Алоқа | Обуна

120 нафар ўқувчи бепул ўқийди!

“NiK” ўқув марказида янгиликлар бисёр. Ўқув марказининг педагогик жамоаси тажрибали устозлар билан кенгайиб бормоқда. Шу билан биргаликда, ўқув маркази ичидаги ўтказилаётган кўрик-танловлар ўқувчининг илм олишга ўз-ўзини мустаҳкамлашида катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

dsc_0313

Президент дастурини таълим жараёнида қўллаш ва ривожлантириш мақсадида “NiK GROUP” компанияси “NiK” ўқув марказида Қорабулоқ, Орис, Кўлкент қишлоқлари барча мактабларининг 6-9-синфлари ўқувчилари орасида рус тили ва инглиз тилларини ривожлантириш мақсадида “Вакант”номли кўрик-танловини эълон қилганди.
Якшанба куни ана шу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими Қорабулоқ қишлоғидаги Фурқат номли мактабда бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз: мазкур кўрик-танловга ҳомийлик кўрсатган «NiK GROUP» компаниясининг президенти, вилоят маслаҳатининг депутати Бадриддин НИШОНҚУЛОВ.
Тадбир бошида “NiK” ўқув марказида фаолият юритиб, ёшларимизнинг билимли, доно, кўп қиррали бўлиб етишишлари учун ҳисса қўшаётган марказ ўқитувчиларига алоҳида таърифлар берилиб, эсдалик совғалари, пул мукофотлари топширилди.

dsc_0425

Ғолиб, дея топилган 120 нафар ўқувчилар “NiK” ўқув марказида рус тили ва инглиз тили курсларида 3 ой (бепул) грант асосида қўшимча билим оладиган бўлдилар.
Бадриддин НИШОНҚУЛОВ, вилоят маслаҳатининг депутати, танлов ташкилотчиси:
– Танловнинг ҳар уччала босқичи ҳам бўлиб ўтди. Уни ўтказишдан мақсадимиз: мактаблардаги рус тили ва инглиз тилидан қобилиятли ва билимли ўқитувчиларни, ўқувчиларни аниқлаш, ўқувчига билими ва қобилиятини амалга оширишда имконият яратиб бериш ҳамда дарсдан ташқари вақтларда ўқувчининг ижодий қобилиятини кучайтиришдан иборат.
Танловда 6-9-синфларнинг ўқувчиларидан ҳар бир бўғиндан 10 тадан ўқувчи, жами бир мактабдан 40 ўқувчи, яъни қўшимча таълим олмаётган, ўқув марказлари ва репетиторларга бормаган ўқувчилар иштирок этишди. Талабга жавоб бермаган ўқувчилар танловдан четлатилди.

Танлов 3 босқичдан иборат бўлиб:
1-босқич: кўрик-танлов иштирокчилари номзодини саралаш — тест қабул қилиш билан бошланди ва тест қабул қилишда 465 ўқувчи иштирок этди.
2-босқич: оғзаки нутқ бўйича саралаш босқичида 1-турда 343 ўқувчи иштирок этди. Улардан 182 нафари учинчи турда ўз билимларини кўрсатишди, улардан 120 нафари ғолибликни қўлга киритишди.

dsc_0300

Сайрам тумани маслаҳатининг депутати, Маҳмуд Қошғарий номидаги мактабнинг директори Сайдаҳмат Мирзаев бахтли раҳбарлардан бири. Сабаби, 120 нафар ғолиб ўқувчиларнинг 20 нафари, айнан у киши раҳбар бўлган мактабда таҳсил олади.
– Албатта ҳаяжонда турибман, сабаби, 20 нафар ўқувчиларимиз бепул сертификатга эга бўлишди. Мактабимиздаги рус тили ва инглиз тили ўқитувчиларининг ҳақиқатдан ишлашаётганига амин бўлдим.
Танлов ташкилотчиси Бадриддин Нишонқуловнинг камтарона фазилатларини ўзимда мужассам этган ҳолда, ўқувчиларимизнинг билимларини тобора орттириш учун ўқитувчиларга янаям кўпроқ имкониятлар яратиб беришни, қўллов кўрсатишни бугун мақсад қилиб қўйдим. – Сайдаҳмат ака Мирзаев қувончини яшира олмай, шундай дейди.
Бу бахтиёр инсоннинг ёнида Қаниш Сатбоев номидаги мактаб директори Абдураҳим ака Отахонов (15 нафар ўқувчиси ғолиб) ҳамда Тоштемир Рустемов номидаги 12-сонли гимназия мактабининг (9 нафар ўқувчиси ғолиб) директори Фахриддин ака Соғинбековлар бор. Улар ҳам саҳнага чиқишиб, ўқув маркази жамоасига раҳматларини билдиришди.
Бугунги кунда 40 нафар болага инглиз тилидан репетиторлик қилаётган Нафиса Мирзатоеванинг ўзи ҳали мактабда ўқийди. Шундай бўлса ҳам, интилувчан қиз билганларини ука-сингилларига ўргатишни ўзига мақсад қилиб қўйган, бир неча ойдан бери “NiK” ЎМ билан ҳамкорликда фаолият кўрсатмоқда. У инглиз тилини 5-синфдан бошлаб, ушбу ўқув маркази ўқитувчиларидан ўрганган.
– Мактабимиз директори Икром ака Аҳмедовга менга синфхона ажратиб бергани учун раҳмат. Бугунги танловда ўрин олганлар орасида шу мактабнинг ҳам ўқувчилари бор. Мен бундан ғоят хурсандман. Энди бепул ўқиш учун сертификат олган 120 нафар бола инглиз ва рус тиллари бўйича билганларини мустаҳкамлашади, – дейди ўқувчиларнинг ютуқларидан мамнун оҳангда.
Асли кўлкентлик, лекин бугунги кунда Сингапур шаҳридаги университетларнинг бирида докторантура бўйича ўқиб, Малазияда истиқомат қилаётган Ғайрат ака Мавлонқулов бизларга камчилик ва ютуқларимизни айтиб ўтди.

dsc_0384

– “Вакант” танлови ҳақида эшитгандим, лекин тақдирлаш маросими, айнан мен келганда бўлади, дея ўйламагандим, ушбу тадбирни томоша қилиш менга ҳам насиб қилибди, – дея ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирган Ғайрат ака собиқ ҳамкасблари ва Бадриддин Нишонқулов бошлаган бу ишдан мамнун.
– Йўлимиз осон бўлсин, узоғимиз яқин бўлсин, деган мақсадда автомашина ҳайдашни ўрганамиз, инсонлар билан мулоқот қилиш учун эса — тилни. Демак, инглиз ва рус тилларини бирор бир конкурсда иштирок этиб ғолиб бўлиш, натижасида хорижга бориб ўқиш учунгина эмас, аксинча, бошқа миллатлар билан гаплашиш жараёнида қийналмаслик, билимсизлик туфайли уялиб қолмаслик учун ўрганишимиз керак. Бугунги тадбирни кузатар эканман, ўқувчиларда, уларнинг ота-оналарида қўшимча дарслар, танловларга бўлган қизиқиш, олдинги йиллар билан тенглаганда, анча ўсган. Агар мана шундай давом этса, Қорабулоқда билим соҳаси бўйича тобора ижобий ўзгаришлар содир бўлаверади. – Ғайрат ака Мавлонқулов мана шундай дейди ўзини суҳбатга чорлаганимизда.
Қорабулоқлик устозларнинг устози саналмиш Комилжон ака Нишонтоев бу йил ўзининг табаррук 60 ёшини нишонлади. Бадриддин Нишонқулов “NiK” ўқув маркази очилган кундан бошлаб, шу ерда фаолият кўрсатаётган қадрли ўқитувчисига 50 нафар депутатлар номидан “Алғис хат” тақдим этар экан: “Устоз, иккимиз ҳали бўлажак физик олимларни тайёрлашимиз керак, соғ бўлинг, илм-маърифатга бахшида умрингизнинг ҳар бир куни қувончли, сермазмун ўтсин” – дея самимий дил изҳорларини тилади.
Ёш бўлишига қарамасдан, олдинга қараб интилаётган Ақмарал Исамиддин қизи Шалкеева ярим йил давомида кўплаб шогирдларнинг қалбидан жой эгаллаб улгурди.
– “Вакант” танлови давомида англаганим: рус ва инглиз тилларини ўрганишга қизиқадиган ёшлар жуда кўп экан. Бу танлов уларнинг ўқишга бўлган иштиёқларини янаям уйғотади, дея ўйлайман. Ғолибларга омад, – дейди Ақмарал.
Матлуба ТУЛАПОВА, 17-сонли мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси:
– Қизим: “Ойи, ҳали ғолиба бўлдимми, бўлмадимми билмадим-у, лекин 11 декабрь куни Фурқат номли мактабга бирга борар эканмиз, деганидан сўнг секин келавердик. Қизим Нигина ҳам шу танловда иштирок этиб, ўз билимларини синади. Буни қаранг, энди у ҳам грант асосида “NiK” ўқув марказида таҳсил оладиган бўлди. Қувончимиз чексиз, биз – ота-оналарга болаларимизнинг ҳаётда эришган ютуқлари ҳамма нарсадан муҳим. Фарзандларимизнинг билим эгаллашга бўлган қизиқишларини орттираётган NiK” ўқув марказидаги барча устозларга ота-оналар номидан раҳматимни айтаман.
Нигина КАМОЛТОЕВА, танлов ғолибаси, 17-сонли мактабнинг 6”А”-синф ўқувчи:
– Бу танлов мени янаям кўпроқ ўқишга, умуман бўш ўтирмасликка ундади. Танлов жараёнида кўп изландим, ўқидим, булар бекор бўлмади. Мен, энди бепул ўқийман!
Комилжон НИШОНТОЕВ, математика ва физика фанларининг олий тоифали ўқитувчиси:
– “Вакант” танлови эълон қилинган кундан бошлаб, ҳамкасбларим тинмай ишлашмоқда. Мактаб директорларига раҳмат, ўқитувчиларимизнинг ташаббусини қўллашиб, ўқувчиларининг ушбу танловда иштирок этишлари учун имконият яратиб беришди.
Учинчи турга ўта олмаган шогирдларим хафа бўлишмасин, сабаби, улар учун бир ойдан сўнг яна танлов ўтказилади. Ғолибларни эса, табриклайман ва ўқув марказимизда кутамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, айтадиганим: мол боқиш, деҳқончилик қилиш орқали пул топса бўлади, ваҳоланки, илмли бўлиб ҳам инсон кам-кўстсиз яшаши аниқ. Ёшим 60 га кириб, қандай қилиб бўлмасин, фарзандларимизнинг олий маълумотли бўлишлари, лоақал бир ҳунар эгаллашлари учун ундашимиз кераклигини янаям кенгроқ англаб етдим.
Биламиз, бу йил “NiK” ўқув марказида рус тили йили, дея эълон қилинди. Шу муносабат билан маъмурият кўпроқ рус тилига кўнгил бўлмоқда, малакали устозлар таклиф қилинмоқда. Ана шундай устозлардан бири – қирғизистонлик Равшан Содиқ қизи рус тили фанидан ўқувчиларга дарс бераяпти.
– “NiK” ўқув марказида иш қизғин экан. Мен улар билан танишиб чиқдим. Насиб қилса, кўп ютуқларни қўлга киритамиз, деган умиддаман. Кўплашиб, ҳамжиҳатликда ишлаб, рус тили йилини муваффақиятли ўтказамиз, деган умиддаман, – дейди Равшан опай.
Барча ғолиблар ва ғолибаларни чин дилдан табриклаймиз!

Эътибор САЙФИДДИН қизи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ