50 йилдан сўнгги дийдорлашув

Top(1)

Мактаб остонасини ҳатлаб, мустақил ҳаётга қадам қўйган ҳамюртларимиз ўзларининг 40, 50, 60 йиллик учрашувларини нишонлаётганликларини газеталар саҳифаларида, деярли ҳар куни ўқимоқдамиз. Қандай яхши-я! Собиқ ўқувчилар ўзларининг синфдошлари билан яна юз кўришишса…

Болалик, ёшлик даврларининг энг беғубор онларини яна ёдга олиш, қувонч кўзлари билан термулган синфдошларига илиқ гапларини айтиш, ўтганларни яхши ном ила ёд этиб, ҳақларига дуолар қилиш – буларнинг барчаси ўша дийдорлашув онларининг инсонга муносиб туҳфаларидир.
Шимкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек номли 3-сонли ўрта мактабнинг собиқ битирувчилари, мана, 50 йилдан сўнг яна қайтадан дийдорлашдилар. 1966 йили таълим даргоҳини тамомлаган 70 ўқувчининг 55 нафари бугун ҳаёт.
Ёш тадбиркор Гавҳар Ҳожиметованинг шаҳардаги муҳташам “Di Gabi” ресторанида ўтган ушбу шодиёнада 28 нафар синфдошга дийдорлашув онлари насиб этди. Тадбир ташкилотчилари – Фароғат ҳожи Ҳожиметова, Ўктам ака Тўйчиев, Сайфулла ака Отахўжаевларнинг саъй-ҳаракатлари билан учрашув файзли ва мароқли ўтди, ҳеч ким эътибордан четда қолмади.
1956 йили мурғак болакайлар 1-синфга қадам қўйишганида, уларга илк қалам тутқазган устоз – 96 ёшли Нуриниса ая Расулметова бугунги кунда невара-эваралари ардоғида қарилик гаштини сурмоқда. Синфдошлар тадбир бошланишидан олдин Нуриниса аяни зиёрат қилишиб, у кишининг ҳолидан хабар олишди. Улар 84 ёшли устозлари Мўмин ота Фозиловнинг ҳам дуосини олишди. Математика ва чизмачилик фанларидан сабоқ берган Абдураззоқ ҳожи Шокировнинг шахсан иштирок этиши эса, тадбирга яна-да файз киритди.
Собиқ синфдошлардан Фароғат ҳожи Ҳожиметова республика миқёсида танилган жамоат арбоби, шахсан Президентимиз Н. А. Назарбаевнинг қўлидан “Бирлик” олтин медалини олиш шарафига муяссар бўлган кайвони онахон, Шимкент киномеханика заводида кўп йиллар омбор мудираси бўлиб сидқидилдан меҳнат қилган фахрий, ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти ва вилоят ўзбек этномаданият маркази кенгашлари аъзоси, “Шапағат” медали соҳибаси, кўплаб хайрли ишлари билан танилган йирик меценат, ўзбекзабон газеталарнинг яқин дўсти ва доимий обуначисидир.
Давра иштирокчиларидан Шарифа опа Туёқова ва Мамлакат опа Турсуметова шаҳардаги Мавлоно Муқимий номли 13-сонли ва Фурқат номли 37-сонли ўрта мактабларда сабоқ берган қадрли устозлардир.
Шунингдек, шаҳардаги йирик савдо дўконларидан бирига мудирлик қилиб, бугунги кунда ЖҚПУ президентининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаётган Анвар ака Туёқов, олий тоифали доришунос-провизор Назира опа Турсуметова, Шимкент “Химфарм” заводида кўп йиллар смена бошлиғи бўлиб ишлаган Сайфулла ака Отахўжаев, шаҳар умумий овқатланиш тизимида омбор мудири бўлиб фаолият юритган Ўктам ака Тўйчиевлар ҳам мактаб онларини эслашиб, қувончларини баҳам кўришди.
Дарвоқе, собиқ синфдошлардан С. Отахўжаев ва Ш. Туёқова, Ш. Юнусов ва С. Турсуметова, Р. Ҳайитметов ва Қ. Сайдазимова, С. Султонмуродов ва М. Иноқовалар мактаб даврларидаёқ ўзаро аҳд-у паймон қилишиб, оила қуришган, бугунги кунда ўзаро қуда-андачилик ҳам қилишмоқда.
18 марта ҳаж амалларини бажарган Фароғат опа Ҳожиметовадан ибрат олган Зуҳра опа Ашурхўжаева, Назира опа Турсуметова, Ойимжон опа Тошметова, Назира опа Отахўжаева, Анвар ака Туёқовлар ҳам ҳожилик мартабасига эришишди.
Мазкур файзли тадбирда «Қазақстан-Шимкент» телеканалининг “Юртимиз жамоли” телекўрсатуви бош муҳаррири Зебо опа Бекметова ҳам иштирок этиб, алоҳида кўрсатув тайёрлагани эътиборга моликдир.
Синфдошлар ҳар ой сайин “гап ейиш” ҳақида ўзаро маслаҳатлашиб, кейинги дийдорлашув кечасига барча синфдошларни тўлиқ жалб этишга келишиб олдилар.
Она Ватанимизда тинчлик, осойишталик барқарор экан, бундай дийдорлашув онлари ҳали кўплаб уюштирилади.

С. ТУРСУНМЕТОВ.

Тасвирда: Мирзо Улуғбек номли 3-сонли ўрта мактабнинг битирувчилари.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ