
«ЭКСПО-2017» Халқаро кўргазмаси давом этадиган уч ой, янаям аниқроғи — 93 кун мобайнида қатнашчилар учун улкан қамровдаги маънавий-маърифий ва маданий-оқартув юмушлари амалга оширилади. Экологик манфаатдорлик ҳамда энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги мақсадларини кўзда тутувчи тадбирлар замонавий турмуш тарзини тарғиб ҳамда ташвиқ этиши билан биргаликда, янги изланишларга ҳамда кашфиётларга-да руҳлантиради.
Астана шаҳридаги айни Умумдунёвий намойиш йирик кўламдаги томоша-кўнгил очиш ҳамда соғломлаштириш-ҳордиқ чиқаришнинг кенг миқёсли тантаналариниям қамраб олади-ки, буларнинг бари кенг жамоатчиликни ўзига жалб этиши турган гапдир.
«ЭКСПО-2017» Халқаро кўргазмаси оммавий-томошабоп тадбирларнинг тиғиз жадвалига ва ранг-баранг кўринишларига эгалиги билан олдингиларидан алоҳида ажралиб туради. Уч ой мобайнида Қозоғистон пойтахти бутун дунёнинг энг катта санъат ва театр саҳналарига айланиши башорат қилинмоқда. Ҳар кунги узлуксиз марафонли шоулар, улкан мусиқа шодиёналари билан биргаликда, ташкилотчилар маданий ҳамда маърифий тантаналарниям режалаштирганлар. Айни боисдан ҳам, 93 кун оралиғида ҳаммаси бўлиб, жами 3000 та ҳар хил йўналишлардаги, соҳалардаги тадбирлар ўтказилади ва булар ҳар кунига ўртача 33 тадан тўғри келади!
«ЭКСПО-2017» Халқаро
кўргазмасининг мавзулари
Ҳаёт энергияси. «Ҳаёт учун энергия» концепцияси инсоннинг яшаш тарзи ва атроф-муҳит муносабатлари ва мутаносибликлари хусусида маълумот беради. Шунинг учун ҳам, «Ҳаёт учун энергия» павильони инсон измидаги энергия қувватларидан мақсадга мувофиқ тарзда фойдаланиш, унинг муқобил ҳамда самарали манбаларини башарият равнақи йўлида хизмат қилдиришга қаратилгандир.
Бунда алоҳида эътибор ҳозирги энергия қувватлари вужудга келтираётган экологик муаммоларга, жумладан, иқлимнинг номақбул ўзгаришларига ҳамда бошқа салбий ҳодисаларга жалб этилади.
Барча учун энергия. «Барча учун энергия» павильони бугунги энергия манбалари келтириб чиқараётган оқибатлар учун келгуси авлодлар олдида глобаль жавобгарлик ва масъулиятга ундайди. Ушбу экспозиция энергия билан таъминланганликнинг айни кунлардаги муаммоларини кўзда тутади. Қашшоқлик ва камбағалликка қарши курашишда энергия таъминотининг аҳамиятини уқтиради.
Менинг эртанги кундаги энергия манбаим. Мазкур йўналишдаги павильон ғояси интерфаоллик замирига қурилган бўлиб, ижобий хулқ-атвор ҳамда хислат- фазилатларга асосланади.
Айни экспозиция намуналари билан таниша туриб, кўнгилочарли ва кайфиятни кўтарувчи саргузаштларнинг гувоҳи бўлиш мумкин. Шу билан биргаликда, бу ерда кўрилган нарсалар энергия қувватларидан кундалик тежаб-тергаб фойдаланиш масъулияти ҳамда жавобгарлиги ҳиссиётларини-да пайдо қилади.
Энергия олами. «Энергия олами» номи билан аталувчи павильонда мавжуд энергия қувватларининг ўзигагина хос табиат ҳодисаси эканлиги физикавий ва бошқа илмий тажриба (эксперимент)лар орқали кўрсатиб ва исботлаб берилади. Шунингдек, энергия манбаларининг бутун Коинот миқёсидаги аҳамияти тўғрисида баҳс-мунозаралар билан таништирилади.
Иштирокчилар муқобил энергия манбалари ҳамда уларнинг келгуси равнақи, инсоният ва экотизимнинг тақдиридаги роли ҳамда самаралари билан танишиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, ушбу павильон экспозициясидан Ер сайёраси энергоресурсларининг жойлашиши ва тақсимланиши, энергия тизими ҳамда атроф-муҳит муносабатлари хусусидаги кўплаб маълумотлар-да кенг ўрин эгаллайди.
Қозоғистон миллий павильони ва «Келажак музейи»
Қозоғистон миллий павильони билан танишишга киришар экансиз: «Ғоялар ва билимлар халқни ўтмиш билан боғлайди ҳамда келажакни яратишга илҳомлантиради» — дейилган башоратона сўзлар, беихтиёр ёдга тушади. Негаки мазкур экспозиция орқали ва унинг ёрдамида тарих ва келажакнинг ўзига хосликлари, мақсад-муддаолари, маънавий-маданий хусусиятлари, табиат ҳамда жамиятнинг уйғун бўлиши заруриятлари, кўпмиллатли Қозоғистон халқининг турмуш тарзлари ва қадриятлари, урф-одатлари очиб берилади.
Ушбу павильон яна аждодлар мероси мавзуиниям кенг ёритгани ҳолатда, эртанги кун авлодларигаям бугуннинг анъаналаридан муждалар юборишни ҳамда уларни асраб-авайлаш юзасидан даъватларни-хитобларни йўллайди. Айни экспозиция ўзининг замонавий безатилиши ва одатдан ташқари кўринишлари билан диққат-эътиборни ўзига жалб этади.
Шунингдек, айни павильон табиати ва замини табиий ресурсларга бой бўлган Қозоғистоннинг тараққиётнинг «яшил» иқтисодиёт принципларига асосланган янги моделига ўтиши жараёнидаги босқичлариниям ўзида акс эттиради.
СФЕРА — «Келажак музейи» —
«ЭКСПО-2017 Астана»нинг тимсоли!
Жаҳонда энг йирик айлана-доира шаклидаги сферик кошона, яъни СФЕРА — «Келажак музейи» ўзида «ЭКСПО-2017 Астана» – Халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасининг «Эртанги кун энергияси» шиорини қиёфасида акс эттирувчи, ўзига хос ҳамда мос меъморий ва технологик ечимларга эга, энергия самарадорлигини намоён этувчи улкан, бетакрор ҳамда мўъжизавий иншоотдир.
СФЕРА «Келажак музейи» шаклининг ғайритабиий тузилиши, унинг қурилишида тасаввурларгаям сиғмайдиган ечимларнинг қўлланилиши, унда «Келажак сари саёҳат!» бетимсол шоу-томошасининг намойиш этилиши мазкур мўъжизалар маконига ташриф буюрувчиларда улкан таассуротлар қолдириши турган гап!
«ЭКСПО-2017 Астана» Халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси ниҳоясига етганидан кейин ҳам СФЕРА — «Келажак музейи» интеллектуаль ва маданий мерос объекти сифатида сақланиб қолади ҳамда Қозоғистон Республикаси пойтахтининг кўпсонли мўъжизавий кошоналари сафидан муносиб ўрнини эгаллайди.
«ЭКСПО-2017 Астана»нинг
Қозоғистон учун муҳим
тарихий аҳамияти!
Бемалол айтиш мумкин-ки, «ЭКСПО-2017 Астана» Қозоғистон давлатининг энг янги тарихи саҳифаларига олтин ҳарфлар билан битилгудек даражадаги ноёб ва камёб воқеа сифатида абадул-абад муҳрланади. Мазкур халқаро анжуман-намойишнинг, айнан Буюк биёбонлар юртида ўтказилиши эса, мамлакатнинг Умумжаҳоний миқёсдаги ҳамда қамровдаги обрў-эътиборини оширишга, иқтисодиёт ҳамда маданиятни бемисл равишда ривожлантиришга улуғ даражада хизмат қилади.
Мазкур Халқаро кўргазма Қозоғистоннинг келгуси туризм тизимига ҳам янги инвестицияларнинг жалб этилиши, Астана шаҳри ҳамда унинг атроф-тевараклари ҳудудларида ўта замонавий саноат, транспорт, тижорат объектларининг, кўчмас мулкларнинг қад кўтариши ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизимининг янги юксак поғоналарга кўтарилишигаям улкан ҳиссасини қўшади.
«ЭКСПО-2017 Астана» Халқаро кўргазмасига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш жараёнларида иштирок этиш Қозоғистоннинг ҳамда яқин ва йироқ хорижнинг қурилиш компаниялари ва бошқа ишлаб чиқариш обьектларига, тежамкор ва атроф-муҳит учун хавф-хатарсиз энергиянинг муқобил манбаларини яратувчиларга, туристик компанияларга ўзларининг кейинги фаолиятлариниям мамлакатда давом эттиришларига имкониятлар яратади.
* * *
«ЭКСПО-2017 Астана» Халқаро кўргазмасига тайёргарлик ҳар доимгидан-да жадал суръатлар билан давом эттирилмоқда!

