
– Ойи, ўзи ишимнинг мазаси бўлмайроқ турибди. Кунига комиссия келиб, “йиғди-йиғди” жонга тегди. Яқинда олиб берган дори тугаб қолди, деганингиз нимаси? Ойликкача сабр қилиб туринг-да! — деган ўғил эшикни қарсиллатиб ёпди.
Буни эшитган Гулсара аянинг юзига биров тарсаки тортгандай бўлди.
Кўчага чиққанида қўшни келин дарвоза олдига сув сепиб, супураётган экан. Девор тагидаги ўриндиққа ўтириб, атрофни кузата бошлади. Кўча бошида ҳассасини дўқиллатиб, Даврон ота кўринди. Қўлидаги елим халтачада дори-дармонлар, шприцлар кўринарди. Гулсара опа ва келин у билан сўрашдилар. Ўтиб кетгач:
– Шу Даврон отага ҳам ҳайронсан. Ҳар куни кампирига халтачада дори ташийди. Ўғилларида қўша-қўша машина бор. Бир оғиз айтса, олиб келишади-ку! — деди куюнгандай қўшни келин.
Гулсара ая уйидаги дилхираликни эслаб, чуқур хўрсинди. Ўнта ўғлинг бўлса бўлсин, ўзингнинг чолингдан қўймасин, деган нақл бор. Балки умр йўлдоши ҳаёт бўлганида дорилар малол келмасмиди? Яна ким билади, дейсиз…
…У қийинчилик билан вояга етди. Бир этак бола билан бева қолган онаси уни ўқишга юборди. “Болам, ўқимаганим сабабли, жуда қийналдим. Энди сенлар ўқи”, деганди онаси раҳматли. Ўқишни битириб, Равшан ака билан турмуш қурди. Билимдонлиги, чаққонлиги билан кўзга кўриниб, аста-секин юқори лавозимларга кўтарилди. Аёл кишининг раҳбар лавозимда ишлаши қийин масала. Бола тарбияси, ош-овқат, рўзғор ишларини бирваракайига бажариш, унга баъзида оғирлик қилар, ўшандай пайтда Равшан ака унга яқиндан ёрдам берарди. Камини тўлдириб, яхшисини оширар, онаси келиб қолса, бунинг барини Гулсара уддалади, деб мақтаб ҳам қўярди. Жуфтинг билан қўша қаригин, деган қайнонасининг дуоси ижобат бўлмади. Чиройли турмушига кўз тегди чоғи, Равшан ака юрак хасталигига дучор бўлди ва кўп ўтмай, дунёдан кўз юмди. Кўрган кунлари ҳолва экан, кейингиси ғалва бўлди. Қайнюртидан эшитмаган сўзи қолмади. Болалари вояга етгунича жуда ҳам қийналди.
Унинг қўлини сўраб келганлар ҳам анча бўлди. Раҳбар бўлиб ишлаб юрганида орияти йўл қўймаганди. Ёши етиб, нафақага чиққач, ўз-ўзидан ёлғизлана бошлади. Қизлари турмушга чиқиб, ўғиллари уйланишди. Йилдан-йилга кўпайиб бораётган неваралари ҳам мактабга, боғчага боришади. Бу кунларга беҳисоб шукроналар келтириб яшаяпти. Лекин қариликнинг ўзига яраша файзи, қийноғи, дарди мужассам. Қариси бор уйнинг париси бор, деб бежиз айтилмаган. Тенги топилиб, шу ёшида ҳам эшик қоқаётганлар кам эмасди.
Қариган чоғида сирдош бўлиб, қалбидаги дардни бўлишмоқликка яқин кишини ахтариб қоларкан, инсон. ”Ёлғизликка маҳкумман” — дерди ўз-ўзига Гулсара ая. Келганлар орасида тенгдошлари, ёши улуғроқлари ҳам бор. Улар ҳам ўзи сингари ёлғизликдан жони озор топганлар бўлса, не ажаб?
Фарзандлари: “Қариган чоғингизда турмушга чиқиб, бизни шарманда қилмоқчимисиз?” — дейишгач, уларга рад жавобини бериб юборди.
Оллоҳ ҳар бандага қўша-қаришлик бахтини насиб этмаслиги мумкин. Жуфтларидан айрилганлар бир қаноти йўқ қушларга қиёсланган. Бизни дунёга келтириб, вояга етказган ота-оналаримизни ҳар қанча эъзозласак, ҳурматласак, камлик қилади. Лекин уларнинг кемтик дилини тўлдира олармиканмиз? Сиз-у бизга дилини ёриб айта олмаган, ички дунёсини ларзага соладиган муаммолари йўқ, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Расули акрам(с.а.в)нинг ҳадиси шарифларида шундай дейилган: “Учта дуо қабулдир, ота-онанинг болага қилган дуоибади, мусофир дуоси, мазлум дуоси”. Ота-оналаримизнинг оқ фотиҳаси ҳаёт йўлимизнинг равонлигига, бахтимиз баркамоллиги, умримизнинг безаволлигига кафолатдир. Ота-оналаримизни иккинчи бора турмуш қуриш учун ундаб, олдиларидан ўтиб қўйсак, бундан олажак савобимиз кўп бўлса кўп-ки, кам бўлмас. Қандай йўл тутиш, уларнинг ихтиёрида. Онасини елкасида етти марта ҳаж қилдирган йигит унинг бир кунлик тўлғоғи қарзидан аранг қутулибди. Биз ота-оналаримиз олдидаги қарзимизни қай йўл билан уза оламиз? Фурсат ўтмасидан бир ўйлаб кўрайлик, азизлар!
Гулбаҳром ОБОТОВА,
“Шуъла” ижодий уюшмаси аъзоси.

