
1418 кун ўлим билан олишиб, курашнинг нақ ўртасида ёшлигини қурбон қилиб, жанг майдонларига отланганларнинг бугунда ҳаёт эканликлари қувонарли. Ачинарлиси, уларнинг сафи кун сайин камайиб бормоқда.
1941-1945 йиллари давлатимиздан 1 миллион 366 минг нафар киши урушга отланган бўлса, уларнинг 60 111 нафари жанг майдонларида ҳалок бўлиб, 764 989 нафари Ватанга қайтишган. Муқаддас Туркистон диёридан эса, 18 547 нафар йигитлар уруш майдонига отланишса, уларнинг, атиги 15 960 нафари ғалаба байроғини ҳилпиратиб, она-Ватанга қайтиш бахтига муяссар бўлишди. 2 587 нафари эса, ҳалок бўлганлар ва дараксиз кетганлар.
Уларни ҳурмат қилиш ҳозирги ва келажак авлодларнинг муҳим бурчимиздир. Айни сабаб билан бир неча қишлоқларга қўнғироқ қилиб, қаҳрамонлар билан боғланишни маъқул топдим. Ачинарлиси, аксар қишлоқларда Улуғ Ватан уруши (УВУ) қатнашчиларидан бирон киши қолмаган, айрим қишлоқларда эса, бўлгани билан анчагина соғликларини йўқотиб, тўшак тортиб қолишганини билдим. Азизлар, тинч ва осойишта ҳаётимиз асосчилари бўлган қаҳрамонларни асрайлик, эъзозлайлик!
Айни боис, навбатдаги суҳбатимизни Туркистон шаҳрига қарашли Чўрноқ қишлоғида истиқомат қилаётган бугунда ягона УВУ қатнашчиси бўлган Абдуғани бобо Саримсоқов билан ўтказдик. Бобо 1922 йили таваллуд топган. Нақ 20 ёшида армия сафига олинган йигит бир ойдан кейин уруш майдонига юборилади. То шундан 1944 йилгача Волокаламск шоссесида ва бошқа жойларда мардларча фашистларга қарши курашади.
– Ота-онамдан эрта айрилган ёш йигит эдим. Даставвал уруш майдонига жўнатишганида ўзимда бунчалар мардлик, қаҳрамонлик, қайтмас феъл борлигини билмасдим. Лекин ҳаёт ҳаммасини ўргатар, тарбиялар, шакллантириб борар экан. Сизга айтсам, шундай кунлар бўлди-ки, ҳалок бўлган юртдошларимизни жонсиз бўлсалар-да, ҳолдан тойганимизга қарамай, опичлаб, дарёнинг у томонидан бу томонига сув кечиб ўтиб, ўрмонларга яширардик. Сўнг, кечқурунлари уларнинг ҳужжатларини текшириб, манзилини аниқлаб, оиласига вафот этганлиги ҳақида хабар бериб турардик. Шундай қийин вазиятда ҳам бир-биримизни қўллаб-қувватлардик. Меҳр-оқибат кучли эди, – дейди Абдуғани бобо суҳбат чоғида.
Бобо, нафақат майдонда хизмат қилган, балки, қурол-яроғ ишлаб чиқариш заводида ҳам қобилиятини ишга солиб, маҳоратини кўрсатган. Шунингдек, шароити қийин кишиларга ёрдам қўлини чўзган. Уруш майдонида эса, қоқилса ҳам ҳақиқий йигитлардек қайта туриб, курашишда давом этган.
– Буни кўп ва хўп эслайман. Бир сафар елкамга ўқ текканида ёнимиздаги ёш шифокор йигит госпиталга етмасдан, йўлда ўқни пичоқ билан олиб ташлаганди ва биз қайтадан майдонга қайтгандик. Энди билсам, айни пайтда на оғриқ сезиларкан, на жон азоби, – дея ҳикоя қилади Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, чўрноқлик Абдуғани бобо.
Бобо уруш майдонида фашистларга қарши кураш чоғида тақдир тақозоси билан умр йўлдошини учратиб, у билан оила қуриб улгурган. Мунаввар она Саримсоқова ҳам уруш майдонида ҳамшира вазифасини бажарган фидоийлар қаторида бўлган.
– Бир гал Ленинград қамалида қолган сафдошларимизни қутқаргани борганимда раҳматли аёлимни учратдим. Жуда покиза инсон эди, ўртамизда 3 нафар: 2 нафар қиз, 1 нафар ўғил фарзандлар пайдо бўлди. Уруш тугаган йиллари қишлоғимиздаги вайронагарчилик, йўқчилик халқни анча қийнаб қўйганди. Шу боис, турмуш ўртоғим билан Россияда қолиб, 11 йил тинимсиз меҳнат қилдик, ўзимизни тиклагани маблағ йиғдик. Сўнг қишлоққа қайтиб, уй-жой қилдик. Мана, бугунда, фарзандларим ардоғида қарилик гаштини сураяпман, – деди А. Саримсоқов.
Умрининг, қарийб 95 баҳорини қаршилаётган Абдуғани бобо ўзининг серғайратлиги, шижоатлилиги, меҳнатга бўлган иштиёқи билан бўлса керак, шу пайтгача хотирасини йўқотмаган, гапиришлари тетик, атрофдагилар билан муносабати қувонарли. Асосийси, беш вақт намозини ўз вақтида ўқийди, тасбеҳ ўгиради, неваралари билан турли мавзуларда фикр-мулоҳаза юритади. 12 нафар невара, 10 нафар эвара, 2 нафар чевараси бор.
Наргиза ҒУЛОМОВА,
Айтжанов номли мактабнинг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

