Янгиланиш ва ўзгариш вақти келди!

Ҳар ким ўз устида ишлаб, қобилияти ва маҳоратини кўрсатадиган, дунёга давлатимиз номини танитишга ўз ҳиссасини қўшадиган вақт етди. Бугунда, Қозоғистоннинг бутун жаҳон бўйлаб тутган ўрни салмоқли. Шундай бўлса-да, уни янада юқори чўққиларга олиб чиқиш ҳар бир фуқаро учун муқаддас бурч саналажакдир.
Қозоғистон Республикасининг тўнғич Президенти Нурсултан Назарбаевнинг халқи муҳокамасига йўллаган “Келажакка нигоҳ: жамоатчилик онгини янгиланган тарзда шакллантириш” мақоласи тубида юқоридаги мазмунли ҳамда маъноли сўзлар тилга олинган.
Дарҳақиқат, ҳозирги давр бекорчилик билан турк ёки ҳинд сериалларини кўриб, вақтни-фурсатни бой берадиган замон эмас. Ҳар ким ўз устида мустақил иш бошлаб, уни ривожлантириб, дунё миқёсига олиб чиқадиган кунлар келди. Буни, аввало, келажак авлодимиз бўлган ёшлардан бошлаш мақсадга мувофиқдир. Оилада тўғри тарбияланган, мактабда сифатли билим олган, олийгоҳни ибратли тамомлаган ҳар қандай баркамол авлод вакили эса, давлатимизнинг равнақига ўз ҳиссасини қўшиши сўзсиздир.
Шунингдек, Элбошимиз халқини қўл қовуштириб ўтирмасдан, ҳаракатланишга, тиришишга, ўз устида ишлаб, ижобий натижаларни қўлга киритишга чорлайди. Қийинчиликларни енгиб ўтган ҳолда муваффақиятлар сари интилишга ундайди. Танқидни тўғри қабул қилиш келажакда хатоликларга йўл қўймасликнинг энг тўғри усули эканлигини алоҳида таъкидлайди.
Бир гап билан айтганда, бизга уйғониш, ўсиш ҳамда ривожланиш керак. Элбошимиз ўз мактубларидаям халқига мана шундай тушунчани етказишни мақсад тутди. Ҳолбуки, биз давлатимиз учун нима қилиб бера олаяпмиз? Ҳаммамиз биргаликда мазкур долзарб саволга жавоб топсак — нур устига аъло нур бўларди.
Биз ҳам, ўз навбатида, Элбошимизнинг улкан аҳамиятга молик мазкур мақоласига қўллов ва қувватлов кўрсатганимиз ҳолда вилоят, Туркистон ҳамда Кентау шаҳарларидан ташриф буюрган меҳмонлар, Қарноқ қишлоғининг хотин-қизлари иштирокида юз нафар кишилик аудиторияда: “Аёл гўзал — жамият гўзал, аёл бахтли — жамият бахтли!” – деган долзарб мавзуда семинар-кенгаш ўтказдик. Унда иштирокчилар томонидан жуда мазмундор, керакли, муҳим фикрлар билдирилди. Тадбир қатнашчилари бунга қўлдош-қувватдош эканликларини, айни ғоя келажакда ҳам бардавом бўлишини айтиб ўтишди.
Мақоланинг мавзуси, мақоланинг мазмуни жуда керакли масалалар доирасини қамраб олган ва улар кенг қамровли тарзда муҳокама қилинган. Уни ҳар бир фуқаро, албатта ўқиб чиқиши, бундан буёғига ўз фикрига эга ҳолда ҳаракатланиши, уни ҳаёт ҳамда фаолиятида дастуриламал қилиб олиши, жойларда тушунтириш ишларини олиб бориши жоиз, дея ҳисоблайман.

Дилдор ҲАБИБОВА,
Кентау шаҳар маслаҳатининг депутати.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ