Алоқа | Обуна

Павлодар сафари

SAM_1093

Павлодар шаҳар ўзбек этномаданят марказининг фаолияти билан яқиндан танишиш нияти менда ўтган йили туғилганди. Мавриди келиб, жорий йилнинг май ойи бошида бир гуруҳ касбдошлар билан Павлодарга йўлга отландик.
Ватанимизнинг бепоён сарҳадлари, кенгликларини томоша қилиб, унинг нақадар гўзал, бетакрор юрт эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Темир йўл вокзалида бизни Павлодар вилояти ўзбек этномаданият маркази раиси Алижон Мираҳмедов, Павлодар шаҳар ўзбек этномаданият маркази раиси, ҳамюртимиз Улуғбек Аҳмедов ва талабалар кутиб олишди.
Дастлабки куни вилоят славян этномаданият марказининг Буюк Ғалаба барамига ҳамда Қозоғистон Республикаси қуролли кучлари санасига бағишланган тадбирида иштирок этдик. Славян этномаданият маркази раисаси Татьяна Кузина мазкур жамоа олиб бораётган ишлар билан таништирди. Суҳбат мароқли кечди.
Тадбирда иштирок этган ҳарбийларнинг сўзлари ва маҳаллий шоир-шоираларнинг эҳтиросга тўла шеърлари барчани ром этди. Кеча сўнгида “Маншук Мамедова” бадиий фильми намойиш этилди.


Эртаси куни шаҳар оралаб, унинг марказидаги “Дўстлик уйи”га ташриф буюрдик. Павлодарнинг кўркига айланган ушбу бино 2008 йили Элбошимиз Н. Назарбаев иштирокида очилган экан. Унинг иккинчи қаватида 24 та этномаданият марказлари жойлашган. Бинога кираверишда: “Павлодар облысы Қазақстан Халқы ассамблеясы” – дея ёзиб қўйилган.
Дўстлик уйининг биринчи қаватида катта анжуманлар зали, иккинчи қаватида эса, мажлислар зали бор. Ҳар бир этномаданият маркази учун алоҳида репетиция зали жиҳозланган. Мана шундай залворли, ҳашаматли дўстлик уйлари бошқа жойларда ҳам қурилса, келажак учун хайрли иш қилинган бўларди, дея ўйладим.
Ўша куни анжуманлар зали талабалар, миллатдош ўқувчилар ва расмий кишилар билан лиқ тўлди. Кечани Алижон Мираҳмедов очди ва мени таништириб, сўз берди. Камина Павлодарга сафаримиз мақсади ва вазифалари ҳақида гапириб, “Жемқорлық қорлық” газетаси, Жанубий Қозоғистон вилоят “Халқ сўзи” жамоат бирлашмаси ҳамда жанубдаги ўзбек этномаданият марказларининг фаолиятлари ҳақида гапириб бердим. Сўнг уларга “Жемқорлық қорлық” газетаси, “Бойчечак”, “Камалак” журналларини улашдим.
Анжуманда талабалар сўзга чиқишиб, фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди. Жумладан, Азиза исмли қозоқ қизи ўзбек этномаданият маркази раиси Улуғбек Аҳмедовга ўз миннатдорчилигини изҳор этди. У олти ойдан бери дугоналари билан ўзбек этномаданият бирлашмаси қошида ташкил этилган “Тилларни ўрганиш ва ривожлантириш” бўлимида ўзбек тилини ўрганаётганлигини, ушбу тилга меҳр қўйганлигини эҳтирос билан гапирди.
Учрашув сўнгида мазкур тадбирни уюштиришда жонбозлик кўрсатган Алижон Мираҳмедовга, шаҳар ўзбек этномаданият маркази раиси Улуғбек Аҳмедовга Қозоғистон Республикаси “Дўстлик” ҳамжамиятининг “Ташаккурномаси”ни, Икромжон Ҳошимжоновнинг имзоси қўйилган мактубни, “Амир Темур”, “Чашма чамани” китобларини тақдим этдим.
Шунингдек, этномаданият маркази кутубхонасига ўзбекзабон газеталар ва журналлар, болалар учун китоблар, шунингдек, “Чашма” ижодий уюшмасининг шеърий тўпламларини ва ўз ижодимдан намуналарни совға қилдим.
Сафарнинг учинчи куни Буюк Ғалаба санасига бағишланган тадбирда қатнашдик.
Камина Павлодар вилояти Қозоғистон Халқи ассамблеяси раиси ўринбосари Сейсенбай Жетписбаев билан танишиб, у кишини суҳбатга тортдим:
– Шаҳримизга хуш келибсизлар, жанублик меҳмонлар! Қозоғистон халқининг бирлиги ва дўстлиги барқарор бўлаверсин. Павлодар шаҳрида 340 минг нафарга яқин турғун истиқомат қилади. Вилоятимизда эса, 80 та этнослар вакиллари яшайдилар. Шулар орасида қардош ўзбек миллати вакиллари ҳам бор. Уларнинг кўпчилиги нуфузли лавозимларда ишлашади. Масалан, Абдуазим Рустамбоев Экибастуздаги кўмир конининг президенти. Шунингдек, алюминий заводи директорининг ўринбосари, нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарининг биринчи муовини ўзбек миллати вакилларидир. Ўтган йили, худди мана шу “Дўстлик уйи”да Қорабулоқ қишлоғининг “Олтин мерос” санъаткорлар гуруҳи ва павлодарлик ўзбек раққосаларининг бирлашган концерт дастури намойиш этилиб, мухлислар олқишига сазовор бўлганди.
2015 йилда Экибастузда, яқинда эса, Оқсув шаҳрида ўзбек этномаданият маркази ташкил этилди. Келаси сафар уларнинг ишлари билан ҳам яқиндан танишсангиз бўлади, – деди Сейсенбай оға сўзига якун ясаб.
Ҳа, ишлайман, деган одамга иш кўп. Зеро, инсон меҳнати билан гўзал. Улуғбек Аҳмедов сингари ёшлар кўпаяверсин.
Лавҳам ниҳоясида Улуғбекдек жамоат фидойисини вояга етказган ота-онасига, уни ўқитган ва тарбиялаган Нафосат Акрамова, Шавкат Бегмуродов ва бошқа устозларига машаққатли ишларида улкан зафарлар тилаб қоламан!

Суннатулла АКРАМОВ,
вилоят “Халқ сўзи” жамоат бирлашмасининг раиси, жамоатчи мухбир.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ