
Элбошимиз Н. Назарбаевнинг ташаббуси билан жорий йилнинг “Қозоғистон халқи Ассамблеяси йили”, деб эълон қилиниши барча қозоғистонликларнинг қалбини ифтихор туйғусига тўлдирди. Улуғ Ватан урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 70 йиллиги, Қозоғистон Республикаси Конституция-сининг 20 йиллиги ва ниҳоят, Қозоқ хонлигининг 550 йиллиги саналарининг кўтаринки руҳда нишонланиши юртимизда ҳукм сураётган эзгуликдан далолат. Элимиз равнақининг асоси – тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ноҳукумат ташкилотлари, шу жумладан, этномаданият марказларининг ролига жамиятда алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Этносларнинг келажаги уларнинг тарихи, тили, маданияти ва урф-одатларини ўрганиш, сақлаш ва келажак авлодга мерос қилиб қолдиришга бўлган эътиборга боғлиқлигига, мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ, муҳтарам Президентимиз Н.Назарбаев катта аҳамият берди. Давр тақозоси билан республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги каби Тўлебий туман ўзбек этномаданият маркази дунёга келди. Марказни ташкил этиш бўйича ташаббускор гуруҳ таркибига шифокор Абдусаид Қорахўжаев, меҳнат фахрийлари Шамситдин Иристоев, Ирисали Абдиров, Тўлаш Бердибоев, Анормат Сартоев, маданият ходимлари Қосимбой Абдураимов, Толибжон Холметов, таълим соҳаси раҳбарлари Эргаш Одилов, Қурбон Хидиров, Шокарим Тўйчибоев ва камина киритилдик. Тўлебий туман ўзбек маданият маркази 1990 йилнинг 26 октябрида Ленгер шаҳрида ўтган таъсис қурултойининг қарори билан ташкил топди. Қурултойда марказ раислигига А. Қорахўжаев, ўринбосарлари этиб А. Сартоев, И. Абдиров ва Ў. Қодировлар сайланишди. Туман маданият маркази бошқаруви аъзолигига уруш ва меҳнат фахрийлари Ўлжабой Турсиметов, Мария Бишимбаева, Замира Носирова, Ўрмонбек Қўрғонбоев, туман “Қозоқ тили” жамияти раиси Сапар Туяқбаев ва муассаса раҳбарлари Ўктам Пардабеков, Аваз Бўронбоев, Мақсад Ҳасанов, Эркин Юлановлар киритилди.
* * *
Марказ фаолларининг ташаббуси билан ўзбек миллати вакиллари яшайдиган қишлоқларда марказнинг бошланғич ташкилотлари тузилди, шунингдек, тил, маданият ва урф-одатларни ривожлантириш ҳамда муаммоли масалаларни ҳал қилишга кенг жамоатчиликнинг эътибори жалб этилди. 1993 йили ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишида марказ раиси бўлиб, бой ҳаётий тажрибага эга Анормат Сартоев сайланди. Марказ иши жонланиб, тадбирлар мазмуни бойиди, аҳоли ҳамжиҳатлигини сақлаш борасида самарали ишлар олиб борилди. Марказ туман, вилоят ва республика миқёсида ўтган миллат ва элатлар дўстлигини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этди.
Маданият марказининг ташаббуси билан миллат вакиллари кўп истиқомат қиладиган қишлоқларда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Марказ вакиллари Ўзбекистоннинг Қозоғистонда ўтган “Маданият ва санъат кунлари” доирасида туманда уюштирилган учрашув ва тадбирларда фаол қатнашдилар.
* * *
Тарихимизни билиш, ёш авлодни боболар мардлиги намунасида тарбиялаш, омма орасида миллий маданиятга фахр ва ҳурмат ҳиссини уйғотишдек шарафли ишларда марказ фаолларининг улуши салмоқли. Жумладан, 2012 йили Ақтўбе шаҳрида “Тўнғич Президент куни” муносабати билан ўтган “Мәдениеттер үндестігі” фестивалида вилоят ўзбек маданият маркази номидан Ҳаёт Исмоилов раҳбарлигидаги “Феруз” рақс гуруҳи қатнашди. 19 жамоа орасида гуруҳнинг чиқиши катта қизиқиш уйғотди. Раққосалар ижро этган “Хоразмча лазги” тугар-тугамас, томошабинларнинг “Офарин!” деган олқишлари янгради. Концертдан сўнг уюштирилган тантанали қабулда Доғистон этномаданият маркази раиси Даали Магомед ўғли Ўмаров: “Ҳамма ниҳоятда юқори савияда чиқди. Орамизда касбий санъаткорлар – профессионаллар ҳам бор, аммо бугун ўзбекларнинг санъати ҳаммамизни ром этди”, деганди. “Феруз” раққосалар гуруҳи вилоят, туман миқёсида ўтган бошқа турли тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Тўлебий туман ўзбек этномаданият маркази фаоллари бундан буён ҳам Қозоғистон халқи Ассамблеяси, унинг вилоятдаги филиали раҳбарлигида маданий меросни ўраниш, умуминсоний қадриятларни тарғиб этиш, аҳолининг ижтимоий онгини, маънавиятини бойитишга йўналтирилган Элбошимиз ғояларини амалга оширишга ўз ҳиссаларини қўшаверадилар.
Ўсмонали ҚОДИРОВ,
Тўлебий туман ўзбек
этномаданият маркази раиси.




