
Рўзага доир масалалар
Барча ибодатлар каби рамазон рўзаси ҳам бузилмасдан адо этилса, қабул бўлади. Шунинг учун унга тааллуқли масалаларни билиб олиш керак бўлади.
Рамазон ойи рўзаси ниятсиз дуруст бўлмайди. Рамазон рўзасига қуёш ботганидан кейинги кун чошгоҳигача (агар тонг отганидан бу вақтгача еб-ичмаган, жуфти билан яқинлик қилмаган бўлса) ният қилиш мумкин. Саҳарда туриб, бир қултум сув ичиб ёки бир бурда нон еб, саҳарлик қилиш мустаҳабдир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бордир” – деганлар.
Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин! Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта: “Мен рўзадорман” – десин.
Оллоҳга қасам-ки, рўзадор оғзининг ҳиди Оллоҳ наздида мушки анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Оллоҳ таоло: “Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, унга Ўзим ҳисобсиз савоб бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир” – деган». (Имом Бухорий).
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким рамазон рўзасини фарзлигига ишониб, савоб умид қилиб тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади” – деганлар». (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий, Аҳмад).
Савоби ҳисобсиз
ибодат
Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Рамазон келса, жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади” – дедилар». (Бухорий, Муслим, Термизий).
1. Саҳарлик бомдод намозининг ўқилишига 10 дақиқа қолганида тўхтатилади.
2. Ифторлик вақти бўлган заҳоти оғизни сув ёинки хурмо билан очиш керак.
3. Фитр-садақани рамазон ойининг бошидан ҳайит намозигача бериш зарур.
4. Июнь ойининг 21-санасидан 22-санасига ўтар кечаси муқаддас “Қодир туни”.
Рўза тутиш (оғиз ёпиш) дуоси
Навайту ан асума совма шаҳри рамазона минал фажри илал мағриби, холисан лиллаҳи таъала. Аллоҳу акбар.
Маъноси: — Рамазон ойининг рўзасини субҳдан, то кун ботгунча тутмоқни ният қилдим. Холис Оллоҳ учун. Оллоҳ буюкдир.
Ифторлик (оғиз очиш) дуоси
Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аъла ризқика афтарту, фағфирли йа ғоффарума қоддамту ва ма аххорту бироҳматика йа арҳамар роҳимийн, Аллоҳу акбар.
Маъноси: — Эй Оллоҳ, ушбу рўзамни Сен учун тутдим ва Сенга имон келтирдим ва Сенга таваккал қилдим ва берган ризқинг билан ифторлик қилдим. Эй гуноҳларни афв этгувчи Зот, менинг аввалги ва кейинги гуноҳларимни мағфират қилгил.
Эслатма: — Бу йил, яъни 2017 йилда мусулмон тақвими жадвали бўйича рамазон 29 кунни ташкил этади.
Рамазон ойи рўзаси балоғатга етган, ақли расо мусулмонга фарздир. Лекин зиммаларига рамазон рўзаси фарз бўлганлардан айримлар бу ой рўзасини тутишдан қайтарилганлар.Масалан, ҳайз ва нифосдаги аёлларга рамазон кунларида рўза тутиш дуруст эмас. Мусофирлар ва оғирлашиб қолишидан қўрққан касал кишилар эса, рамазон ойида рўза тутмасликлари мумкин.
Шунингдек, ҳомиладор ё эмизикли аёл рўза туфайли ўзига ёхуд боласига зарар етишидан қўрқса, рамазон ойида рўза тутмайди. Бу саналганлар узрлари кетгач, рамазон ойида тутмаган рўзаларини кейин, қазо қилиб, тутиб берадилар. Рўза тутишга кучи етмайдиган чоллар ёинки кампирлар ҳам рўза тутмасалар бўлади. Улар рамазон ойининг ҳар бир куни учун фитр садақаси миқдорида фидя берадилар. Бу вожибдир.
Демак, рамазон ойида рўза тутиш соғлом ва муқим кишиларга фарздир.

