Алоқа | Обуна

Қорабулоқда футбол мавсуми билан боғлиқ тантаналар!

Ўтган якшанба куни Фурқат номидаги 42-сонли ўрта мактабниинг футбол майдонида 5-мусобақа турнирининг очилиши маросими бўлди. Тантанали равишда очилган мазкур турнирда ЖҚВ маслаҳатининг депутати Б. Нишонқулов, Қорабулоқ қишлоқ округи ҳокими А. Абдуқодиров, Қорабулоқ футбол федерацияси (ҚФФ)нинг президенти Д. Тошметов, Сайрам туманининг фахрий фуқароси Ҳ. Давронбеков, Сайрам тумани маслаҳатининг депутати Ғ. Раимқулов, таниқли футбол мураббий (тренер)лари Е. В. Мануйленко ва испаниялик Хуан Карлос, вилоят “Халқ сўзи” жамоат бирлашмасининг раиси С. Акрамов ва бошқа расмий кишилар қатнашдилар.
Мазкур турнирда иштирок этиш учун 11 та футбол жамоаси рўйхатдан ўтганди, булар: “Марказ”, “Қайнарбулоқ”, “Далабозор”, “Фурқат”, “Пахтазарбдор”, “Коммунизм”, “Орис”, “Софит”, “Янги ҳаёт”, “Ғайрат”, “Оқсувобод”.
Соат 18.00 да “Коммунизм” ва “Пахтазарбдор” жамоалари майдонга навбатдаги беллашув учун тушдилар. Ёш футболчиларнинг ўйин пайтида тўпни узатиш ва қабул қилиб олиш техникалари ҳамда ҳақиқий моҳир ўйинчиларга хос маданиятли ўйин кўрсатишдаги саъй-ҳаракатлари кўпсонли мухлисларнинг кўнгилларидан чиқди.
Ҳар иккала командалар аъзоларининг ўйинга яхши тайёргарлик билан келганликлари кўриниб турди. Ҳисоб 2-2, дуранг натижа билан якунланди.
Бош ҳакам Ғуломжон Алметов ўзининг ёрдамчилари — Зафар Аллануров ҳамда Гулмурод Ҳамроқулов билан биргаликда ҳалол ҳакамлик қилдилар.
Аввалги ўйинларнинг натижалари қуйидагича бўлди:
“Фурқат” — “Оқсувобод” – 7-0
“Ғайрат” — “Далабозор” – 6-0
“Орис” — “Қайнарбулоқ” – 4-0
“Софит” — “Янги ҳаёт” – 3-1
Турнирнинг очилиш маросимида бир қатор меҳмонлар ва мураббий (тренер)ларнинг елкаларига Бадриддин Нишонқулов ўзбекона чопонлар ёпди ва уларга ўз ташаккурини изҳор қилди.
Турнирда иштирок этаётган барча футбол жамоаларига омад ёр бўлаверсин, деймиз!

Суннатулла АКРОМОВ,
жамоатчи мухбир.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ