Алоқа | Обуна

Сайрамлик асл инсон ҳам мутафаккири замон!

Турсунхўжа ҳожи Хонхўжаев 1933 йил 9 май куни дунёга келади. У кишининг отаси Хонхўжа дода, онаси Тожой аядир. Улар асл сайрамликлар (улардан Оллоҳ рози бўлсин).
Турсунхўжа ака 1951 йили Сайрамдаги Калинин номли ўрта мактабни муваффақият билан тамомлаб, ўша йили Тошкент Давлат педагогика институтига ўқишга киради ва мазкур олийгоҳнинг биология бўлимини 1955 йилда муваффақият билан тамомлайди.
Институтни тугаллагач, у ўзининг юртига – Сайрамга ишга келади ва у бутун умрини фарзандларнинг, ёш авлоднинг истиқболига бахшида этади. Турсунхўжа ака хизмат фаолиятининг 16 йилида мактаб директори, 28 йилида мактабларда илмий мудир лавозимларида хизмат қилади. У киши ўзининг ёрқин ҳаётини халқ маорифига, ёшларнинг келажагига бағишлайди.
Турсунхўжа аканинг жамоат ҳаётидаги, маҳалла турмушидаги фаол иштироки натижасида кўплаб хайр-саховат тадбирлари амалга оширилмоқда, бунёдкорлик-яратувчилик юмушлари адо этилмоқда, оилавий иттифоқлар мустаҳкамланмоқда.
Турсунхўжа ака миллатимизнинг урф-одатларини мустаҳкамлаш, она тилимизни ривожлантириш, маъракаларимизни миллийлаштириш борасида барча ўзбек этномаданият жамоат бирлашмалари миқёсида фаолият ҳамда жонбозлик кўрсатаётган миллатдошларимиздан биридир.
Ёши 84 ни қораласа ҳам-ки, у киши ижод қилишда ҳеч кимдан қолишмайди. Турсунхўжа ака айни кунларда ҳам “Жануб жарчилари” газетасининг жамоатчи мухбири сифатида барчани қойил қолдирадиган, ўйлантирадиган, тўғри йўлга даъват этадиган мақолалари билан муштарийларнинг кўнглидан чиқмоқда.
У киши 1999 йилда ўзи ҳамда 2004 йилда умр йўлдоши Марҳаматхон келинойи билан биргаликда ҳаж амалларини бажардилар. Турсунхўжа ака умр йўлдошлари — Озодахон ва Марҳаматхон келинойилар билан 9 нафар фарзандларни тарбиялаб, вояга етказдилар. Уларнинг ярми оталари изидан бориб, ўқитувчилик касбини танлаган бўлсалар, қолганлари эса, тиббиёт тизими ходимларидир (эслатма: ўнинчи фарзандлари Раънохон 2 ёшлигида хатолик туфайли вафот этган. Оллоҳ ундан рози бўлсин).
Ҳозирги пайтларда, деярли чорак асрдир-ки, у киши ўзининг диний-маърифий сабоқлари, маънавий-тарбиявий насиҳатлари билан, нафақат Сайрамда, балки, бутун Жанубий Қозоғистон ҳудудида маълум ва машҳурдир.
Турсунхўжа ака жамоат ишларининг кўплигига қарамай, ижод қилишда ҳам катта ютуқларга эришган ва эришаётган инсондир. У киши ўзининг шахсий ташаббуси ва раҳбарлиги остида 2010 йили Диёр Дилёр (Бердиёр Жумаев) қаламига мансуб “Сайрамлик дўстлар-улфатлар” китоби чоп этилишида жонбозлик кўрсатди ва ушбу йўналишдаям биринчилардан бўлди. Шунингдек, мазкур китобга масъул муҳаррирлик қилди.
2014 йили эса, муаллиф сифатида ўзининг “Кўрганларим, билганларим, эшитганларим” китобининг биринчи жилдини дунёга келтирди. Юқорида қайд этилган китобнинг иккинчи жилдини 2016 йили чоп эттиришга муяссар бўлди.
Турсунхўжа аканинг сербарака ҳаёти ҳамда серсамара фаолияти кўпчиликка ибрат ва намунага муносибдир. У кишининг камтарона, беминнат қилган ишлари Жанубий Қозоғистон ўлка қўмитаси, таълим бошқармаларининг фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо совғалари билан тақдирланган, “Меҳнат фахрийси”, Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 65 йиллиги, 70 йиллиги, “Жамоат фахрийси”, “Жамоат фидойиси” ва яна бир неча медалларнинг, қатор нишонлар ва унвонларнинг соҳиби, Сайрам қишлоғининг фахрий фуқаросидир. Диний анжуманларда фаол қатнашганлиги учун Республика, вилоят, туман диний бошқармаларининг кўплаб фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
“Жамоат ишларида бунчалик жонбозлик кўрсатишдан, китоблар ёзишдан, мақолалар чоп эттиришдан мақсад нима?”– дейилган саволга Турсунхўжа ака қуйидагича жавоб бердилар: “Ёшларимизга насл-насабимизни билдириш, ўтган ота-боболаримизнинг қандай умр кечиришгани, турмушга муносабатлари, ҳаёт қийинчиликларига бардошлиликлари, меҳнаткашликлари, ҳалолликлари, покликлари, кишиларга яхши муносабатларидан ёшларимиз ибрат олармиканлар, деган умиддаман”.
Мен Турсунхўжа ака ҳақида айрим зиёлиларнинг фикрларини қайд қилиш мақсадга мувофиқ бўлса керак, дея билдим. Булардан бири — халқаро журналист, публицист, шоир, Қозоғистон Республикаси “Дўстлик ҳамжамиятининг “Арғумоқ” адабий мукофоти соҳиби Бердиёр Жумаев:
“Турсунхўжа ака юзида фариштаси бор инсон ҳамда у киши замонамиз мутафаккирларидан биридир!” – дея таърифласа, Сайрам қишлоғининг ҳокими Ҳусанхон Аҳмадхонов: “Турсунхўжа ака Сайрам оқсоқолларининг оқсоқолидир”– дейди. Журналист Юсуфжон Сайдалиев: “Турсунхўжа ака ҳозирги давримизнинг фаоли ва фахри” – дея фикрласа, Сайрамдаги Юсуф Сарёмий номли 107-сонли гимназия мактабининг директори Баҳодир Нуралиев: “Турсунхўжа ака ҳамма устозларнинг устозидир”– дейди. Қозоғистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмаларининг аъзоси Ҳавазмат Қўчқоров: “Турсунхўжа акани, энг аввало, азиз ва муҳтарам устозим-мураббийим мақомида биламан. Ҳаётимда ва ижодимда нимагаки эришган бўлсам, барчасида у зотнинг ҳиссалари бор”– дея фахрланиб таърифлайди.
Турсунхўжа ҳожи акамиз юрт орасида яхшилик, эзгулик, хайр-саховат, меҳр-оқибат, аслият-қадрият уруғларини сочишдан ҳормаётирлар-толмаётирлар. У кишининг ҳаётидаги шиори қуйидаги ўзининг тўртлигида ифодаланган:

Ҳар бир киши ишига қараб,
Халқ олдида баҳосин олар.
Бу дунёда авлодлар учун,
Яхшилардан яхшилик қолар!

Мен ишонч билан айта оламан-ки: – Турсунхўжа акам ҳаётида ўзига ҳайкал ясаган ҳамда чуқур из қолдираётган ажойиб инсондир!
Ҳурматли Турсунхўжа ака! Сизни 84 баҳорингиз, таваллуд топган кунингиз, 9 май — Ғалаба байрами билан “Жануб жарчилари” газетасининг жамоатчилик кенгаши аъзолари, жамоатчи мухбирлари, газетанинг барча муштарийлари ва шахсан ўзимнинг номимдан чин кўнгил билан табриклайман!
Сизга Оллоҳдан оилавий бахт, соғлик-саломатлик, узоқ умр, ижодингизга юқори поғоналар, фарзандларнинг, невара-чавараларнингроҳатларини ва қизиқларини кўришингизни тилайман. Бизлар барчамиз сиз билан фахрланамиз!
Барча байрамлар сизга ва ҳаммамизга муборак бўлсин, қадрдонларим!

Эркин АБДУНАҚИБОВ,
“Жануб жарчилари” газетаси таҳририяти ҳузурида ташкил этилган жамоатчи мухбирлар уюшмасининг жамоатчилик кенгаши раиси.
Шимкент шаҳри, Сайрам даҳаси.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ