Ҳеч қачон уруш бўлмасин!

на следующий номер

Яқиндагина Улуғ Ватан урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 71 йиллигини нишонладик. Жорий йилнинг 22 июнь куни эса, ушбу машъум урушнинг бошланганига 75 йил тўлади. Тарихга назар солсак, айни шу куни Германия уруш эълон қилмай туриб, СССРга ҳужум қилганди. Гитлерчиларнинг ҳужумига учраган дастлабки манзил – Белоруссиянинг Брест қалъаси ва Брест шаҳри эди. Камина ушбу шаҳарни ўз кўзим билан кўриш шарафига муяссар бўлганман.

…1974 йилнинг май ойида бир неча ҳамкасблар билан “Казахстанец” сайёҳлик поездида қаҳрамон шаҳарлар бўйлаб саёҳатга чиққандик. Мақсад – ўша урушда ҳалокатга учраган шаҳарларни, жанг майдонларида ҳалок бўлган қаҳрамонларнинг хотирасига қурилган монументларни кўриш, биродарлик қабристонларида бўлиш, у ерларда дафн этилган қариндош-уруғларнинг руҳи покларига Қуръон тиловат қилиш, таъзим бажо келтириш эди.
Сафар давомида Волгоград, Смоленск, Москва, Ленинград, Минск, Брест каби Қаҳрамон шаҳарларда бўлдик, тарихий жойлар билан танишдик. Жумладан, Волгограддаги марказий музейда, Мамаев Курганда, Павлов уйида, Ленинграддаги Пискарёв қабристонида марҳумлар хотирасига Қуръон тиловат қилдик.
Тарихий Брест қалъаси! Ушбу қалъада 8 ўқчи батальон, 1 разведка, 2 артиллерия дивизиони бўлган. Жами 9 минг нафар турғуни бор бу жойни бир ҳамла билан олиш немисларнинг 45-пиёда дивизиясига юклатилган экан. Аммо 24 июнь куни немислар қалъанинг Волин ва Тирасполь истеҳкомларинигина эгаллашади. Фақат шундан сўнг, 28 июндагина немис танклари Белоруссиянинг пойтахти Минскка бостириб киради.
29 июнь куни қалъани ҳимоя қилиш охирига етди. Кўплаб аскарлар немислар томонидан асирга олинди. Тарихий ҳужжатларда кўрсатилишича, Брест қалъасини ҳимоя қилишда 33 миллат вакиллари қатнашишган. Қозоғистонликлар орасида Ғ. Жуматаев, Ш. Шолтиров, К. Абдураҳмонов, К. Иманқулов ва бошқалар бор эди.
Белоруссия ҳудудидаги урушнинг шафқатсизлигига гитлерчиларнинг бу жойда 260 дан ортиқ ўлим лагерлари ташкил этишгани гувоҳлик беради. Уруш йилларида Белоруссия ҳудудида 2 миллион 200 минг одам асирга тушган, 380 минг фуқаро Германияга оғир ишларга олиб кетилган, 209 шаҳар ва туман марказлари, 9200 қишлоқ вайрон қилинган, 3 миллион одам бошпанасиз қолган.
Фашистлар 10 мингта саноат корхоналари ҳамда электростанцияларни, ўн минг колхоз, 92 совхоз, 316 МТСни талон-торож қилишган. 10000 автомашина, 90000 трактор Германияга олиб кетилди. 5200 клуб, 200 кутубхона, 26 музей, 6177 мактаб, 2600 болалар боғчаси ишдан чиққан…
Ўтмишнинг мана шундай ҳалокатли воқеалари ва ҳодисаларидан воқиф бўларканмиз, Брест қалъаси ҳимоячиларининг қаҳрамонликларига яна бир карра таъзим бажо айладик. Қалъа деворларининг бирида ёзилган: “Мен ўляпман, аммо таслим бўлмайман” – деган ёзувни ўз кўзимиз билан кўрдик.
Урушдан кейин Брест қалъаси қаҳрамонларининг номларини абадийлаштириш борасида қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 1965 йилнинг 8 июнида Брест қалъасига “Қаҳрамон қалъа” унвони берилди. “Маросим” майдонида қаҳрамонлик монументи ўрнатилди, “Мангу олов” ёниб турибди, майдон ёнида Брест қалъасининг тарихий музейи жойлашган. Ўша қонли жанг тасвирланган “Ўлмас гарнизон” бадиий фильми Константин Симонов сценарияси асосида яратилди…
Буюк Ғалабага қозоғистонликлар ҳам ўзларининг улушларини қўшдилар. Жами 1 миллион 196164 нафар ёки 20 фоиз Қозоғистон аҳолиси уруш майдонларига сафарбар этилди. 601900 нафар жангчи ҳалок бўлди. Бу Қозоғистон аҳолисининг 12 фоизини ташкил этди. Жанг майдонларида қозоғистонликлар мислсиз қаҳрамонлик кўрсатдилар. 499 ҳамюртимиз Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлишди. Улар қаторида Маншук Мамедова, Алия Молдағулова каби қозоқ қизлари, Зиёмат Ҳусанов, Бўтабой Содиқов, Тоштемир Рустамов каби довюрак ҳамюртларимиз бор.
Бугунги кунда Қозоғистон фуқаролари бахтиёр умр кечиришмоқда. Бу кунларни бизга бир қошиқ қони қолгунча жанг майдонларида курашган кекса авлод вакиллари туҳфа қилишган. Шунинг учун ҳам, кекса авлод вакиллари ҳар қачон ҳурмат ва эҳтиромга лойиқдирлар. Уларга ҳурмат ва ташаккуримиз ҳеч қачон адо бўлмайди, қон билан келган Буюк Ғалабанинг қаҳрамонларига қанча эҳтиром кўрсатсак ҳам оз.
Ниятимиз – фарзандларимиз ҳеч қачон уруш кўрмасинлар. Мустақил юртимизнинг осмони очиқ, келажаги порлоқ бўлиб, дунёнинг энг ривожланган 30 мамлакатлари қаторидан ўрин олсин, бахтиёр яшаш ҳар биримизга насиб этсин!
Бирлигимиз ва миллатлараро дўстлигимиз мустаҳкамланаверсин!

Каримжон ҳожи ЮСВАЛИЕВ,
жамоат фахрийси.

Изоҳнинг ҳожати йўқ