Аёл тадбиркор бўлиш енгилми? Мақсад нима ҳамда унга етиш учун нима қилиш керак?
Уч кун давомида Қорабулоқ. Орис ва Кўлкент қишлоқларидаги 3 та мактабда “Бизнес ва ижтимоий тадбиркорлик” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Америка Қўшма Штатлари консуллиги томонидан таъсис этилган грантни қўлга киритган Назарбаев университетининг 3-курс талабаси Холида Холдорова мазкур тренинг ташкилотчисидир. У 2013-2014 ўқув йиллари давомида “FLEX” дастури асосида бир йил АҚШда билим олиб қайтди. Ҳозирда у мазкур нуфузли олий ўқув юртининг жаҳон тиллари факультетида таҳсил олаяпти.

Холида ХОЛДОРОВА, Назар-баев университети талабаси:
– 2016 йилнинг сентябрь ойида Америка консуллиги томонидан уюштирилган танловда ўз лойиҳам асосида 250 АҚШ долларини қўлга киритдим. Мана шу пулни қишлоқ ўқувчилари учун қандайдир бир фойдали иш йўлида сарфлагим келди. Шу сабабли, уч қишлоқда: «Бизнес ва ижтимоий тадбиркорлик» – дея номланган семинар-тренинг уюштирдим. Айнан мана шу мавзуни танлаганимнинг боиси шунда-ки, шу йилнинг июль ойида ўзим Бишкек шаҳрида шундай 1 ҳафталик семинарда қатнашдим ва кўпгина нарсалар ўргандим. Кейин худди шундай семинарлар бизнинг қишлоқ ўқувчиларига ҳам фойдали бўлишини тушундим.
Семинар 12, 13, 14 декабрь кунлари Қорабулоқ, Орис ҳамда Кўлкент қишлоқларида бўлиб ўтди. Семинарда Жанубий Қозоғистон вилоятида омадли бўлган тадбиркорлар ўз ютуқларининг сирлари билан бўлишдилар.
“Лидер” ўқув марказининг директори Одилжон Абдувалиев касбни тўғри танлаш нақадар муҳим эканлиги ҳақида гапирса, “Жануб жарчилари” медиахолдинги директори Гулираъно Расулова омадли тадбиркор аёл (бизнесвумен) бўлиш учун қандай хислатларга эга бўлиш кераклиги ҳақида сўзлади.

Гулираъно РАСУЛОВА, “Жануб жарчилари” медиахолдинги директори:
– Албатта ушбу мавзу ёшларимиз учун янги ва яхши ўзлаштирилмагандир. Айниқса ижтимоий тадбиркорлик ибораси улар учун тушунарсиз мавзу. Умуман тадбиркорликни нимадан бошлаш керак, қандай фазилатларни сингдириш кераг-у қайсиларидан йироқ бўлиш зарур? Булар ҳақида ўқувчилар кўплаб саволлар беришди. Демак, уларга ушбу мавзулар қизиқ. Ахир, буни мактабда ўргатишмайди.
Мазкур тренингни уюштирган Холида Холдоровага алоҳида миннатдорчилик билдираман. Ўзи туғилиб ўсган қишлоғи, билим олган мактаблари ўқувчилари учун шундай тадбир уюштириш мақтовларга лойиқ. Бўлажак ижтимоий тадбиркор, дея уни айтсак бўлади!
“НиК” корпорациясининг президенти Бадриддин Нишонқулов аниқ мақсад қўйиш, унга етиш учун нималар қилиш керак? Нимадан воз кечиш керак, қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида йигит ва қизларга ҳикоя қилди. Вақтдан унумли фойдаланиш, кўп ва пухта билим эгаллаш ва ҳар доим янгиликларга қизиқиш, изланиш ва меҳнат қилиш – келажакдаги омаднинг гаровидир, дея ҳисоблайди тадбиркор.

Бадриддин НИШОНҚУЛОВ, тадбиркор:
– Бугунги кунда ҳисоб рақамида кўп пуллари бўлган инсон омадли тадбиркор эмас. Ҳар куни билим эгаллаб, ана шу илмлари халққа фойда келтирадиган инсон омадли бизнесмен саналади.
Бизнеснинг ижтимоий масъулияти, деган тушунча бор. Яъни тадбиркор ижтимоий лойиҳаларда иштирок этиб, халққа ёрдам бериши керак. Бугунги семинар-тренинг ҳам, айнан шу мавзуга бағишланган экан, унда иштирок этаётганимдан хурсандман.
Биз ўз вақтида тадбиркорликни бошлаганимизда бизга ҳеч ким ўргатмаган, ҳозир эса, кўплаб тренинглар, ўқитиш дастурлари, китоблар бор. Мана, бугунги тадбир ҳам шулар жумласидан.
Ҳозир ҳар куни дунё ўзгариб бораяпти, кеча олган билимларимиз бугун ва эртага эскириб қолаяпти. Шунинг учун, ҳар доим ўқиш, билимларни мукамаллаштириб бориш керак.
* * *
Уч кун давомида 300 нафар мактаб ўқувчилари керакли ҳамда фойдали маърузаларни тингладилар. Тадбиркор Раимқул Тожиметов, “НиК” ўқув марказининг директори Абдулла Анорметов, «Болашақ» ўқув марказининг директори Жуманқул Тошпўлатов ҳамда компьютерлаштириш ва программалаштириш соҳаси бўйича PhD илмий унвонини Малайзияда ҳимоя қилиб қайтган доктор Ғайрат Мавлонқуловлар ҳам қизиқарли суҳбатларда иштирок этдилар.
Уларнинг эришган ютуқлари, бу борада кўрган қийинчиликлари ёшларга ўзига яраша сабоқ мактаби бўлиши, шубҳасиз.
ШАҲЗОДА.

