“Дўстлик карвони” – қардошлик армуғони, бирдамлик нишони!

Фикрлар, мулоҳазалар, таассуротлар…

Кузатишлар, амин бўлишлар, ҳайратланиш ва ўрнак олишлар…
ҚХАнинг қўллови, Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Дониш Маннотовнинг ғояси, Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Бадриддин Нишонқулов ҳомийлиги ва раис ўринбосари Самандар Низомов ташкиллаштируви билан ўтказилган “Дўстлик карвони” эксклюзив саёҳатида саёҳатчилар Шимкент, Туркистон, Тошкент, Самарқанд, Навоий ва Бухоро шаҳарларига саёҳатга боришиб, айни шундай манзараларнинг гувоҳлари бўлишди. Улар билан бир бор суҳбат қурар экансиз, қалбларида жўш ураётган қувноқ ҳиссиётларни кўрасиз.
Биз қуйида улар билан бўлган айрим суҳбатларни сиз – азиз муштарийларимиз билан ўртоқлашишни лозим топдик.

Раимжон ҚЎЧҚОРОВ, Туркистон шаҳридаги Отатурк номли мактабнинг устози:
– 2012 йили 2 май куни ҳам шундай саёҳат ўтказил-ган эди, лекин саёҳатчилар Бухоро шаҳрига боришмаган.
Бизларни Шимкент шаҳрида — муҳтарам президентимиз Н. Назарбаев очиб берган ҚХА биноси қаршисида Қозоғистон Халқи ассамблеяси вилоят бўлимининг ходимлари қарши олишди, вилоятдаги барча ОАВ ходимлариям ўша жойда ҳозир бўлишди.
“Дўстлик карвони”нинг сафари жуда катта сиёсий аҳамиятга бой тадбир бўлди. Тарихда иккинчи марта қозоқ ва ўзбек қардошлар биргаликда дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи ва тарбиявий моҳияти бой саёҳатга йўл олишди. Бу қанча фахрланиб, тўлқинланиб гапирсак арзийдиган воқеадир.
Вилоятимизда истиқомат қилаётган қозоқ-ўзбек қардошларнинг 50 нафардан ортиғи Самарқанд — Бухоро сафаротидан таассуротларга бой ҳолда қайтишди. Атаб айтсак, Ўзбекистондаги қозоқ бийларининг, хусусан, Тўлебий ва Айтеке бий, яна Ялангтўш Баҳодирнинг хоклари ётган жойларни кўриб, улар ҳаққига дуолар қилинди. Сўнг Самарқанд шаҳрида дафн этилган Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов мақбарасига бориб, Қуръон тиловатлари ўқилди. Бу ҳар иккала миллатнинг бир-бирларига бўлган ҳурмат-эҳтиромларининг бир кўриниши эди.
Шунингдек, қўшни Ўзбекистон давлатида 396 та қозоқ мактаблари, 4 та олий ўқув юртлари, 10 тадан кўпроқ ўрта махсус билим муассаса (коллеж)лари мужассамлиги, қозоқ тилида газета ва журналлар, теле ва радиоканалларнинг мавжудлиги қозоғистонликлар учун ўзгача фахр-ифтихор туйғусини уйғотди. Аслида ҳам икки давлат дўстлиги сиёсати мана шу кўринишда ўз аксини топаяпти.
Яна биз – саёҳатчилар Ўзбекистондаги Нурота, деган тоғлик жойга бордик. У ерда Айтеке бий дафн этилган бўлиб, аввалда ўша масканда ўзбек-қозоқ бир эл, бир халқ бўлиб, аҳилликда тил топишгани, Тўлебийнинг Шайх Хованди Тоҳур исмли авлиёга шогирд тушгани, вафотидан кейин шу ерга дафн этишни васият қилганлиги ҳақида нақд маълумотлар жамламаси билан танишдик. Бу эса, Айтеке бий ва Тўлебий хокларининг нега у тарафларда ётганлиги юзасидан пайдо бўладиган саволга бериладиган аниқ жавобдир.
Очиғини айтганда, менинг ўзим Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртида 5 йил таҳсил олганман. Қолаверса, саёҳатларга тез-тез чиқиб тураман. Лекин қозоқ бийларининг ётган жойлари, улар ҳақида сақланган маълумотларнинг кўплигини билмаганман ҳам кўрмаганман.
Лекин, эндиликда вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Бадриддин Нишонқулов ҳар иккала давлат учун мана шундай дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи иккинчи қадамни ясаб берди.
Бундан намуна олган ўзбекистонликлар, орага ҳеч қанча вақт солмай, биз томонга сафар қилишди. Жорий йилнинг 15-16 май кунлари 50 нафар ўзбекистонлик Қозоғистон диёрига келишиб, мақбаралар ва мавзелар билан танишишди. Бу жуда яхши натижа.
Демоқчиман-ки, вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси бошлаган иш келажакда икки давлат дўстлигининг сиёсатини кучайтириб, янада мустаҳкамлайди.
Ҳаммаси учун Д. Маннотов, Б. Нишонқулов ҳамда С. Низомовларга айтар раҳматимиз чексиз!

Дўстлигимиз абадий бўлсин!

Балғабай НАҚИПОВ, Туркистон шаҳрининг фаҳрий фуқороси, саёҳатчи:

– Миллатлараро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бирлик “Дўстлик карвони” саёҳатида яна бир карра ўз исботини топгандек. Ушбу сафар тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан битилса ажаб эмас.
Боиси, биз – қозоқлар ушбу саёҳат орқали жуда кўп нарсаларни кузатиб, амин бўлдик, намуна олдик. Хусусан, Ўзбекистондаги қозоқ этномаданият жамоат бирлашмаси раиси камтарингина йигит Ҳамза Холмуродов бизни чегарадан кутиб олибгина қўймай, 5 кунлик саёҳатимиз давомида ёнимиздан қолмади. Ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, илтифотда бўлди.
Хуллас, айтаверсак — гап кўп, таассуротлар кучли. Менга энг ёққан ва ёдимда узоқ сақланган нарса, бу – Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек расадхонасидаги юлдузларни кузатиш учун яратилган асбоб бўлди. Унинг тарихи билан теран таниша туриб, бугунги кун, яъни XXI аср технологиялари билан текширилаётган осмон жисмлари 1400 йиллари Мирзо Улуғбек ўтказган тажриба маълумотлари билан, деярли бир хил. Бундан кўриниб турибди-ки, демак, ўша пайтларда ҳам илм-фан яхшигина ривожланиб, равнақ топган.
Саёҳат таассурот ва мазмун-маънога бой тарзда ўтди. Булар ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда оммага намуна этиб кўрсатилса — нур устига нур бўларди.

Дилмурод НАРМЕТОВ, Эски Иқон қишлоғи, нафақадор:
– Мен саёҳат одамиман, десам янглишмайман. Совет даврида ҳам, ундан кейин ҳам бир қанча саёҳатларда бўлганман. Лекин шуни ишонч билан айта оламан-ки, яқиндагина ўтказилган “Дўстлик карвони” сафаридек саёҳат бунгача бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайдиган энг ажойиб, чиройли, тарбиявий аҳамиятга бой воқеа бўлди. Ўзбек ва қозоқ ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамловчи бунақа сафар лойиҳаси ҳали республика миқёсида амалга оширилмаган. Бу, албатта сиз-у бизга маълум.
Саёҳат давомида Ўзбекистондаги “Байналмилал” марказида ўтказилган давра суҳбати барчамизда жуда катта таассурот қолдирди. Ана шунда бир қозоқ академигининг айтган гаплари мени жуда таъсирлантириб юборди. “Биз Ўзбекистон диёрида туғилдик, ота-боболаримиз билан ўсиб-улғайдик, тарбияландик, яшашни ўргандик. Бу ердагилар бизни жуда ҳурмат қилишади, “сиз-сиз”лаб гапиришади. Миллат ажратишмайди. Шунинг учун бўлса керак, Олий Мажлисда миллатдошларимизнинг 13 нафари фаолият юритишиб келмоқда. Бу биз учун улкан фахр!” – деди мамнуниятли тарзда.
Очиқ қилиб айтганда, биз – қозоғистонликларнинг ўзбекистонликлардан ўрганадиган, намуна оладиган қирралар кўп. Шулардан бири ўзбекистонлик ёш-у қари биз – меҳмонларни кўрганларида эгилиб салом бериб, илтифот кўрсатишлари ҳавас туйғусини уйғотаркан инсонда.
Кўриб турганингиздек, тартиб-интизом бизга нисбатан анча фарқ қилади. Мен, ўз навбатида, вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Бадриддин Нишонқуловдан бизга шундай имкониятларни яратиб берганлиги учун мингдан минг розиман.

Икромжон НИШОНҚУЛОВ, Қорабулоқ қишлоғи, нафақадор:
– Учрашувлар, меҳмондорчиликлар, зиёратлар ва олимпиада ўйинларининг гувоҳи бўлиш! “Дўстлик карвони” саёҳатида мана шу манзараларни кўздан кечирдик.
Авваламбор, шундай чиройли саёҳатни ташкиллаштирган Самандар Низомовга, ҳомийлик ишида бош бўлган вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Бадриддин Нишонқуловга, қолаверса, саёҳатга қўллов кўрсатган ҚХАга ва шу ташаббусни олға сурган Дониш Маннотовга чексиз ташаккур билдирамиз.
5 кунлик саёҳат давомида туркистонлик қардошларимиз билан жуда яхши муносабатда бўлиб, тил топиша олдик. Танишлар кўпайиб, дўстлик алоқалари кучайди.
Ўзбекистонлик миллатдошларимизнинг кутиб олишлари, илтифот кўрсатишлари, кузатиб қўйишлари бизда зўр таассурот қолдирди. Айниқса шоира Айшагул Тўлегенова ҳамда қўшиқчи Қўчқор исмли йигитлар бизга яхшигина хизмат қилишди.
Яна эски иқонлик вилоят маслаҳатининг депутати Дониш Маннотов қўшни давлат Ўзбекистонда ҳам ўзгача обрў-эътиборга лойиқ инсон экан. Унинг танишлари ортимиздан юриб, навбатга туриб, қўярда-қўймай, бизларни меҳмон қилишди. Тик турганларича хизматда бўлишди. Муносабатларини айтмайсизми, ҳавасларга арзигулик!
Яна бир таассурот: йўлда кетаётиб, учраган дўконга кириб, ичимлик сувидан харид қилгандик, ҳаққини олишмади: “Меҳмонсизлар, бемалол керак нарсаларингиздан олаверингизлар” – дейишди йигитлар ҳурмат билан.
Эҳ-ҳе, ушбу саёҳатнинг таассуротларини айтаверсак бугун-эрта тугайдиган гап эмас. Ҳар бирингиз мана шундай саёҳатларда, биз айтгандек, ажойиб воқеаларга-ю манзараларга амин бўлингиз. Омин!

“Дўстлик карвони” – Ўзбекистонда!

Бу саёҳатдан мақсад – Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари орасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш ва Ўзбекистондаги муқаддас жойларни зиёрат қилиш, ўтган улуғларнинг ҳақларига дуолар ўқиш.
Сафаримизда Қозоғистон Халқи ассамблеяси вилоят бўлимининг бош инспектори Бахитжон Пўлатов қатнашгани ҳолда, “Дўстлик карвони”га Дониш Маннотов, Бадриддин Нишонқулов, Самандар Низомовлар бошчилик қилдилар. “Дўстлик карвони”да Туркистон шаҳри ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси, Туркистон шаҳар оқсоқоллари, халқ хизматида бўлиб келган кишилар, олимлар, ижодкорлардан иборат 50 нафар киши жамланди.
Туркистондан йўлга чиққан “Дўстлик карвони” Тошкент чегарасидан ўтганида, унинг аъзоларини Тошкент шаҳар ҳокимлигининг вакиллари дўстона муносабат билдириб, юзларида табассум билан, меҳр кўрсатиб кутиб олдидар.
Ўзбекистонда истиқомат қилаётган қозоқ миллатининг миллий маданий (байналмилал) маркази раисининг ўринбосари Ҳамза Холмуродов “Дўстлик карвони”нинг Ўзбекистонда қиладиган саёҳатларида ҳамроҳлик қилди.
Саёҳатчилар энг замонавий ҳамда ҳар томонлама қулай бўлган автобусга жойлашдилар. Автобуснинг олди томонига ҳурматли президентимиз Нурсултан Назарбаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмлари ўрнатилган бўлиб, унда: “Достық керуені: “Один народ — одна страна — одна судьба”, “Бір халық — бір ел — бір тағдыр” сўзлари ёзилган бўлиб, Ўзбекистон йўл ҳаракати хавфсизлигини сақлаш ходимлари 5 кун давомида “Дўстлик карвони” жойлашган автобусни кузатиб боришиб, йўл ҳаракатларини тартибга солиб, назорат қилиб юрдилар.
Сафар Хастимом масжидида сақланаётган Қуръони Каримнинг Ҳазрати Усмонга тегишли нусхасини зиёрат этиш билан бошланди. Сўнгра ислом университети фаолияти билан танишилгач, Шайхи Хованди Тоҳур қабристонида жойлашган Тўлабий (1663-1756) қабри — мақбараси зиёрат қилиниб, у кишининг руҳини шод этиш учун Қуръон тиловат қилинди.
Карвон сафарини давом эттириб, “Занги ота” мажмуасида бўлди. Карвон иштирокчилари турфа дарахтлар ва дид билан ўтқазилган анвойи гулларни кўриб, жуда завқландилар. Боғбонлар, гулчиларнинг шаънларига таҳсинлар айтдилар. “Занги ота” руҳига Қуръон бағишланди.
Сафарнинг иккинчи куни, яъни 3 майда “Дўстлик карвони” Самарқандга етиб борди. У ерда ҳадис илмининг билимдони, 16 ёшидан бошлаб, ҳадис тўплаш билан шуғулланиб, умрининг 40 йили давомида 7275 та саҳиҳ ҳадисларни тўплаган Имом Ал-Бухорийнинг қабрлари зиёратида бўлиб, Қуръон тиловати билан у кишининг ҳаққига дуолар қилинди.
“Дўстлик карвони” шаҳардаги зиёратгоҳларда бўлиб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов дафн қилинган Ҳазрати Хизр масжидига бориб, у кишининг қабрига гулчамбарлар қўйиб, руҳига Қуръон бағишлаб, дуода бўлишди.
Ислом Каримов қабри устига мақбара қурилаётганлиги туфайли, у ерга бориш вақтинча тўхтатилган бўлса-да, “Дўстлик карвони”га зўр илтифот кўрсатилиб, карвон аъзоларининг зиёрат қилишларига имкон яратилди.
“Дўстлик карвони”ни Самарқанддаги машҳур қурувчи, асли иқонлик, Туркистон шаҳри ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси, “Дўстлик карвони”ни бошқараётганлардан бири – Дониш Маннотовнинг яқин ва қадрдон дўсти Умар Ражабов исмли киши бизларга зўр илтифот кўрсатди. Зиёфатда ҳар икки — қозоқ ва ўзбек халқларининг вакиллари сўзлаб, дўстликнинг мангу бўлишига ўз ҳиссаларини қўшиш ниятларини билдирдилар.

Бадриддин НИШОНҚУЛОВ, вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси, вилоят маслаҳатининг депутати:
– Ҳурматли президентимиз Самарқанд шаҳрига ташриф буюрганларида Умар ака Ражабовнинг ишларидан хурсанд бўлиб, у кишига ўзининг фотиҳасини берган. Шу туфайли биз — “Дўстлик карвони” қатнашчиларига бу саёҳат катта масъулият юклайди. Биз доимо икки қардош халқ — ўзбек ва қозоқ халқларининг дўстлиги мустаҳкам бўлишига ҳисса қўшаверишимиз керак, – деди.
Ҳавоси ёқимли, майин шаббода эсиб турган ушбу кечада қозоғистонликлар ўзбекистонликларга — ўзбекистонликлар қозоғистонликларга дўстлик совғаларини топширдилар. Ҳамманинг кайфияти кўтарилиб, зиёфат тўйга айланиб кетди: қўшиқлар янгради, рақслар давом этди.
4 май. Пайшанба куни “Дўстлик карвони” Ялангтўш (1596-1656) мажмуасига бориб, ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилиб, қабристондаги 14 та подшоҳлар қабрларини ҳам зиёрат қилдилар.
Шу куни “Дўстлик карвони” саёҳатчилари Бухорога бориб, Баҳовуддин Нақшбандий қадамжоси, Мир Араб мадрасаси ва бир неча ёдгорликларни зиёрат қилдилар ҳамда Амир Олимхоннинг қишки саройини бориб кўрдилар.
5 май. Жума куни “Дўстлик карвони” Навоий шаҳрида бўлиб, “Нурота”га бориб, Айтеке бий қабрини зиёрат қилиб, Қуръон ўқишиб, дуо қилишди.
Айтеке бий мақбараси жуда чиройли қурилган бўлиб, мақбара ичидаги биринчи қабр Ялангтўш бобонинг отаси Бобо Саиднинг қабри экан, иккинчи қабр Айтеке бийнинг қабри экан.
Жума намози “Нурота” номли масжидда ўқилгач, карвон Тошкентга йўл олди.
6 май, шанба. Бу куни “Дўстлик карвони” Ўзбекистон халқлари (Ўзбекистонда 138 та турли миллатлар яшар экан) байналмилал марказида бўлди. У ерда карвонни дўстлик ҳақидаги ўланларни айтишиб, оққўрғонлик Талхат Толинов, Ўзбекистон миллий маданият маркази раиси Насриддин Муҳаммадиев бошчилигидаги маданият маркази фаоллари кутиб олдилар.
Насриддин Муҳаммадиев ўз нутқида ўзбек халқи қозоқ халқи билан азалдан бир халқ бўлиб келганлиги, бирга яшаганлиги, ҳозир ҳам улар орасидаги дўстликнинг мустаҳкам эканлигига бир неча мисоллар келтириб, дўстликнинг абадий бўлиб қолишига истак билдирди. Хусусан, Шимкент шаҳридаги М. Авезов номли олийгоҳ маъмурияти қозоғистонлик ўзбек ёшларининг Тошкентда, ўзбекистонлик қозоқ ёшларининг Шимкентда ўқитилишини йўлга қўйиш ҳақидаги таклиф билан келганлигини айтиб, келажакда бу иш амалга оширилишга ишонч билдирди.
Ўзбекистондаги қозоқ миллий маданият маркази раиси Серикбой Усенов ўз сўзида ҳозирги кунда Ўзбекистонда қозоқ тилида ўқитиладиган 396 та мактаб, 4 та университет, кўплаб коллежлар ва лицейлар борлиги, қозоқ тилида телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришлар борлигини айтди.
Тошкент давлат педагогика институтининг қозоқ тили бўлими бошлиғи Қалдибек Сайданов сўзида икки халқнинг бирлиги, дўстлиги ҳар иккала халқнинг келажакдаги ривожига, ҳар иккала давлатнинг бой бўлишига олиб келишини айтди. Туркистон шаҳар оқсоқоллари кенгашининг раиси Жарлиқосин Азратбергенов: “Мен бу келишимда икки нарсани ўргандим. Биринчиси: қўлни кўксимга қўйиб, “Ассалому алайкум” – дейиш, иккинчиси: одамларнинг бир бирлари билан маданий муомалада бўлишлари” – деган гапларни айтди.

Мен “Жануб жарчилари” газетасининг жамоатчи мухбирлари билан бирга саёҳатда қатнашган маҳалладошим Эркин Абдунақибов билан учрашиб, унинг саёҳатдан олган таассуротлари, саёҳатнинг уюштирувчилари ҳақидаги фикрини билмоқчи бўлдим.
У киши баралла: “Бадриддин Нишонқулов бизнинг миллатимизга Оллоҳ томонидан берилган инъомдир! Бадриддинни тарбиялаган отасига, уни туққан онасига, қариндош-уруғларига, маҳалладошларига, ҳамқишлоқларига мингдан-минг раҳмат!
Бадриддин ҳозирги даврда миллатимизнинг ифтихоридир, у билан фахрланишимиз лозим, унга барча ишларида елкадош бўлишимиз керак.
Бизнинг гуруҳимизга Гулираъно Расулова билан Элдор Шодмонов ҳам бош-қош бўлдилар. Булар бошчилик вазифаларини аъло даражада адо этдилар. Уларга ишларида катта муваффақиятлар тилаган ҳолда раҳматлар айтаман.
Мен умр йўлдошим Марҳабо билан кўп саёҳатларда бўлганмиз. Лекин бу галгидек роҳатланиб саёҳат қилганимизни эслаёлмаймиз.
Ҳурматли Турсунхўжа ака! Афсуски, орамизда шунақа миллатдошларимиз бор-ки, улар ўзининг шахсий ишларини ўнглаб олишлари учун ёки бирор мансабни эгаллаб олиш мақсадида шу даражада осмон қадар ваъдалар берадилар-ки, уларнинг ваъдаларига ишониб қоласан. Бундай кимсалар ишларини битиргач ёки кўзлаган мансабини эгаллаб олгач, ҳамма берган ваъдаларини унутиб юборадилар. Мен бунақа миллатдошларимни доно халқимизнинг унутилмас сабоқларидаги “Ишим битди, эшагим сувдан ўтди” – дейдилар ёки “Йигит айтаверадиям, айтганидан қайтаверадиям” – дея биладиган мунофиқ шахслар қаторига қўшгим келади. Асло: “Йигит қасам ичмайди, йигитнинг сўзи қасам” – дея биладиганлар қаторига эмас!
Мен сўзимнинг охирида лўнда қилиб: “Бадриддин укамизга, унинг елкадошларига, шу жумладан, Гулираъно синглимизга, Элдор ўғлимизга: “Худо берсин, берганига барака берсин!” – дейман.
Саёҳат давомида дўстлик карвони аъзолари боксчилар ўйинини томоша қилдилар. Боксчилар баҳсида қозоғистонлик боксчи ҳам, ўзбекистонлик боксчи ҳам ғолиб бўлдилар.
“Дўстлик карвони” аъзолари ушбу ғалабалардан хурсанд бўлганлари ҳолда Шимкентга қараб йўл олдилар.

Турсунхўжа ХОНХЎЖАЕВ,
жамоатчи мухбир.
Шимкент шаҳри, Сайрам даҳаси.

Бирлиги ярашган қардошлар…

Бахитжан ПЎЛАТОВ, Қозоғистон Халқи ассамблеяси вилоят бўлимининг бош инспектори:
– Ранг-баранг учрашувлар, бошқўшувлар, муносабатлар. Икки давлат Элбошилари қўл олишган дўстлик ришталари вилоятимизда қозоқ-ўзбек қардошларнинг биргаликда Ўзбекистон диёрига саёҳат қилишдек улуғ ишга яна бир марта сабаб бўлди. Ана шунда биз юқорида тилга олган манзараларга дуч келдик. Бу ўзбекларнинг меҳмондўстлиги-ю самимий муомалаларини айтмайсизми? Чегарадан кутиб олган мезбонлар бизни бир сония ёлғизлатишмади. Ҳатто, милиция ҳодимлари йўлларимизнинг тўғридан-тўғри очиқ бўлишида тик туриб хизмат қилишди. Улардан чин маънода миннатдормиз. Бизга саёҳатда совға қилинган Самарқанд нони юртдошларимизнида ўзига ром этгани сир эмас.
Бирлигимиз, дўстлигимиз, аҳиллигимиз абадий бўлсин, азизлар!

Миннатдорчилик изҳор этамиз!

Абдихан АБДУҚОДИРОВ, Туркистон шаҳри, 77 ёшли нафақадор:
– Қанчалар дабдабали, тантанали, манзарали саёҳат десанг-чи?! Вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Бадриддин Нишонқулов ҳамда унинг атрофида юрган ташкиллаштирувчи йигитларга чексиз миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Биз учун шундай мазмундор, қувончли, чиройли саёҳат уюштириб, унда бош-қош бўлиши раиснинг миллатлараро дўстликни сақлаш борасида жон куйдираётганлигидан дарак бўлса ажабмас.
Саёҳат бизнинг хотирамизда, ҳаётимизда ўзгача ўрин эгаллади. Ҳатто, ўша саёҳат куни Туркистон шаҳри ҳокими бизни ОАВ иштирокида тантанали кузатиб қўйди. Худди шундай кўриниш вилоятда ҳам ўз аксини топди.
Чегарадан чиқиб, Тошкент шаҳрига кириб бораверишимизни айтмайсизми? Йўллар очиқ, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари бизларни кутиб туришибди. Улар ўз назоратида бизнинг хавфсизлигимизни сақлашди. Шундайлигича, биз Ўзбекистондаги турли қозоқ бийларининг мақбара ва мавзеларини зиёрат ҳамда томоша қилдик, танишдик, ўргандик.
Саёҳат шу даражада пухта ташкиллаштирилган экан-ки, бирон соатимиз бекорга кетмади. Орамизда чарчаган ёхуд хасталаниб қолган киши бўлмади. Ҳамма кўтаринки кайфиятда, хушчақчақ, баҳорий табассумда эди.
Ҳаммаси учун ташкилотчиларга раҳмат айтамиз ва буни ёш-у қари ўртасида тарғиб қилишда жонбозлик кўрсатамиз. Насиб қилса, шаҳар марказида катта бошқўшув ўтказиб, таассуротларимиз билан ўртоқлашишни режалаштириб қўйдик.
Миллатлараро дўстликни сақлаш ҳар биримизнинг муносиб бурчимиздир!

Изоҳнинг ҳожати йўқ