
Шундай одамлар борки, уларнинг юриш-туришлари, гап-сўзлари, фикр-мулоҳазалари, ҳаётий тажрибаси кўпчиликка ибрат. Ана шундай инсонлардан бири, бугунги ҳикоямнинг бош қаҳрамони “Казниихимпроект” ёпиқ ҳиссадорлик жамияти технология мажмуаси инженер-механиги, технология мажмуасининг раҳбари Салоҳиддин Эминовдир.
У 1941 йил 15 ноябрь куни Шимкентнинг “Эски шаҳар” даҳасида, Ҳакимжон ака ва Тўхтажон опаларнинг хонадонида таваллуд топган.
Ҳакимжон аканинг ота-боболари азалдан деҳқончилик билан шуғулланган. Айниқса, Эмин бобонинг ариқ тортиши, уруғ сепиши ва сабзавотларни парвариш қилиши кўпчиликни ҳайрон қолдирган. Рухабза момо ҳам эпчилгина жувон бўлиб, колхозда меҳнат қилган, кексайгунларига қадар омборда ишлаган.
Ўртанча ўғиллари Ҳакимжон ака ҳам деҳқончилик билан шуғулланиб, оилани шундан тушган даромад билан асраган. Рафиқаси Тўхтажон опа эса кечаю-кундуз колхозда меҳнат қилиб, бўш вақтларида болалар тарбияси билан машғул бўлган.
Улуғ Ватан уруши бошланганидан сўнг Эмин отанинг уч ўғли фронтга кетади. Энг каттаси Ҳожимурод меҳнат батальонида бўлса, Ҳакимжон Свердловск шаҳрида танк ишлаб чиқаради, Каримжон эса урушнинг дастлабки чоғидаёқ икки оёғидан айрилиб, госпиталдан яқинларига шундай мазмунда хат йўллайди: “Мен икки оёғимдан ажралдим, ҳаётнинг менга қизиғи йўқ, эр йигит учун бундан ортиқ бахтсизлик бўлмаса керак”.
Эмин отанинг икки қизи бўлиб, Ҳузура ва Норхонларнинг куёвлари – Тўламат ва Ниёзматлар ҳам фронтга жўнагач, беш фарзандининг болаларини асраб-авайлаш отанинг зиммасига тушади. У Рухабза ая билан эрталабдан кечгача томорқасида ишлар, етиштирган сабзавотларини шаҳар бозорида сотиб, Қорабулоқдан нўхот, ясмиқ, мош ва шунга ўхшаш егуликларни харид қилиб, кулранг эшагига ортиб келарди.
– Оилада катталардан ташқари йигирма чоғли бола бўлиб, шулардан энг кенжатойи, эркатойи мен эдим. Бобом бир бурда нонни аввал менинг олдимга қўяр, сўнгра бошқаларга тақсимларди,– дейди болалик йилларини эслаб Салоҳиддин ака. – Уруш кетаётган жойлар биздан анча узоқда бўлсада, унинг совуқ шарпаси ҳар бир хонадонда, ҳар бир оилада сезилиб турарди.
Айниқса, биз, болалар катталарнинг қайғусини мунгли кўзларидан англардик. Фронтдан хат-хабар келди дегунча, бувиларимизнинг, оналаримизнинг, аммаларимизнинг пинжига тиқилиб, хат мазмуни қандай эканлигини билишга ошиқардик. Хушхабар бўлса қувониб, қайғули хабарни эшитсак, мунғайиб қолардик. Дадам Ҳакимжондан, амаким Каримжондан, поччам Тўламатдан “қора хат” келганида уйимизда аёллар уввос кўтариб йиғлагани, бурчак-бурчакда бир-биримизнинг пинжимизга суқилиб, кўз ёшларимизни тиёлмай ўтирганимиз ҳануз ёдимда. Ўша пайтларда тўрт-беш ёшларда бўлсам керак. Уруш йилларида ”қора хат” кириб келмаган, бирон бир яқинига аза очилмаган хонадон йўқ эди чамамда. Лекин одамлар бардошли, иродали эдилар. Улар қайғу ҳасратларини енгишга, кўз ёшларини бировга кўрсатмасликка ҳаракат қилардилар. Улар-нинг бирдан бир юпанчиғи бу – эрталабдан кечгача даладаги оғир меҳнатлари эди. Одамлар ”Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун” шиори остида тинмай меҳнат қилардилар. Улуғ Ватан уруши йигирма миллиондан ортиқ кишининг ёстиғини қуритди. Шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланди. Халқимиз кўп талафот кўрди. Лекин совет жангчилари немис газандалари устидан ғалаба қозондилар. Бизнинг болалигимиз ана шундай оғир ва синовли даврга тўғри келди.
Дарҳақиқат, беғубор болалигидан айрилиб, қоп-қора мунчоқ кўзларида айрилиқнинг муҳри босилган, тарих зарварақларига “уруш болалари” деб киритилган бу мурғак қалблар бугунги кунда Эл оғалари, пири-бадавлат отахонлардир.
Салоҳиддин Эминов 1948 йилнинг 1 сентябрида Сталин колхозидаги Сталин номли ўрта мактабнинг 1-синфига қабул қилинади. Уни бошланғич синф ўқитувчиси Олимбой ака қабул қилиб олади. Устоз фронтдан бир оёғидан ажралиб келган, ногирон эди. Лекин шунга қарамай бутун меҳр-муҳаббатини, билимини шогирдларидан аямайди. Айниқса, Салоҳиддинга меҳри бўлакча эди. Қорачадан келган, қоп-қора кўзлари теран боқувчи бу болакайнинг билим олишга иштиёқи кучли бўлиб, ҳисобни тўғри ечар, икки йўллик масала жавобларини ҳам катталарнинг ёрдамисиз ўзи бажарарди. Салоҳиддин икки йилча шу билим даргоҳида таълим олгач, оилавий шароит туфайли, яъни табиат офати туфайли (уйларини сув босгач), Тельман даҳасидаги ўрта мактабда ўқишини давом эттиради. Боладаги ўқишга бўлган иштиёқни пайқаган устозлари унга кўпроқ топшириқлар берадилар. Ушбу таълим даргоҳи тўрт йиллик бўлганлиги сабабли у 5-синфдан то 10-синфга қадар ўқишни Сталин номли мактабда давом эттиради. Салоҳиддин алгебра, кимё, физика, астрономия фанларини чуқурроқ эгаллашга бел боғлайди. Шу билан биргаликда у мактаб кутубхонасининг доимий ўқувчисига айланади. Абдулла Қодирий-нинг “Ўтган кунлар”, ”Меҳробдан чаён”, Ойбекнинг ”Қутлуғ қон”, Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча”, Садриддин Айнийнинг “Қуллар” романларини ҳамда Миртемирнинг шеърларини севиб ўқийди.
Салоҳиддинда ёшлигиданоқ радиотехникага қизиқиш катта эди. Ўзи мустақил равишда “детекторли радио-приёмник” ихтиро қилган.
1958 йили мактабни аъло баҳоларга тамомлаган Салоҳиддин олийгоҳга ҳужжат топширишга шошилмайди. Чунки отаси урушдан қайтмаган, катта опаси Манзура ҳам турмуш қилиб кетганди. Оиланинг ташвишлари ёш йигитчанинг зиммасида эди. У шу йили “Деревохимпром” артелида устага шогирд тушиб, дурадгорлик касбини эгаллайди. Икки йилча шу ерда меҳнат қилади.
1960-1964 йилларда эса ”Партия ХХI съезди” совхозида дурадгор, механик-чилангар бўлиб фаолият юритади.
Урушдан қайтмаган ёрини кута-кута кўзлари йўлларида нигорон бўлган Тўхтажон аянинг яккаю ягона орзуси ўғлини уйлантириб, набира суйиш эди. Онаизорининг ниятини пайқаган Салоҳиддин ҳам Умриниса исмли гўзал қизга кўнгли борлигини айтади. Катталарнинг саъй-ҳаракатлари билан тўй бўлиб ўтади. Ёш келинчак ҳам қайнонаси Тўхтажоннинг ёнида колхозда фаолият юритади. Бирин-кетин фарзандлар дунёга келади. Катта қизи Махсуда, ўғиллари Қутбиддин, Исомиддин, Камолиддин ва кенжатойлари Ирисойлар оила қувончига айланади.
Салоҳиддин Эминов билимини мустаҳкамлаш мақсадида 1964 йили Қозоқ химия технология институтининг “Химия саноати машина ва ускуналари” факультетига ўқишга киради. Олийгоҳни имтиёзли диплом билан тамомлаган ёш мутахассис “Казниихимпроект” ёпиқ хиссадорлик жамияти технология мажмуасига инженер-механик бўлиб ишга жойлашади.
– Оила ташвишлари зиммамда бўлишига қарамай, олийгоҳда аъло баҳоларга ўқидим. Дарслар рус тилида олиб бориларди. Эшитган лекциялардан қониқмасам, олийгоҳ кутубхонасидаги китоблардан фойдаланардим,– дейди Салоҳиддин ака ёшлик йилларини эсга олиб. – Амалиётни ҳам зўр қизиқиш билан ўтганман. Устозларим елкамга қўлини қўйиб, сендан умидимиз катта, билимга нисбатан бошқаларда учрамайдиган кучли иштиёқ бор, дердилар.
Ҳаётда ўз ўрнимни топишимда, мустақил касб эгаси бўлишимда устозим Алексей Иванович Лининг хизматлари катта. У шогирдларига нисбатан жуда қаттиққўл, лекин вақти келганида ёрдамини аямайдиган олижаноб инсон бўлиб, ишга нисбатан лоқайдликни кечиролмасди. Айниқса, ишда учрайдиган камчиликларни ўз вақтида бартараф этишга биз, ёшларни сафарбар этарди. Шу боисдан ҳозирги кунга қадар ишга кечикмасликни, ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаришни одат қилганман. Яратганга минг шукурки, мана, қирқ олти йилдирки, ана шу анъаналарга содиқ ҳолда меҳнат қилиб келаман.
Меҳнат фаолиятимни инженерликдан бошлаб, сўнг катта инженер, гуруҳ раҳбари, бош мутахассис, механика-технология бўлимининг бошлиғи, неорганик бирикмалар бўлимининг бошлиғи бўлиб ишладим, 1994 йилдан ҳозирги кунга қадар механика-технология бўлимининг раҳбариман.
Салоҳиддин Эминов сариқ фосфор, сульфат кислотаси, минерал ўғитлар, реактив фосфор тузлари, тиббиёт ускуналари ва доривор препаратлар ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда мудофаа саноати иншоотлари ва бошқа объектларни лойиҳалаш, ишга тушириш ва ўзлаштиришда бевосита қатнашди. Доғистон, Бошқирдистон ва Донецк вилоятидаги химия комбинатлари, Шимкентдаги “Фосфор” ишлаб чиқариш бирлашмасидаги бир қанча иншоотлар, Тароз, Ақтау ва Қоратов шаҳарларидаги талай комбинат ҳамда заводлар шулар жумласидан.
Самарали ва фидокорона меҳнатлари учун С. Эминов кўп бор институтнинг, Минерал ўғитлар вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган, 1982 йилдан бери Минерал ўғитлар вазирлиги аълочисидир.
– Қозоғистонимиз мустақилликка эришгандан сўнг дин, тил эркинликлари берилди, – дейди у. – Қулоқ қилиниб, “халқ душмани” аталган халқнинг асл фарзандлари тарихга қайтарилди. Ана шундай тинч-тотув даврда вилоятимизда 120дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир чанғароқ остида тинч-тотув яшашмоқда. Салоҳиятли Элбошимизнинг олиб бораётган сиёсати ҳам мақтовга арзигулик. Ёшларнинг билим олиши учун мамлакатимизда барча шарт-шароитлар яратилган. Шу сабабли ҳар битта ўғил-қизга айтадиганим: буюк мақсадларга фақат мустаҳкам билим орқалигина эришилади. Яна шуни таъкидлаш жоизки, юқори савияли, тарбияли инсонгина ўзини ва бошқаларни эзгу амалларга етаклай олади.
Бугунги кунда Қозоғистонни элликта ривожланган давлат қаторида кўриш ҳам халқимизнинг тинимсиз изланишлари, меҳнатлари туфайлидир.
74 ёшни қаршилаш арафасида турган Салоҳиддин Эминов билан суҳбатимни якунлар эканман, бу инсондаги ҳаётга бўлган иштиёқни, ғайрату шижоатни, касбига бўлган меҳрни кўрдиму, дунё мана шундай меҳнаткаш, фидойи инсонлар билан гўзал ва бекамикўст эканлигига яна бир карра амин бўлдим.
Йигирмадан ортиқ невара, олтита эваранинг севимли буважониси Салоҳиддин отага ва Умриниса аяжонларга фақат Оллоҳдан соғлик-саломатлик ва узоқ умр, хонадонларига тинчлик-хотиржамлик тилаб, хайрлашдим.
Саодат МЎМИНБОЙ қизи.
Шимкент шаҳри.


ha nice articles jqfk3 :-)
ha nice articles uuhq3 :-)
ha nice articles jkci3 :-)