармоқларида олиб борилаётган жамоат ишларида фаол қатнашиб, Элбошимиз раҳбарлигида юритилаётган одилона ва доно сиёсатнинг ҳаётга татбиқ этилишида изчиллик билан қатнашиш ва барча жойда ўз ўрнимизнинг бўлишидадир.
Гап муаммо кўтаришда ҳам эмас. Марказнинг ўз миллати қадриятларини сақлаши ва жамиятдаги ўрни, жамоат ишларидаги салмоғи давлат миқёсида ҳар замон, ҳар вақт баҳоланиб, аҳамият бериб келинган. Шунинг учун ҳам, ўз ишига масъулиятсизлик билан қараётган раҳбарларни бир ой ичида қурултой ўтказиш, ҳисобот бериш ва сайлов ишларини ташкил этишга чақираман.
Бу, албатта раҳбарларнинг, нафақат ўз обрўларига, балки миллатимизга, шу билан бирга, қонуний тасдиқланган этнобирлашмалар низомига ҳам кўрсатган ҳурматлари бўларди. Раҳбарнинг обрўси муҳрни “босиб ўтириши” билан ўлчанмайди, балки бажарган ишлари ва ўзига ишонч билдирган халқнинг ҳурмати билан баҳоланади.
Ўйлайманки, республика даражасидаги, мақомидаги ташкилотимизга бошқа ҳудудлардан сайланган ҳайъат ва кенгаш аъзолари зудлик билан бу масалани қўлга олишади. Ниятим, аллакимларнинг камчилигини айтиш эмас, балки бажарган ишимизга жавбгарлик билан қараб, берилган ишонч ва ваколатни лойиқ шахсларга обрў билан топширишга чорлашдир.
Қозоғистонда яшаётган ярим миллион нафардан ортиқ ўзбек миллати вакилларининг орасида Рўзақул ака Холмуродовдек давлат ва жамоат арбобининг избосарлари етарли. Мақсад – сайлов ўтказиб, ана шу ёшларимизни жамиятдаги ҳурматли ўринларига қўйиш!
Бугун фаолияти бирмунча оқсаб турган республика этнобирлашмамизни Президентимиз Н. Назарбаев етакчилик қилаётган Қозоғистон Халқи ассамблеяси раисининг ўринбосари Р. Холмуродов икки йил мобайнида бошқариб, бир қолипга, бир изга тушириб берса, айни муддао бўларди. Мазкур таклиф юзасидан, албатта зиёлилар, барча миллатдошларимиз ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришади, дея умид қиламан.
Этномаданият бирлашмаларини бошқаришга иштиёқмандлар ҳар вақт кўп бўлишган, ҳозир ҳам бунга хумор бўлаётганлар топилади. Лекин бунинг масъулиятини, қанчалик жавобгар иш эканлигини сезмаётганлар ҳам учрайди.
Турли давраларда, ҳатто, газеталар саҳифаларида ушбу масала бир неча марта кўтарилишига қарамай, раҳбарларнинг, кенгаш аъзоларининг лоқайдликлари халқ орасида ортиқча гап-сўзларга сабаб бўлмоқда. Айни ташкилотнинг собиқ раҳбари сифатида бундай ҳолга бефарқ қараб туролмадим. Кенгаш аъзолари йиғилиб, кўп кечиктирмасдан, октябрь ойида қурултойни ўтказайлик!

Раҳматжон АБДУСАТТОРОВ,
ҚР ўзбеклари “Дўстлик”
ҳамжамиятининг
­собиқ раиси.

Изоҳнинг ҳожати йўқ