Миллий элита – келажакни белгилайди, ёхуд миллий элита – келажак таянчи!

Миллий элита ҳақида гап кетганида, баъзилар: “Ҳали бизда миллий элита шакллангани йўқ” – десалар, бошқа бировлар: “Аллақачон шаклланиб бўлган” – дейишади. Балким шундайдир…
Ҳарқалай, миллий элитанинг юзага келиши – яхшиликнинг белгиси. Менимча, унинг илк кўринишлари кўзга ташлана бошлади. Буни таниқли тадбиркор Бадриддин Нишонқулов мисолида кўриш мумкин. У кўзи, қўли, кўнгли очиқ тадбиркор сифатида топган даромадларининг бир қисмини ёшларимизни билимли, илмли, маънавий етук этиб тарбиялаш ишларига сарфлаяпти. Жойларда ўқув марказлари ташкил этиб, фарзандларимизни энг нуфузли олий ўқув юртларида ўқитиш ишларига бош-қош бўлиб, ёшларга тўғри йўл кўрсатиб келаётганлигини кўпчилик яхши билади.

Келажакда у хусусий мактаблар очиб, уларни замонавий энг сўнгги намунадаги ўқув қуроллари билан жиҳозлашни кўзда тутмоқда; бу ишлар амалга ошадиган бўлса — нур устига нур бўлар эди, албатта.
Бадриддин Нишонқулов мамлакатимизда ўзбек адабий муҳитининг ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг саъй-ҳаракатлари натижасида Қозоғистондаги ўзбек адабий муҳити катта адабиёт уммонига қўшилди. Миллий адабиётимизнинг 47 нафар ижодкори “Қозоғистон халқи замонавий адабиёти” китобига, шунингдек, 6 нафар шоирларимизнинг асарлари ўтган йили дунё юзини кўрган “Мәнгілік Елім менің” шеърият антологиясига киритилди. Бу хайрли ишларга кетган ҳамма харажатларни Бадриддин кўтарди. Ўша китобларни харид қилиб, ижодкорларга, кутубхоналарга, ҳатто-ки, қўшни давлат миллий кутубхоналарига ҳам тақдим этиш ишларига бош-қош бўлди.
Адабиёт ва санъат соҳаларида жонбозлик кўрсатиб хизмат қилаётган ижодкорларни тақдирлаш мақсадида таъсис этилган “Арғумоқ” адабий мукофотининг кўкрак нишонини зарб эттириш ҳамда “Арғумоқ” мукофотига кетадиган сарф-харажатларни ҳам Бадриддин ўз зиммасига олди. Бугунги кунда кўплаб ҳамюртларимиз ушбу мукофот билан тақдирланишди.
Бадриддин Нишонқулов Сайрам тумани этномаданият марказини бошқариб юрган пайтларда қишлоқларда ўзбек этномаданият марказларини ташкил этиб, улар билан узвий равишда ҳамкорликда маданий-маърифий тадбирларни ўтказишда фаол иштирок этди ва самарали натижаларга эришди.
Кейинги даврда марказга раислик қилган Фахриддин Исломов ҳам маданиятимиз, адабиётимиз ривожига маълум даражада ўз ҳиссасини қўшди: “Чашма чамани” шеърий тўпламини чоп эттиришга ярим миллион тенгега яқин маблағ ажратди. Эсда қоларли даражада маданий тадбирлар ўтказди.
Фурсатдан фойдаланиб, ҳар иккала раисга амалга оширган саховатли ишлари учун миллатдош ижодкорларнинг ташаккурларини изҳор этамиз.
Айни пайтда таълим, спорт соҳаларига, қолаверса, барча жабҳалар ривожига беминнат ёрдам қўлини чўзаётган, шунингдек, вилоятимиздаги мададга муҳтож оилаларга моддий кўмак кўрсатиб келаётган Бадриддин сингари тадбиркорларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Агар у киши вилоят этномаданият марказига раҳбар қилиб сайланадиган бўлса, биз кутган ва кутмаган янгиликларнинг, эзгу ишларнинг шоҳиди бўларимиз аниқ, чунки Бадриддин Нишонқулов синовдан ўтган тажрибали кишилар сирасига киради.
Ўрни келганда бир аччиқ ҳақиқатни айтишга тўғри келади. Биз ички дунёмизга хавф солаётган касалликни ошкора айтмайдиган бўлсак, ўша хавфли касаллик вужудимизга зиён-заҳмат етказиши мумкин. Баъзи этномаданият марказлари жойларда, шунчаки, юзаки иш юритиб, маданиятга мутлақо алоқаси йўқ кимсаларни делегат этиб сайлаб, улардан ўз мақсади йўлида фойдаланаётирлар.
Делегат – маданий-маърифий ишларнинг фаол иштирокчиси, ўзининг шахсий фикрига эга бўлмоғи, оқни қорадан ажрата билмоғи лозим. Ана шундагина биз халқ корига ярайдиган ватанпарвар, миллатпарвар одамларни сайлай оламиз.
Юқорида биз миллий элита ҳақида фикр юритдик. Унга кўп нарса боғлиқ, негаки, олдинги ғилдирак қай томонга юрса, кейингиси ҳам шу томон юради. Биринчидан: ўзини маданиятли одам ҳисоблайдиган киши, энг аввало, ўзини эмас, Ватанини, ватандошларини миллатдошларини биринчи ўринга қўяди. Иккинчидан: миллий элита орасида ўзаро ҳурмат, иттифоқлик, бирлик ҳукм сурмоғи керак.
Шу ўринда: “Тарих одамга нимани ўқитади, биз ундан нимани ўрганамиз?” – деган саволга таниқли тарихчи Василий Ключёвский “Тарих – ўқитувчи эмас, турма назоратчиси, у ҳеч нарсага ўргатмайди, фақат ундан сабоқ олмаган одамни жазолашни билади” – дея жавоб беради.
Хитойлик буюк аллома — файласуф Конфуций: “Минг йил аввалгини биламиз, бугунгини биламиз, хўш, минг йил кейингини нега билмаймиз?” – деган экан.
Ушбу ҳақли саволга Бадриддин жавоб излаётгандай, назаримда. У ёшларни замонавий билим билан қуроллантиришимиз керак, дея ўйлайди.
Тўқсон сўзнинг тўпиқдай тугунига келадиган бўлсак, миллий элитани кимдир бошқармоғи керак бўлади. Унга ботиний ва зоҳирий дунёси тоза, Ватанининг, халқининг содиқ фарзанди раҳбарлик қилмоғи керак. Сабаби, келажагимизни белгиловчи куч – бугунги ёшлар. Уларга қанча яхшилик қилсак, шунча яхшилик қайтади.
Аввалги авлод халқлар дўстлиги нима эканлигини яхши билади. Келажагимизни олдиндан башорат қилиш учун дўстлик, иттифоқлик, бирдамлик каби инсоний фазилатларни шуур-у онгимизга сингдиришимиз лозим бўлади. Шундай бўлгандагина, давлатлараро борди-келдилар қуюқлашади, ўзаро муносабатлар яхши йўлга қўйилади. Бу эзгу ишларни амалга ошириш, биз бор, деяётган миллий элита зиммасига юкланади.
Демак, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан етук кишилар миллий элитани юзага келтиришади.
Ҳурматли делегатлар! Агар сиз келажак ҳақида ғамхўрлик қилмоқни истасангиз, вилоят ўзбек этномаданият маркази раисини сайлашда фаоллик ва одиллик кўрсатинг, биз бундан ютсак ютамиз-ки, аммо ютқазмаймиз.

Суннатулла АКРАМОВ,
“Тәуелсіз Қазақстан” республика газетасининг махсус мухбири, вилоят “Халқ сўзи” жамоат
бирлашмасининг раиси.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ