Эркак ўзига керакли нарсани уйидан топа олмаса, кўчадан топади.
(Муаллим сўзи).
Бунинг сабаблари бисёр: жумладан, ёшлар келин-куёв бўлиш илмларидан бехабар, нима мақсадда оила қураётганликларини билишмайди. Баъзи келинлар янги хонадонга келгач, ўзга шароитга ўргана олишмайди. Ёш пайтида юпқа кийиниб юришганлиги сабабли, баданларини совуқ қоплаб, бетобланишади, оқибатда она бўлишолмайди.

Кўчада юрганингизда қизларнинг уст-бошига, кийинишига разм соласизми, айниқса қиш фаслида, совуқ кунларда? Автобус бекатида, ялангбош, қалтираб турган қизларни кўриб, асабийлашаман: «Шуларнинг ҳам онаси бормикан?» – дейман. Эссиз ёшлик, ундайлар, албатта ўзларига бир дард орттириб олишлари аниқ. Бу тоифадагилар келинлик бурчларини бажара олишмайди, соғликларини йўқотишади.
Оналар қизларига уй ишларини, оддийгина овқат пишириш, кир ювишни ўргатишмаган ва ушбу хусусда гап кетса: «Бошига тушганида ўрганиб олади» – дейишади. Қизларга уй ишларини ўргатиш қайнонанинг вазифасига кирмайди, бу, аввало, оналарнинг бурчи, шуни унутмайлик!
Куёв бола эса, бирор ўзга хонадонда ширин таом еб қолса: «Менинг хотиним ҳам овқатни ана шундай ширин қилиб пиширса эди» – дея ҳаваси келади. Энди қайноналар-чи? Сабр билан келинига уй ишларини ўргатадигани ҳам бор, кунда ўғлига ёмонлаб турадигани ҳам бор. Баъзи бойвачча қайноналар ўғлидан аввал, келинига ўзи жавоб берворади, уйига ҳайдаворади. Натижада эркак гангирбош бўлиб қолган, онасининг айтганини қилсинми ёки хотинининг тарафини олсинми?!
Айримлари бутунлай бошини олиб, уйидан чиқиб кетгиси келади, ана шундай қалтис пайтда у ўзга аёлнинг тузоғига илинади. Ширин-ширин фарзандлари, ҳатто, ота-онасини унутиб юборади, ҳеч кимни кўргиси келмай, кўнгилхушлик билан банд бўлиб қолади. Чунки кўнглига ёққанини топади-да.
Яна бир сабаби: ўзбекман, дея ғурурланамиз-у ёмон урф-одатларимиз бор. Бировнинг қизини қул қилиб ишлатгимиз келади. У эрталаб ишга кетади, дея аямаймиз. Баъзи қайноналар: «Ўтир, овқатингни еб ол, кейин қиласан ишингни» – дея айтмайдилар.
Тирик жон бор-ки (инсонлар, ўсимликлар, ҳайвонлар) барча-барчаси МЕҲРга зор бўлишади. Тувакдаги сўлиб турган гулга сув қуйинг-чи, яшнаб кетади. Баъзи тоифа келинлар бор, севган йигити қолиб, ота-онаси узатиб юборган йигит билан турмуш қурган. Ундайлар ҳамиша ҳаммага тунд юзли бўлади, яйраб яшнамайди. Севгани кўз олдидан кетмайди, жони азобда (бечораларга увол, менинг раҳмим келади). Жуфтига совуқ муомалада бўлади, мажбуран яшайди, уни ҳеч нарса қизиқтирмайди, оч қолаяптими, оғрияптими?
Кўриниб турибди-ки, бу эркакка ёқмайди. Натижада фоҳиша аёл бўлса ҳам, майли, кўчадан хурсанд бўлиб, хоҳлаган пайтида келади, ҳатто, тунаб қолади.
Хўш, юқоридагидек вазиятларда ким айбдор — эркакми ёинки аёлми? Ўзингиз таҳлил қилиб кўринг-чи?
Бундан узоқ йиллар муқаддам чимкентлик таниқли кинорежиссёр, актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Исамат Эргашев «Темир хотин» номли фильм яратди, нима учун шу фильм дунёга келди, биласизми? Чунки муаллиф ўзбек аёлининг оғир меҳнатини кўриб қайғуради, унга ёрдам бергиси келади. Ўзбекистон қишлоқларида пахта терими мавсумида ғўзанинг ичида кўзи ёриган аёллар бўлган (Ўзбекистонда 10 йил яшаганман).
Менимча, бу – даҳшат, боланинг дунёга келиши осон бўлибдими? Аёл зоти ўлим билан курашиб, болани дунёга келтиради. Эркаклар бор — уй ишларига қарашгани онасидан қўрқади, негаки, улар бунга рухсат бермайдилар. «Ишдан чарчаб келдинг ўтир, ўзи қилади» – деб турадилар. Бундай пайтларда эркак онасига тушунтириши лозим, келин ҳам чарчайди, оғрийди бошқаларга ўхшаб, ахир, у темир эмас-ку.
2015 йил сентябрь кунларидан бирида пахта мавсуми пайти енгил машинада Андижонга кетаётиб, бир гуруҳ теримчи хотин-қизларнинг ерда ўтириб тушлик қилаётганларига кўзим тушди. Ундайлар қандай қилиб эрига ёқсинлар? Уларнинг соғлом бола туғишлари ҳам амримаҳол. Юзлари сўлғин, бармоқлари тирналган, қорайиб, озиб-тўзиб кетишган.
Учинчи сабаб: баъзи келинларимиз бор — ҳеч ўзларига қарамайди. Ишламайдиган инсон бор эканми, ҳамма ишлайди, оз-моз пардоз учун (эрталаб) 10-15 дақиқа кифоя. Турсуной Содиқова айтганидай, умрида қоши ўсма кўрмаганлар бор орамизда. Бу борада тошкентлик қиз-жувонларга тенг келадигани йўқ. Гўштсиз овқат еса ҳам, чиройли бўлиб юришади.
Кўзга сурма қўйиш – кўриш қувватини ошириб бораверади. Ўтмишда момоларимиз кўзларига ҳамиша сурма суриб юришган. Шу боис, кўз касалликларидан шикоят қилишмаган.
Бир тоифа келинларимиз бор: кундузги сигир соғадиганда, кечаси ухлаганда киядиган кийимлари алоҳида-алоҳида эмас, устидан тезакнинг ҳиди келади. Шундайлар эрлари тугул бошқаларга ҳам ёқмайди. Эркак зоти ўзига қараб юрадиган, хушбичим, шарм-у ҳаёли аёлларни ёқтиради, шу боисдан ҳам: «Онангни отангга бепардоз кўрсатма» – дейишган.
Андижонда кўпгина эркаклар қизлари-ю келинларига ўсма экиб беришади. Айримлари ўсмани пиёлага сиқиб: «Аяси, бир пас ўтириб, қошингизга ўсма қўйиб олинг-чи? – дейишади-да, ойнакни ҳам, пиликни ҳам ҳозирлаб қўйишади. Айтмоқчиман-ки, аёлнинг чиройли бўлиб юриши ва соғлиги оилавий шароитга, уни қадрлайдиган жуфтига ҳам боғлиқ экан.
Ҳар қандай шароитда ҳам аёл ўзига оро бериб, озода, оқила ва чиройли бўлиб юрса, Оллоҳга ҳам ёқади. Аёл зотидан атрофдагиларга меҳр-муҳаббат, гўзаллик уфуриб туриши керак. Ёзувчи, табиб – А. П. Чехов: «Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак» – деган.
Алвасти бўлиб, бошяланг, кир халатда юрадиган аёлнинг қизи, келини ҳам, худди ўзига ўхшаган бўлиб вояга етади. Чунки фарзанд ота-онасидан андаза олади. Ота-она ўзи фарзанд учун кўргазмали қурол.
Қизларим! Ҳамиша чиройли бўлиб, ёшариб юринглар, токи жуфтингиз ўзгаларга қиё боқмасин, бу сизга ҳам боғлиқ. Чангда қолган гулга ўхшаб қолманг.
Дунёда гўзаллар кўп,
Гўзаллардан ўзарлар кўп.
Илоҳо, гўзаллик ҳар бирингизга ошно бўлсин, омин!
Яна бир сабаби: инсон зоти ҳар хил яралган. Орамизда шундай эркаклар бор, ароққа ҳирс қўйган, баъзилари қимор ўйнаса, жони ором олади, кўзига ҳеч нарса кўринмайди.
Яна шундай тоифалар бор: хотин-қизларга ишқибоз — кунда биттаси билан маишат қилиб келишни истайди. Юқоридаги тоифа эркакларга даво йўқ. Инглиз ёзувчиси Агата Кристи: «Ёмонни ўзгартиришга ҳеч кимнинг кучи етмайди» – дея бежиз айтмаган.
Аёл зоти чаманзордаги турфа гулларга ўхшайди. Ҳар бирининг ҳиди, таровати ўзгача. Ёмон эркак ҳар бир гулни биттадан узиб, ҳидлаб, хоҳлаган тарафига улоқтириб ташлашни истайди. Шу боисдан ҳам, ҳаётда хиёнатлар, ажрашишлар, отасиз гўдаклар кундан — кунга ортиб бормоқда.
Яна бир оғриқли томонимиз бор: агар келин тўшакда ётган оғир касал бўлса, жуфти унинг розилиги билан иккинчи хотинга уйланиши керак, бу хиёнатга кирмайди. Айрим келинларнинг фарзанд кўрмаслиги аниқ бўлса (шифокорлар томонидан аниқлангач), эркак иккинчи аёлга уйланса бўлади. Аммо биринчи турмуш ўртоғининг розилигини олиши шарт, илло: «Эр бермоқ – жон бермоқ» – дейишади. Фақат жуфтининг бахтини, фарзандларининг парвариши ва камолини ўйлаган оқила ва бағри кенг аёлларгина бундай мардона хулосага келишади.
Булар менинг шахсий фикрларим. Хўш, сиз нима деб ўйлайсиз: эркаклар нима учун хотинларига хиёнат қиладилар?!
Санобар ТУРСИМЕТОВА,
«ЧИМКЕНТ» ижодий уюшмасининг аъзоси,
педагог-психолог, жамоатчи мухбир.

