Собиқ раиснинг ишларидан миннатдормиз!

Минглаб ишқибозлар диққатини тортган, юзлаб жонкуярлар эътиборини қозонган спортнинг энг йирик турларидан бири – футбол ўйини бугунда Қорабулоқ қишлоғида ҳам ўз мухлисларини топиб улгурган. 2013 йилдан ўз фаолиятини бошлаган Қорабулоқ футбол федерацияси оз муддат ичида, нафақат республикамизга, балки Россия давлатига танилиб улгурди.

dsc_0223

Энг моҳир, чаққон, ҳаракатчан йигитларни гуруҳига жо айлаган ушбу федерация келажакда халқаро даражада ўз қобилиятларини кўрсатиш ҳаракатида. Эслатиб ўтамиз: даставвал, Қорабулоқ футбол федерациясида 12 та гуруҳ бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 16 га етган.
Хўш, бундай ишнинг ортида ким турибди? Бугунги мақоламиз ушбу хусусда. Вилоят маслаҳатининг депутати, “NiK Group” директори Бадриддин Нишонқулов бу соҳада ҳам ўз маҳоратини ишга солганди. Ҳамқишлоқлари илтимосига биноан, 2013 йили Қорабулоқ футбол федерациясига директор этиб сайланган Бадриддин Икромжон ўғли шу йиллар оралиғида тарихда бўлмаган ишларга қўл урди.
Жумладан, мазкур ташкилотга республика лицензияси билан хусусий муҳр олиш ва иштирокчилар билан фаол ишлаш, ҳайъат аъзоларини муносиб танлаш, махсус ўйин майдончаларини қуриш, узвий равишда футбол ўйинларини ўтказиш, ўйинчи ва ҳакамларни пуллик мукофот билан тақдирлаш, ҳомийлар билан ишлаш каби бир қанча ишларни аниқ йўлга қўйиб олди.
Шу боисдир-ки, бугунда Қорабулоқ қишлоғи аҳолиси ўртасида футболга бўлган эътибор ҳам, қизиқиш ҳам кучли. Ҳатто, кўплаб ота-оналар ўз фарзандларининг футбол майдонларида тўп суришлари учун жон куйдиришиб, елиб-югуришаяпти. Майдонда ўзаро рақобатга тушаётган ўйинчиларга қўлдош бўлган томошабинлар эса, шу кунларда минглаб инсонларни ташкил этади. Зимдан кузатсангиз, бу даражага эришишда қанчадан- қанча куч-ғайрат ва сарф-харажат кетар экан.
Шунга қарамай, ўз ўрнини бошқа номзодга топширишни маъқул топган собиқ раис Б. Нишонқулов жорий йилнинг 2 декабрь куни Қорабулоқ қишлоғидаги “НиК” ўқув марказида ҳисобот ва сайлов йиғинини ўтказди. Ҳисоботга кўра, раис, ўтган йиллар оралиғида амалга оширилган ишлар ва келажакка тузилган режаларни тилга олди. Бухгалтерияда қанча пул бор, уларнинг қанча фоизи ҳомийлардан келган, қанча пул ниманинг эвазига сарфланган, ўйинчилар ва ҳакамларга қайси ўйинда қандай совға ёки мукофот топширилган ва бошқа ҳисоботлар шулар жумласидандир.
Жами 50 нафардан ортиқ иштирокчилар раисдан ўзларини қизиқтирган саволларга қониқарли жавоб олиш билан бирга, ташаккурларини етказишди.
Навбат янги раис сайлаш босқичига етиб келганида раисликка номзод биттагина киши, яъни Дилмурод Тошметов рўйхатга олинганлиги маълум бўлди.
Одатдагидек, аввал, унинг дастури билан қисқача танишсак. Собиқ раис бошлаган ишларни муносиб давом эттириш, майдонларни керакли анжомлар билан янада таъминлаш, ҳакамлар билан иш олиб боришни йўлга қўйиш, ўйинчи гуруҳлар сонини орттириш, ёшлар ва катталар ўртасида турнирлар ташкиллаштириш, ҳожатхонаси йўқ ўйин майдонларига ҳожатхона ва ечиниш хоналарини ташкил этиш, ҳомийлар билан ишлашни янада жонлантириш каби ишлар дастурда кўрсатилган.
Номзод Дилмурод Холмат ўғли, бундан ташқари қишлоқ касалхонасининг жонлантириш бўлимида ҳам фаолият юритганлиги боис, қишлоқ аҳлига таниш. Бир гап билан айтганда, ўз касбининг моҳир устаси, футбол ишқибози, жонкуяри навбатдаги ишини ҳам кўнгилдагидек давом эттиради, дея ишонч билдирилди. Ва бир овоздан Қорабулоқ футбол федерациясига президент этиб сайланди.
“Очиғини айтганда, мен 10 ёшимдан бошлаб, футбол ўйнайман. Лекин ҳозиргидек шароит, мукофотлар, стадионлар бизнинг даврда бўлмади. Ҳеч бир раис бундай ишларга қўл уролмаганди. Бошланган иш охирига етмай, якун топарди. Балки шу сабаб қишлоғимизда футболга бўлган қизиқиш ҳозиргидек кучли бўлмагандир. Балки даставвалдан эътибор шунчалар кучли бўлганида, раислар фаоллик билан ишлашганида ҳозирда биз дунё бўйлаб, катта футбол жамоалари билан рақобатга тушаётган бўлармидик? Ким билади, дейсиз.
Мен шу ўринда собиқ раис, ҳамқишлоғим Бадриддин Нишонқуловга қишлоқ аҳли ва ўз номимдан чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Ва у бошлаган ишнинг бардавом бўлишида, кўзлаган чўққиларга эришишимизда, менга ортган ишончини оқлашда бор куч-ғайратимни, маҳорат ва қобилиятимни ишга соламан” – дейди янги раис Дилмурод Тошметов ОАВга берган суҳбатида.
Дарҳақиқат, Бадриддин Икромжон ўғли бошчилик қилган йилларда ўйинчилар икки марта республика миқёсида ўтказилган “Coca-cola” турнирида бош ғолибликни қўлга киритишса, 2015 йилда Россия Федерациясининг Геленжик шаҳрида ўтказилган турнирда 15 та гуруҳ қаторида тўп суриш имкониятини қўлга киритишди. Шунингдек, қишлоқда бир қанча замонавий футбол ўйин майдончалари барпо этилди. Хусусан, Ҳамза номли 77-сонли мактаб қошида қад ростлаган стадионга сарф этилган 5 миллион тенге ҳам собиқ раис Бадриддин Икромжон ўғли Нишонқулов ҳомийлиги эвазигадир.
“Соғлом келажак” иборасини ўзига шиор айлаган Бадриддин акага ҳамиша таъзимдамиз. Шу инсоннинг қўллови билан қишлоғимизда футболга бўлган қизиқиш 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган барча кишиларда кучли, десам адашмайман. Иншооллоҳ, ҳамиша мақсадларига, ниятларига эришаверсин. Халқ назарида бўлсин.
Кириб келаётган қўшалоқ байрам Бадриддин Икромжон ўғлига олам-олам омадлар, янгидан-янги ғоялар олиб келсин. Илоҳим, халқимиз тинч, юртимиз омон бўлиб, байрамдан байрамга етиб юриш узоқ йиллар давом этсин” – дея ният билдирди янги раис Д. Тошметов сайлов якунида.
Албатта футбол соғлом турмуш тарзини яхшилаш билан бирга, нафақат қишлоқ, балки давлатимиз номининг юқори чўққилардан кўринишига сабаб бўлувчи омилдир. Шундай экан, ушбу омилнинг аниқ йўналишини йўлга қўйган ва уни муносиб давом эттиришда таваккал қилган ҳар иккала раисга омад ва муваффақият ҳамроҳ бўлсин, иншооллоҳ!

Султоной НИШОНБОЙ қизи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ