Нима учун бугунги кунда ўғил болаларнинг билим олишга иштиёқлари суст? Мактабларда ҳам уларнинг дарсларга қизиқишлари кам? Ана шундай саволлар билан қатор ҳамюртларимизга мурожаат этдик.

Қорабулоқ қишлоғи турғуни Вафодор АБАТОВ, 23 ёшда:
– Мактабга илк қадам қўйган пайтимда яхши ўқийман, дея ўйлардим. Бошланғич синфларда ўрта баҳога ўқидим. Кейин, нимагадир, ўқишга бўлган интилишим янада сусая борди. Видеостудияга ишга кирганимдан кейин эса, умуман китоб ҳам варақламай қўйдим. Туннинг бир пайтигача тўй-маъракаларни тасвирга муҳрлаш менга осон эмасди.
Бунда устозларимни ҳам, ота-онамни ҳам айбдор ҳисобламайман. Чунки ота-онам доимо менинг яхши ўқишимни ҳоҳлаганлар. Олийгоҳга грант асосида ўқишга киришга кўзим етмади. Пул тўлаб, ўқитиш учун ҳам ота-онам рози эди. Аммо ўзим кўпроқ танлаган касбим билан шуғулландим.
Айрим қизлар билан суҳбатлашиб қолсангиз, сизнинг қаерда ўқишингиз, қайси касб эгаси эканлигингиз ҳақида сўрашмайди ҳам. Дадангизнинг қаерда ишлашини, қандай машинангиз борлигини, уйингизни бир кўриш орзусида эканлигини айтганлари энсангизни қотиради.
Мана шунинг учун ҳам, ҳозирги тенгдошларимизнинг кўпчилиги ўзларини пул топиш манбаи бўлган савдо шохобчаларига, бозорда олди-сотди билан овунтиришга ҳаракат қилишаяпти, дея ўйлайман.
Баъзида айрим ота-оналар: ўқиб, бизга шаҳар олиб бермай қўя қол, деган гапларни ҳам айтиб қоладилар. Бу — шусиз ҳам ўқишни унча хушламайдиган ўғил болалар учун мойдек ёқиши турган гап.
Оилада эркак жинсига мансуб инсонлар кўпроқ оғир меҳнатни ўз бўйнига олишади. Қўлида дипломи бор кўпчилик йигитларимизга иш топилмаяпти ўз соҳаси бўйича. Кейин интернет, ватсаппга муккасидан кетиш ҳозирда модага айланган. Айрим устозларнинг ҳам дарс давомида шу иш билан шуғулланишлари дарсларнинг зерикарли бўлишига олиб келади. Натижа эса, ойдан аниқ. Яна ўғил болалар айбдор…
Исмини сир тутган муштарий:
– Илгарилари директорнинг, унинг ўринбосарларининг ҳузурига кирасизлар, дейишса, юрагимиз қинидан чиқиб кетарди. Қанча шўх, ўйинқароқ бўлсак ҳам, яхши ўқиганмиз. Мактабни 120 ўқувчи битирган бўлса, деярли ҳамма ўғил болалар ўқишга кирарди, айримлари аскарликдан келиб ҳам ўқишарди. У пайтда билим бериш савияси юқори бўлганми ёки ўқувчиларни илмга қизиқтира олган устозлар кўп бўлганми, билмадим, яна.
Замонамиз тараққий этган бир пайтда қанча билим оламан, деса ҳам ёшларимиз учун имкониятлар мўл. Ўғил болаларга нисбатан қиз болаларимиз олдин ҳам, ҳозир ҳам аълочи ўқишда олдинги сафда. Олдинлари 30 та ўқувчининг 10 таси аълочи бўлса 8 таси қизлар эди. Ҳозир шу 2 та ўғил бола ҳам аълочи эмасдай, назаримда.
Халқимизда қўпол, лекин ҳақиқат бир нақл бор: “Эшакнинг юки енгил келса — ётағон бўлади” – деган. Ҳамма айбни ёшларга тўнкариб қўйиш ҳам нотўғридир, балки. Чунки эл бўламан десанг, бешигингни тузат, деганлар-ку. Уларни ёшлигидан ўқишга, меҳнатга ўзимиз тайёрлаб боришимиз даркор.
Саида ТЎРАНИЁЗОВА, уй бекаси, олти нафар боланинг онаси:
– Қизларнинг ҳозирги кунда кўпроқ ўқишга кираётганлигига улар ўғил болаларга нисбатан кўпроқ ўз устида ишлашга мойиллиги, тиришқоқлиги сабаб, дея биламан. Ҳозирги даврдаги ўғил болалар билан олдинги даврдаги болаларнинг фарқи от билан туядай. Олдинлари билим олиш учун бунчалик имкониятлар кенг очилган эмасди.
Уларнинг яхши ўқимаслиги, шунчаки, бир баҳона, дангасаликнинг янгича бир кўриниши, деб ҳисоблайман. Чунки ўқимишли йигит, саводли ота ҳеч қачон ишсиз қолиб кетмайди. Ўқиган савдогар билан ўқимаганининг фарқи шундоқ билиниб туради. Бунга оддий мисол: ўқиганлари ҳеч қийналмай олган харидингиз ҳисобини оғзаки ҳисоблаб беради, иккинчиси эса, ҳисоблагич билан ҳам тўғри ҳисоблай олмайди.
Бир сўз билан айтар бўлсак, илмли инсон ҳеч қачон хор бўлмайди.
Динара ЭРГЕШОВА, талаба:
– Ўғил болаларнинг ўқишга сабабсиз келмаслиги кўп кузатилади. Қаерда эдинг, деган устозларимизнинг саволларига тайинли жавоб бера олмайдилар. Ота-онаси уларни ўқитиб, оиласини бекам-у кўст тебратсин, дея пул сарфлашаяпти. Пулнинг ҳам, вақтнинг ҳам уволига қолмай, ўқимай қўяқолсалар ҳам бўларди, дея ўйлайман, баъзида.
Табиий-ки, улар ё телефон ўйнаб ўтиришади ёки қизлар билан айланишга борган бўлишади. Уларнинг ўз олдиларига қўйган мақсадларига билимсиз етишлари мумкин эмас. Қайтанга қизларимиз ўқишда пешқадам. Яхши ўқийдиган ўғил бола тенгдошларимиз мендан ҳафа бўлишмасин. Беш бармоқ баробар эмас, деганлар.
Азиз муштарийлар, мазкур мавзу юзасидан сизлар қандай фикрдасизлар?
Гулбаҳром АБОТОВА,
жамоатчи мухбир.

