Алоқа | Обуна

Муҳим масалалар муҳокама қилинди

Кенгаш аъзолари ва унга масъул кишиларни сайлаш, вазифаларини аниқлаш, юклаш, 2017-2018 йилларга мўлжалланган ишлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. Қозоғистон Республикаси ўзбеклари этномаданий бирлашмаларининг “Дўстлик” ҳамжамияти томонидан ўтказилган илк йиғилишда мана шу масалаларга ойдинлик киритилди ва қарорлар қабул қилинди. Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 26 ноябрида “Дўстлик” ҳамжамиятига янги раис Икромжон Ҳошимжонов сайланган эди.

WhatsApp Image 2017-01-30 at 11.27.34

Кенгаш аъзоларининг йиғилиши кун тартибига 3 масала чиқарилди: ҳамжамият раиси муовинларини сайлаш ва кенгаш аъзолари орасида соҳалар бўйича вазифаларни тақсимлаш, 2017-2018 йиллар орасида ўтказилиши режаланган ишлар лойиҳасини тасдиқлаш ҳамда турли масалалар.
Йиғилиш аввалида Қозоғистон Халқи ассамблеяси раисининг ўринбосари Рўзақул Сотиболди ўғли Холмуродов Нурсултан Назарбаев имзоси чекилган бир қатор гувоҳномаларни топширди. Ассамблея, даставвал ташкил этилганида унга 260 нафар киши аъзо этиб сайланган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 465 нафар кишига етган. Ҳар йили Элбоши буйруғига асосланган ҳолда ассамблея таркибидаги аъзолар янгиланади. Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан 25 нафар инсонлар ассамблея таркибига қабул қилиндилар. Қувонарлиси шунда-ки, улар қаторида 4 нафар миллатдошларимиз бор.
Бундай шарафли лавозимга лойиқ топилганлар: Оқсувкентдаги Анвар Исмоилов номидаги кўп соҳали коллеж директори Гулчеҳра Камол қизи Исмоилова, Астана шаҳар ўзбек этномаданият маркази раисининг ўринбосари Ҳасан Шарипов, туркистонлик таниқли тадбиркор, жамоат арбоби Баҳодир Ирисметов ҳамда Алмати шаҳар ўзбек этномаданият марказининг раиси Абдулла Исматуллаевлардир. Рўзақул Холмуродов гувоҳномаларни эгаларига топширар экан, уларнинг ишларига омад тилаб, келажакда ушбу таркибга кўпроқ ёшларни жалб қилиш таклифини киритди.
Йиғилиш кун тартибидаги биринчи масала бўйича таклиф этилган ҳамжамият структураси лойиҳасида раис, унинг ўринбосарлари, соҳалар бўйича ишларни тақсимлаш кўрсатилган. Ҳатто-ки, бўлажак муовинларнинг исми шарифлариям кўрсатилган.
Йиғилиш давомида кенгаш аъзоларининг раиси алоҳида бўлсин, деган таклиф киритилди.
Кенгаш аъзолари раиси этиб Рўзақул Холмуродов, Икромжон Ҳошимжоновнинг ўринбосари этиб Бадриддин Нишонқулов сайлансин, дея билдирилган таклиф узоқ тортишув ва музокарага сабаб бўлди. Кимдир бу борада раисга жонкуяр, ишбилармон ўринбосар бўлишини истаб, бирлагикда иш олиб бориш фикрини берса, кимдир муовинлар сони кўпаймасин, деган фикрни ўртага ташлади. Натижада Рўзақул Холмуродов ҳамжамият ва кенгашнинг раиси бир одам бўлишлигини таклиф этди. Агар олти ойдан кейин сайланган ўринбосарларнинг фаолияти қониқарсиз топилса, уларни ўзгартириш мумкинлигини ҳам йиғилиш иштирокчиларига эслатиб ўтди Рўзақул Холмуродов.
Қозоғистон Халқи ассамблеяси раиси ўрибосари Р. Холмуродов “Дўстлик” ҳамжамияти раиси муовинлари сафига яна бир ўринбосар киритишни тавсия қилди. Кўпгина республика доирасидаги тадбирлар Астана ва Алмати шаҳарларида ўтазилади. Шу боис, бир муовин, яъни “Дўстлик” ҳамжамияти вакили Астанадан сайланиши керак, деди. Бу таклифни кенгаш аъзолари қўлладилар ва Ҳасан Шарипов бу лавозимга сайланди.
Вилоят маслаҳатининг депутати Бадриддин Нишонқулов жамоат ишларига кўпроқ ёшларни жалб қилиш кераклигини, оқсоқоллар ва аёллар секторларини тузиб, уларнинг фаолиятини кучайтиришни таклиф қилди.
Иштирокчилар ҳар иккала шахс фикрлари билан тўлиқ келишишди.
Натижада, ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раисининг ўринбосарлари лавозимлари қуйидагича тақсимланди:
1. Ҳасан Шарипов — Астана шаҳридаги ўринбосар.
2. Усмонали Қодиров — ташкилий масалалар бўйича.
3. Баҳром Мўминов — адабиёт, санъат ва спорт бўйича.
4. Абдулла Исматуллаев — молия, сармоя, ҳомийлик ва хўжалик ишлари бўйича.
5. Нуринисо Дўсметова — таълим-тарбия, гендерлик сиёсати, урф-одат ва анъаналар бўйича.
Бундан ташқари, ҳамжамият раисининг маслаҳатчилари, ҳуқуқ ва тартибот масалалари бўйича бўлим аъзолари сайланди.
Шундай қилиб:
— ҚР ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамиятининг маслаҳатчилари этиб: Қозоғистон Халқи ассамблеяси раисининг ўринбосари Рўзақул Холмуродов, ҚР Мажлиси депутати Фахриддин Қоратоев ҳамда ҚР “Дўстлик” ҳамжамиятининг собиқ раиси, тадбиркор Ғофур Қосимов тайинландилар.
— Ҳамжамиятнинг олиб бораётган ишлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида ёритиб туриш Алишер Сотиболдиевга юклатилди.
— Ҳуқуқ ва тарғибот бўлимининг раҳбар ва аъзолари: юрист Самандар Усмонов, ёрдамчилари Абдураҳмон Зайнуддинов, Абдураҳим Бўронбоев.
— Тафтиш комиссияси аъзолари: Тамара Ҳакимова, Абдуқаҳҳор Файзаҳмедов, Гулираъно Расулова.
Ташкилий ва умумий масалалар ҳамда оқсоқоллар билан ишлаш бўлими раҳбари Умарали Йўлдошев, Жавлон Собитов.
— Адабиёт соҳасида Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Абдураҳим Пратов.
Спорт бўлимига Фахриддин Исломов раҳбарлик қилади, Ғуломжон Ғаниев унга ёрдам кўрсатади.
Маданият бўлими: Файзаҳмад Нурметов ва Баҳодир Ирисметов.
Молия ва сармоя бўлими: Бахтиёр Исхаков, ёрдамчилари: Абдуқаҳҳор Ҳасанов, Ҳасан Шарипов, Тоҳиржон Ҳакимбеков.
Ҳомийлик ва хўжалик ишлари бўлими: раҳбари Бадриддин Нишонқулов, ёрдамчилари: Тоҳир Нишонбоев, Дониш Маннотов. Қаҳҳор Дадашев.
Гендерлик тенглик, урф-одат ва анъаналар бўлими: Назарметова Ҳилола.
Аёллар бўлими раҳбари: Маражапова Муҳаббатхон.
Таълим ва тарбия бўлими: Баҳодир Нуралиев, Бегмат Турдиқулов, Зуппархон Чолдонов, Ҳошим Абдувалиев.
— Ёшлар сектори (диний масалалар борасида иш юритувчи) бўйича раҳбар ва аъзолар: Шерзод Пўлатов унинг ёрдамчилари Алишер Сотиболдиев, Жавлон Собитов.
“Дўстлик” ҳамжамиятига аъзолар сайлаш босқичидан кейин, улар амалга ошириш керак бўлган ишлар билан таништирилди. Йилга мўлжалланган иш режа асосида “Элимизнинг юраги – Астана!”, “Биз бир халқмиз”, “Сурнай навоси”, “Жануб оҳанглари”, “Қўли гулдир ўзбек аёлин”, “Устоз улуғ ном” каби кўпгина тадбирлар ўтказилиши режаланган.
Яна давлатимизнинг турли вилоятларида, жумладан, Алмати, Астана ҳамда Қарағанди, Қизилўрда, Жамбил ва бошқа шаҳарларида концерт дастурларини намойиш этиш кўзда тутилган. Яқин кунларда Бишкек шаҳрида Ўзбекистон халқ артистлари билан биргаликда гастролга чиқишлар режаланган. Жорий йилнинг 28 февраль куни эса, вилоят ўзбек драма театрида Ҳошим сурнайчининг 100 йиллигига бағишланган Халқаро фестиваль ўтказилади. Унга Ўш, Жамбил вилоятларидан ҳамда Туркистон шаҳридан иштирокчилар таклиф қилинган. Ўқув йилнинг сўнгида эса, одатдагидек, “Мемлекеттік тілді білу парызың” танлови ўтказилади.

Гулираъно РАСУЛОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ