Қабристонларни обод этайлик!

Қабристонларни обод этайликИнсон бу дунёга бир марта келади ва у табиатан бахт-саодатга интилиб яшайди. Шу сабабдан ҳам, у ўзининг мақсадларини рўёбга чиқариш учун ҳаётда қандай яшаши кераклиги хусусидаги қонун-қоидалар ҳақида баҳс юритади. Шу маънода одамлар ҳақ йўлдан тоймасликка, ҳаётда эзгу из қолдириб, иймон-эътиқод ва ҳидоят йўлида улуғ мақсадлар билан яшашга даъват этилади. Ҳозирги даврда аҳолининг турмуши юксалганлигини, фаровонлашганини, кўп соҳаларда унинг ўз орзу-истакларига етишганини инкор этолмаймиз.

Зеро, Сайрамнинг ўзидаги хонадонларнинг 80 фоизида бир нечтадан енгил автомашина бор. Қисқа вақт ичида қад кўтарган муҳташам бинолар, деярли барча маҳаллаларда қурилган янги тўйхоналар қалбни руҳлантиради, дилга ором бағишлайди. Чойхона, қаҳвахона, ресторан ва бошқа турли савдо ўринлари ҳақида гапришнинг ҳожати ҳам йўқ. Мазкур жойларнинг атрофлари тоза, йўлакларига ранг-баранг плиткалар тўшалган, зинапоялари мармардан ишланган. Буларнинг ҳаммаси инсонлар учун. Сайрамнинг кўркини ошираётган шу кўчмас мулкларнинг ҳаммасида эга бор. Улар кичик ва ўрта бизнес билан шуғулланаётган  тадбиркорлар.
Ушбу мақолани ёзишдан мақсад – жойлардаги маҳалла қўмиталарининг аъзолари, қишлоқ оқсоқоллари, масжидлар имомлари, тадбиркорлар ва қишлоқ ҳокимликларининг эътиборини қабристонларнинг ҳозирги аҳволига қаратишдир. Чунки ўлим – ҳаётнинг муқаррар якуни, қабристонлар эса ҳар бир инсон борадиган сўнгги манзил эканлигини ҳеч ким инкор этолмайди.
Маълумки, илгаридан то ҳозирги кунга қадар қишлоқдаги қабристонларнинг тайинли эгаси бўлмаган ва уни назорат қилиш, ободонлаштириш ишлари ҳеч кимга, ҳеч қандай ташкилотга расмий равишда юклатилмаган. Бунга сабаб шуки, давлат томонидан янгидан қабристон барпо этиш, уни таъмирлаш,  ободонлаштириш ишларига маблағ ажратилмайди. Шунинг учун юқоридаги  чора-тадбирларнинг ҳаммасини ма-ҳаллий аҳоли, жамоатчилик ўз зиммасига олади. Акс ҳолда қабристонларнинг хароба аҳволда ва ташландиқ ҳолатда қолавериши турган гап. Яширишнинг ҳожати йўқки, инсон манфаатсиз бир қадам ҳам босмайди, шундай экан, мозорларни обод қилиш ишларини ҳам ҳеч ким ўз зиммасига олмайди. Ушбу муаммони бартараф этишнинг бирдан бир йўли, шу ҳудудларда яшовчи аҳолига мурожаат қилишдир.
Кўҳна Сайрамнинг марказида жойлашган “Мирали бобо” қабристонининг барпо бўлганига салкам минг йил бўлган экан. Бу ерда ёғингарчилик таъсирида кўплаган қабрлар чўка бошлади. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида 2007 йилдан бошлаб қишлоқ оқсоқоллари Низомиддин ота Тошпўлатов, Қувониш ота Абдураҳмонов, Деҳқон ота Салметов, Ҳакимжон ота Абдулҳасанов, марказий масжиднинг бош имоми, марҳум Убайдулла ҳожи ва қишлоқдаги 20 та маҳалла қўмитасининг раислари иштирокида бир неча марта йиғилишлар ўтказдик. Натижада, марказдан тўрт чақирим нарида жойлашган “Симча” маҳалласида янги қабристон қуришга қарор қилинди. Аҳмад Яссавий номли ишлаб чиқариш ширкатининг раҳбарияти ушбу жойдан 5 гектар ер ажратиб, уни ҳужжатлаштиришга ёрдам кўрсатди. Аҳолидан йиғилган 1,5 миллион тенге пул ва ташкил этилган ҳашарлар ёрдамида 2008 йилда “Симча” қабристони фойдаланишга топширилди. Сайрамликларнинг аҳиллиги ва меҳнатсеварлиги ўз самарасини берди. Авваллари нотекис, ўйдим-чуқур, чакалакзор бўлган жой ҳозир обод маконга айлантирилди. Янги қабристон қурилишига тадбиркорлардан Деҳқон ота Салметов, Қўрғонбой ота Ҳолиқулов, Қувониш ота Абдураҳмонов ва Ўсканбой Салметовлар баҳоли қудрат ҳомийлик қилишди.
Ҳашарларни уюштиришда фаоллик кўрсатган маҳалла қўмиталари раислари Бояҳмат Ислом-шиқов, Ҳасан Алимбоев, Муродвой Маҳкамбоев, Каримқул Шомирзаев, Мирзакарим Мусаметов, Каримбой Тоиров, Юнусмат Ҳолиқулов, шунингдек, фаоллардан Сатторхон Абдураҳмонов, Икромжон Раҳимжонов ва Ҳусантой Азимовларнинг беминнат хизматидан барча миннатдор.  Мирсоли исмли йигит бетондан 100 метрли девор қурдириб, 25 метрдан зиёд бетон йўлак тўшаб берди.
Янги қабристон қурилишини бошлашдан аввал Тўлебий туманидаги ва Қорамурт қишлоғидаги “Калон бобо” қабристонларини кўриб, мамнун бўлганмиз. Ўша жойларда катта ҳашаматли иморатлар бунёд этилиб, ўриндиқлар қўйилган, атрофи панжара билан ўралган экан. Тўлебий туманидаги бошқа бир қабрис-тоннинг атрофи ўралмаганидан, у жойда  қорамоллар юрганини кўрганмиз. Яқинда Қорабулоқ ва Манкент қишлоқларининг марказида жойлашган мозорларни кўриб қайтдик. Мақсадимиз, Сайрамдаги қабристонлар билан таққослаб, ўрнак олиш ва ижобий тарафларини ўрганиш эди. Лекин аҳвол биз ўйлагандай бўлмади. Қорабулоқдаги қабристоннинг ярмигача оралаб кўрдик. Чакалакзор, тиконлар ўрилмаган, йўлаклар йўқ, айрим гўрларни ит ковлаган, суяк, бакалашкалардан тозаланмаган. Тобут ва майит ювиладиган тахталар жуда эскирган.
Манкентда қабристоннинг фақат киравериш жойини кўрдик. У ерда ҳам дафн маросимида ўтирадиган жойлар ночор. Ҳашар йўли билан атрофдаги ариқларни тўғирлаб, дарвоза қуриб, гуллар ўтқазиб қўйилса, жуда соз бўларди. Ҳар ҳолда иккала жойдаги манзарадан кўнглимиз тўлмади.
Албатта, ҳамма нарса маблағ масаласига бориб тақалади. Енг шимариб иш бошланса, қабристонлар обод бўлиши мумкин. Эътиборсизлик инсоний фазилатларимизга доғ туширади. Қўшни қишлоқлардаги ҳамюртларимиз Сайрамга келиб, ютуқ ва камчиликларимиз билан танишишади ҳамда  келажакда биз билан дўстона алоқа ўрнатишади, деган умиддамиз.

Ҳакимжон
 АБДУЛҲАСАНОВ.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ