
Астана шаҳридан Қорабулоқнинг ёш футболчилари “Coca-Cola Билғары доп” республика турниридан ғалаба билан қайтишди. Уларни тантанали равишда Шимкент темир йул вокзалида вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси фаоллари, вилоят спорт бошқармаси раҳбарияти, ота-оналар, устозлар, футбол ишқибозлари кутиб олишди.
Астанада 2002-2003 йилларда таваллуд топган ёш футболчилар орасида “Coca Cola Былғары доп” номли турнир ўтди. Унда 16 та жамоа 4 гуруҳга бўлиниб, бош соврин учун яшил майдонга чиқишди.
Бизнинг вилоятдан чемпион команда “Қорабулоқ” футболчилари йўл олишди. Шу кунгача икки марта бош соврин билан қайтган футболчиларимизнинг чемпионлик унвонини сақлаб қолишлари талаб қилинарди. Евгений Монуленко шогирдлари гуруҳда 9 очко билан биринчи ўринни эгаллашди. Финалда Манғистау вилоятининг жамоасини 3:1 ҳисобида ютиб турган бўлишига қарамасдан, кейинчалик дарвозаларидан иккита тўп олиб чиқишга мажбур бўлишди – 3:3.
Ғолиб номи пенальтилар сериясидан сўнг аниқланди. Ва “Қорабулоқ” футболчилари рақибларини мағлубиятга учратиб, бош совринни 3-марта қўлга киритишди.
17 май куни қаҳрамонларимизни Шимкент темир йўл вокзалида футболчиларнинг ота-оналари, мураббийлари ва мухлислари тантана билан кутиб олишди.
Вилоят маслаҳатининг депутати, ЖҚВ ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Бадриддин Нишонқулов ва бошқа мартабали инсонлар ҳам ташриф ўша ерга буюришди. Футболчилар катта ютуқ билан табрикланиб уларга совғалар топширилди. Кейин бош мураббий Евгений Монуленконинг эгнига чопон ёпилиб, алоҳида миннатдорчилик билдирилди.
Биз, биринчи навбатда, жамоани доим қўллаб-қувватлаб келаётган вилоят маслаҳатнинг депутати Бадриддин Нишонқулов билан суҳбатлашдик.
– Бизнинг минтақамизда спорт анча ривожланган. Айниқса баскетбол, волейбол ва футбол… Ўзим ёшлигимда мактабда футбол ўйнаганман. Мактабнинг терма жамоасида тўп тепгандим. Вилоят турнирларида иштирок этгандик. Тадбиркорлик билан шуғуллана бошлаганимдан сўнг, ёшлар жамоасига ҳомийлик қилиш имконияти пайдо бўлди. 2007 йилдан бошлаб, командага ҳомийлик қилиб келамиз. Иккинчи марта ташкил топган ёшлар жамоамиз аъзолари, мана, 3-марта чемпионлик унвонини қўлга киритишди.
Биз сўнгги пайтларда машғулотларни кучли тарзда ўтказмоқдамиз, шунинг эвазига болаларимиз ижобий натижаларни кўрсатишни бошладилар. Жамоамизда кучли футболчилар бор. Улар бугунги кунда «Coca Cola Былғары доп» турнирининг 3 марта ғолиби. 3 марта иштирок этиб, барчасида муваффақият қозонишди.
Албатта ёшлар учун Жануб минтақасидан пойтахтга бориб, ғолибликни қўлга киритиш осон эмас. Гуруҳда пойтахтнинг иккита жамоаси иштирок этди. Лекин шунга қарамасдан, ўйинчиларимиз барчасини яхши уддалашди.
– Бадриддин Икромжон ўғли, сизларда бошқа футбол жамоаларингиз ҳам бор. Улар қандай натижа кўрсатишмоқда?
– Бошқа жамоаларимиз бугунги кунда Қорабулоқ футбол федерациясининг лигасида иштирок этишмоқда. Бизда 12 та клуб бош соврин учун ўйинлар ўтказишади. Бу бешинчи марта ўтказилаётган турнирда Манкент, Оқсувкент қишлоқларидан командалар, Шимкент шаҳридан легионерлар иштрок этишмоқда. Натижалар ёмон эмас.
Мазкур муносабат билан, жамоа бош мураббийи Евгений Монуленкони суҳбатга тортдик.
– Турнир борасида фикрларингизни билдирсангиз?
– 16 та команда 4 та гуруҳга бўлинишди. Мусобақа жиддий назоратда ўтди. Гуруҳ ғолибларигина плей-оффга йўлланма олишди. Биз 9 очко билан келгуси босқичга чиқиб, якунда финалга йўлланма олдик. Рақибларимиз Манғистау вилоятининг футболчилари эдилар. Биринчи таймда 3:1 ҳисобида олдинга чиқдик. Аммо ўйин якунигача улар ҳисобни тенглаштиришди.
Пенальтилар сериясида биз 11:10 ҳисобида ғалаба қозондик. Барча ўйинчиларимиз икки мартадан зарба йўллашди. Мусобақанинг мавқеи ўзгариб, кучли жамоалар келишди. Йигитларимиз характер кўрсата олишди.
– Ғалабанинг сири нимада? Қорабулоқнинг оддий йигитлари 3-мартаям чемпион бўлишди!
– (Кулади). Сири нимадалигини, майли, айтаман. Бу тинимсиз машғулотларда. Барчаси режа бўйича амалга оширилади. Биз битта турнирнинг савиясига қараб, яхшилаб тайёргарликни кўрамиз. Шогирдларимизнинг мактабдан қолмасликларини, машғулотларни ўтказиб юбормасликларини назорат қиламиз. Ҳомийларимиз бизга тўплар олиб беришди, футболчиларнинг либосларини ҳам таъминлашмоқда. Барчаси текин.
– Болаларни бошқа мактаблар олиш ниятидами? Вилоятда футбол мактаблари бор.
– Ҳа, ҳозирги кунда 7 нафар футболчимизни шаҳарнинг 7-сонли спорт мактаби таклиф қилмоқда. «Ўрдабаси» жамоасида 4 нафар ўйинчимиз бор. Биз Шимкентдаги жамоаларнинг сафларини тўлдирмоқдамиз. Улар вақти келиб, профессионал мусобақаларда иштирок этишади.
Тўлқин БАКИРХЎЖАЕВ тайёрлади.

