«Дўстлик дастурхони» ўзбек оши билан файзли!

20161022_123009

Ҳар йили: “Ошга марҳамат, азиз меҳмонлар!” – деган таклифномани олганимиздан сўнг, биз ҳам қўлимизга “қуролимиз”ни олиб, йўлга тушаверамиз. Очиғи, ушбу байрамни кутамиз.

Бу йил ҳам Шимкент шаҳридаги Ал-Акром тўйхонаси одам билан тўла. 32 нафар ошпазлар енг шимариб, палов пиширишга киришиб кетишган. Улар тайёрлаган паловларини: “Тўй оши”, “Чойхона оши”, “Қудалар оши”, “Президент оши”, «Парламент оши», «Дўстлик оши», «Ассамблея оши», «Мустақиллик оши», «Сенат оши», «Қозоғистон-2030», «Қозоғистон-2050», «Астана оши», «Байтерек оши», «ЭКСПО-2017 оши», «Тошкент оши», «Шимкент оши», «Хоразм оши», «Фарғона», «Аҳил маҳалла оши», «Сайрам оши» ва яна бошқа номлар билан аташиб, «Дўстлик дастурхони»га тортиқ қилишди.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ошларга ўз баҳоларини бериб бўлганларидан сўнг, айни жойда иштирок этаётган ҳамма меҳмонлар паловхўрликга таклиф этилишди. Биз – оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам бир-биридан мазали ошлардан еб кўриб, ўз фикрларимизни билдирдик. Менга манзур бўлгани алматилик меҳмоннинг тайёрлаган «Фарғона» палови бўлди. Негаки, ҳидининг ўзиёқ иштаҳани қитиқлайди…
Бу йилги ош фестивали Қозоғистон Республикаси Мустақиллигининг ҳамда «Жанубий Қозоғистон» ижтимоий-сиёсий газетасининг 25 йиллиги саналарига бағишланиб ўтказилди.
Ўзбек халқи паловининг довруғи юқори. Буни рус миллатига мансуб бўлса ҳам, 32 нафар ошпазлар орасида ўзининг ошпазлик маҳоратини намойиш эта олган Владимир Краснобородкиннинг мана бу сўзлари ҳам ифодалаб турибди:
– Палов фестивали ҳар йили октябрь ойида ўтказилиши ҳақида билардим. Байрам анъанага айланган экан, унда жорий йилдаям ўтказилса керак, дея ўйладим. Ижтимоий сайтларнинг биридаги таклифномадан сўнг, “Қайдасан, Шимкент, қайдасан, Ал-Акром тўйхонаси?” – дея капгиримни кўтариб келавердим. Ош пиширишга ўзим кўпдан бери қизиқаман. Буни қаранг, меҳмонларга менинг тайёрлаган “Фарғона” паловим манзур бўлибди. 3-ўринни эгалладим. Нафақат ўзбек миллатига, балки бошқа миллатларга мансуб бўлган инсонларнинг ҳам айни фестивалга қизиқишлари юқори эканлигига амин бўлдим. Ташкилотчиларга раҳмат!
Шуҳрат Рўзметов раҳбарлик қилаётган “Тулпар” МЧБнинг номидан ош тайёрлаган Эркин Қўқонов, мана, бир неча йилдир-ки, ошпазлик касбини улуғлаб келмоқда. У “Қўқон” ошини дамлаб, кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди.


Қорабулоқликлар ҳар соҳада фаол. 27 йиллик тажрибага эга моҳир ошпаз Равшан ҳожи ота Толипов “Чойхона” паловини тайёрлади. Тан олиш керак, таомни жуда чиройли, ҳеч кимникига ўхшамайдиган қилиб безатди.
– Ошга от гўштини солдим, девзиранинг “синглиси” – лазерь, деган гуручдан фойдаланаяпман. Бундай ошни Андижондаги “Чўнтак” деган чойхонада ҳам тайёрлашади, – деди ҳазил аралаш Равшан ҳожи ота.
“NiK” ўқув маркази қошида ташкил этилган директорлар клуби аъзолари ҳам байрамда фаол иштирок этишди.
– Паловларнинг хилма-хиллигини қаранг, кўриб иштаҳанг очилади. Биз Қорабулоқ қишлоғидаги мактабларнинг директорлари ҳам фестивалга қизиқиб, иштирок этаяпмиз. Бу танловнинг дўстликни мустаҳкамлашдаги ўрни бўлакдир. Муҳими, мана шу, –дейди “Бўлашақ” ўқув марказининг директори Жуманқул Тошпўлатов.
Россиялик меҳмонлар ҳам ошлардан тотиб кўришди. Хизмат кўрсатган спорт устаси Евгений Алейников, олимпиада ўйинининг бронза медали соҳиблари, жаҳон чемпиони ва рекордчилар Назар Лугинец ҳамда Денис Соколов ҳам интернет орқали ушбу фестиваль ҳақида бохабар бўлишган. Улар бир-биридан мазали ошларни еб, барча ошпазларга раҳматларини айтишди.
Ҳамма интиқлик билан кутган сониялар етиб келди. Биринчи даражали диплом билан “Байтерек” ошини (тасвирда) қойилмақом қилиб дамлаган Улуғбек Ҳожиметов тақдирланса, 2-ўрин Зулфиддин Нурметов ҳамда Улуғбек Абдухолиқовга насиб этди. Ва, ниҳоят, 3-даражали дипломлар билан уч нафар ошпазлар, яъни Турсунали Салметов, Насибулла Холиқов ҳамда Алмати шаҳридан ташриф Владимир Краснобородкин тақдирланишди.
Ушбу ажойиб ва қизиқарли, тортишувга бой байрамни ўтказишда жонбозлик кўрсатган Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданият марказининг раиси Икромжон Ҳошимжоновга, Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият марказининг раиси Тоҳир Ҳакимбековга ҳамда “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасининг бош муҳаррири Алишер Сотволдиевга меҳмонлар ўзларининг миннатдорчиликларини билдиришди.
Ўзим ҳам шу ерда иштирок этар эканман, мазкур фестивалга қизиқувчилар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқдалигини ҳис қилдим. Энг ёш ошпаз 24 ёшда бўлса, энг кексаси 83 баҳорни қаршилаган. Ўтган йилгига нисбатан бу йил қатнашувчилар сони 7 нафарга ортган.
Жанубий Қозоғистон вилоятида фаолият кўрсатаётган турли корхоналар, қишлоқ округлари, ўрта ва юқори билим бериш масканлари ҳам ўз ошпазларининг айни ош танловида иштирок этишларига имконият яратиб бераётганликлариям кўнглимизни кўтарди.
Биз – ўзбеклар мана шундай аҳил бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда иш олиб борсак, миллий либосларимиз ҳам, урф-одатларимиз ва таомларимиз, тилимизнинг қадри ҳам доимо юксак бўлади.

Эътибор САЙФИДДИН қизи.
Муаллиф тасвирлари.

Изоҳнинг ҳожати йўқ