
Шимкент шаҳар спорт бўлими ташаббуси билан, худди ана шу шиор остида Қозоғистон Мустақиллигининг 25 йиллиги шарафига шаҳардаги жами 13 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида “Очиқ эшиклар куни” ўтди. Жумладан, шундай тадбир Сайрам даҳасидаги 12-сонли ихтисослаштирилган спорт мактабида ҳам уюштирилди. Унда Сайрам ҳамда Бозорқопқа ҳудудларида фаолият юритаётган мактаблар ўқувчилари ҳамда спорт мактабининг устозлари иштирокида таэквондо, стол тенниси ҳамда эркин кураш турлари бўйича очиқ дарслар, кўргазмали чиқишлар ташкил қилинди.
Бундан кўзланган асосий мақсад мактаб ўқувчилари орасида жисмоний тарбия ва спортни, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларни турли спорт секцияларига тортишдан иборат эди.
Тадбирда иштирок этган спорт мактаби директори Ҳасан Маккамбоев, устозлар Мирёқуб Мирослонов, Ғуломжон Нурметов, Мирзафар Миржамоловлар ёшларни ўқиш ва жамоат ишларида фаол бўлишга, шунингдек, 12-сонли спорт мактабининг турли секцияларига келишга чақиришди.

