Зиёда ўзининг тақдиридаги битикка тан бериб, эри билан ажрашди. Бир-бирини кўзи қиймаган оққушлар каби бир-биридан айрилдилар. Бунга сабаб: уларнинг фарзандлари бўлмади. Ахир, инсон умрининг мазмуни — унинг зурриёдларидир. Уларнинг тинч-осуда ҳаётдан воз кечишларига кўпгина миш-мишлар ҳам рўкач бўлди.

Кўп яхшилар орасида ёмонлар ҳам бор экан. Аввалига ёлғизликка кўника олмаган Зиёданинг кўз ёшларидан болишлар ҳўл бўлиб кетарди. Есир қайнсингилнинг уйда ўтирганлиги келинларга малол кела бошлади. Идиш-товоқлар бир-бирига урилиб, аҳён-аҳёнда жанжаллар бўлиб турарди.
Есири бор хонадоннинг деворида “қулоқ”лар ҳам кўпайиб кетаркан. Унинг ҳар бир босган қадами ҳисобли, ҳар дақиқаси ўлчовли эди. Акалари ҳам, беихтиёр, аёлларининг сўзларини маъқуллаганларини билмай қолишарди.
Бахтсизлик одамларга айтиб келмайди, ўлим ҳам. Зиёда ўзининг шу кунга тушишини билмасди. Бу ҳам бўлса, Оллоҳнинг иродаси. Уйдаги ур-тўполонлар ота-онанинг ҳам асабларини чарчатди. Олдиндан олиб қўйилган ер участкасига иморат тиклаб, ўзлари ҳам Зиёда билан биргаликда бўлакланиб кетдилар…
Туннинг алламаҳалида дарвоза томондан чақалоқнинг “инга”лаган овози келгандай бўлди. Кузнинг ҳавоси салқин келганидан ўрнига эртароқ чўзилган Зиёданинг уйқуси қочган эди. Ҳар хил хаёлларга берилиб ётгани учун гўдакнинг йиғи овозини тушида эшитаётгандай бўлди ўзича. Бироқ бу овоз такрор ва такрор эшитила бошлади.
Ота-онаси зиёфатга кетганлиги боис, минг қўрқув ва андиша билан эшикни очди. Қўрққанга қўша кўринади, деганларидек, Зиёда баттар қўрқиб кетди. Йўргаклари кўп йиғлаганлигидан ечилиб кетган норасида тиним билмай йиғларди. Ўзига бироз келгач, чақалоқни бағрига босиб, атрофига аланглади. Ҳеч ким кўринмаганидан кейин, уни кўтариб, уйига олиб кирди. Иссиқ печканинг олдига ётқизиб, дадасига телефон қилди:
– Дада, илтимос, дорихонадан таглик ва сунъий овқат олиб келсангиз…
Шошилганидан гапини ҳам тугата олмади. Унинг фикри-хаёли чақалоқни қандай кўндиришда эди. Телефондан йиғи овози эшитилгач, келинларга зарур бўлса керак, дея Аҳмад ака ҳам тезда айтилган нарсаларни олиб, уйига келди. Хаёлида келинларига инсоф кириб, уларни кўргани келибди, дея ўйлади. Уйдаги бегона чақалоқни кўргач, бошидан ҳуши учди.
– Буни қаердан топдинг, қизим? Айтдим, сенга сериал кўрмагин, деб. Шулар таъсирида бирор кимсанинг боласини ўғирлаб олмадингми? Онаси қаерда? Отаси ким?
Зиёда келинойларининг болаларини боқиб, ўрганиб қолганди. Гўдакнинг қорнини тўйдиргач, қайта йўргаклаб қўйди-да, бағрига босганича алла айтди. Қизининг аҳволига қараб турган Аҳмад ака жуда эзилди. Кўзларига ёш қалқиб, аста пичирлади:
– Бу кунларинг ҳам бормиди, Роббим? Охири билан қувонтиргин-да, ишқилиб. Ҳеч бандангни тирноққа зор қилмасанг нетарди, Оллоҳим…
Зиёданинг онасининг юрагини ҳам қўрқув, ҳам қувонч эгаллаб олганди. Қўрқишига сабаб: бу бировнинг боласи. Икки-уч кундан кейин қайтиб келса, хатосини тушунса, болани қайтариб беришга тўғри келади. Бу орада Зиёда болага ўрганиб ҳам қолади.
Фурсат ўтмасданоқ ўзи билан ўзи овора бўлаётган қизининг юзида қизиллик ва кулги пайдо бўлганди. У чақалоқни бағрига босар, чучук тилда у билан гаплашарди.
Болани олиб кетишса, Зиёданинг аҳволи нима кечади? Қувонган томони эса: боланинг онаси топилмаса, унга ҳужжатлаштириб бериш имкони бор эди. Аҳмад ака кўп йиллар ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида фаолият юритганди. Табиий-ки, бу борада таниш-билишлари ҳам талайгина.
Икки-уч кунгача кутишди, аммо онадан дарак бўлмади. Шундай соғлом, паҳлавондай ўғилни ташлаб кетган онанинг таърифига тил ожиз. Агар у аёлни она, дейишга лойиқ бўлса, албатта.
Барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, гўдакка Паҳлавон, дея исм қўйдилар. Бола Зиёданинг бахтига соғлом бўлиб ўсди. Жисмонан бақувват бўлганлиги учун, мактабда кўпгина спорт мусобақаларида иштирок этиб, совринли ўринларни олиб юрди.
Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, деганлари рост экан. Болалар билан бир муштлашувда у ўзининг кимлигидан хабардор бўлиб қолди. Оғзига келганини бўғзига ютмаган синфдоши Бахтиёрнинг чакагига мушт туширди. У ҳам оғриқнинг азобига чидолмай, бақира кетди:
– Кучинг менга етдими, ташландиқ? Сен кучли бўлсанг, туққан ота-онангни қидириб топардинг. Зиёда хола сенинг онанг эмас. Сен ташландиқсан. Сени улар боқиб олишган. Ишонмасанг, даданг қаерда эканлигини сўра, зўравонликдан бошқасини билмайсан, аҳмоқсан…
Паҳлавоннинг Бахтиёрнинг сўзларига қайтарадиган жавоби йўқ эди. Аҳён-аҳёнда отаси қаердалигини сўраб, хархаша қилганида онасининг жимгина уни бағрига босиб: отанг, албатта келади, болам, деганлари ёдига тушди. Бугун бунинг тагига етаман, дея ўйлади. Эшикдан ҳовлига киргач, раъйидан қайтди. Кайфиятининг йўқлигини сезган онаси қошида парвона эди.
– Болам, нега хомушсан? Бирон еринг оғрияптими? Биров билан уришдингми? Тезроқ ечина қол. Сенинг яхши кўрган овқатингни тайёрлаб қўйдим. Бўла қол, ўғлим…
Паҳлавон онасининг охирги сўзидан таъсирланди. Ўғлим! Бировнинг кўчага улоқтириб кетган боласини бағрига босиб, вояга етказган ушбу аёлнинг қалбини нега тирнасин. Агар у боқиб олмаганида итларга ем бўлармиди? Майли, ким бўлса ҳам ўз ота-онаси унга муҳим эмас. Уни жонидан ортиқ кўрадиган яқинлари, ойижониси бор, ахир.
…Паҳлавон ҳуқуқшунослик (юридик) факультетини аъло баҳоларга битирди. Зиёданинг турмуш ўртоғи иккинчи оиласидан ҳам фарзанди бўлмагач, шу остонага қайтиб келди. Ўғлига ваъда берилган ота ҳам шу ерда эди.
Тўй қилиш учун тайёргарлик бошланиб кетди. Зиёдани эса, тўй ташвиши эмас, бошқа нарса хавотирга соларди. Мусулмончиликда никоҳ ўқилаётган пайтда ҳақиқий отанинг исми айтилиши лозим, дейилганини эшитганди. Нима қиларини билмай, боши қотди. Барибир, ўғлига бор ҳақиқатни айтишга чоғланди. Бир куни кечки овқатдан сўнг гап бошлади:
– Ўғлим, менинг сенда гапим бор эди.
– Эшитаман, онажон, қулоғим сизда, – деди Паҳлавон.
– Сенга бу гапни айтишга кўп бора шайландим. Лекин дилингни оғритиб қўяманми, дея шу пайтгача индамагандим. Энди катта бўлдинг, сен бор ҳақиқатни билишга ҳақлисан, – дея бўғзига бир нарса тиқилгандай, ҳиқиллаб йиғлаб юборди.
– Ойи, сиз менга айтмоқчи бўлган гапларни аллақачон кўчадан эшитганман. Менга бунинг аҳамияти йўқ. Бола туққанники эмас, боққанники, дейилган-ку. Менинг онам сиз, отам эса, дадамдир. Ҳар ташландиқнинг тақдири меникига ўхшаса, ҳаммаси бахтиёр бўлардилар. Мен ўзимнинг тақдиримдан нолимайман. Сиздай меҳрибон онани менга ҳадя этган Оллоҳга минг бора шукроналар бўлсин, онажон!
Паҳлавон онасини бағрига босганича қучоқлади. Она-бола узоқ вақт сўзсиз турдилар.
Ҳар икковининг кўзларидан ёшлари тинмай оқарди. Онасининг дилида фарзандининг оқил ва меҳрибон бўлиб улғайганлигига шукроналик ҳисси уйғонса, ўғилнинг кўнглини ташландиқ эканлигининг армони қийнарди.
* * *
Оллоҳнинг тақдири олдида бандаси ожиздир. Дилбандларимизнинг кўнглида армон, ўксик қолмаслиги учун уларнинг тақдирига олдиндан қайғурайлик. Бизнинг хатоларимиз ва гуноҳларимиз каффоратини тўлашни уларнинг бўйнига илиб қўймайлик, азизлар.
Ҳар бир бола ўзгача бир олам. Уларнинг болаларча қилган эзгу ниятлари амалга ошмоғига Оллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин, иншооллоҳ!
Гулбаҳром АБАТОВА,
“Ижодкор” адабий бирлашмасининг аъзоси.
илиб қўймайлик, азизлар.
Ҳар бир бола ўзгача бир олам. Уларнинг болаларча қилган эзгу ниятларини амалга ошмоғига Оллоҳни ўзи мададкор бўлсин, иншооллоҳ!
Гулбаҳром АБАТОВА,
“Ижодкор” адабий
бирлашмасининг аъзоси.

