Алоқа | Обуна

Ширин сўзли шифокор

Бўстон ЙЎЛДОШБЕКОВА

Хаста кўнгилларни кўтариб,
Эл оғзида бўлгандир достон.
Қанча таъриф берсак-да камдир,
Мақтовга лойиқ опамиз Бўстон!
Бугун келди нафақа ёши,
Омон бўлсин шу азиз боши.
Бу кунларга етмаганлар бор,
Кўзларида қувончдан ёши.
Бу, дегани ҳаёт тугамас,
Ошар довон ҳали олдинда.
Эл-у юртнинг соғлигин тиклаб,
Юраверинг, доим олдинда.
Баҳор каби очилинг доим,
Қўллаб юрсин Оллоҳ, илойим.

Қорабулоқ қишлоғидаги Йўлдошбековлар оиласини, ҳеч иккиланмасдан ўзгалар ибрат оладиган намунали оилалар сафига қўшсак муболаға қилмаган бўламиз. Бахтли оиланинг бахтли бекаси, ширин сўзли шифокор, жамоат фидойиси Бўстон опа Йўлдошбекова муқаддас қадамжолар юрти саналмиш азим Туркистон шаҳридан меҳнаткашлиги туфайли, ҳатто, хориж мамлакатларида ҳам донғи чиққан Қорабулоқ қишлоғига келин бўлиб тушган. Мана, 33 йилдир-ки, у киши Сайрам туман “Қорабулоқ” шифохонасининг терапия бўлимида шифокор бўлиб, инсонлар саломатлиги йўлида меҳнат қилмоқда.
Бўстон опа шифокоргина эмас, у киши Қорабулоқдан Жанубий Қозоғистон вилоят маслаҳати депутатлигига сайланган чоғида кўпгина ишларни амалга оширди. Унинг касбига содиқлиги, жамоат ишларидаги фаоллиги эътиборга олиниб “Мустақилликнинг 10 йиллиги”, “Жамоат фидойиси” медаллари ҳамда кўплаган “Фахрий ёрлиқ”лар билан тақдирланди. Пойтахтда ўтказилган Қозоғистон ишбилармон аёлларининг 3-форумига Жанубий Қозоғистон вилоятидан қатнашган саккиз нафар аёл қаторида Бўстон опа президентимиз Н. Назарбаевнинг қўлидан медаль олган.
– Бундай бахтли онлар ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ўша кунлар ҳеч ёдимдан чиқмайди. Шу пайтда ҳаёлимдан, биз – ўзбек аёллари ҳам жамиятда ўз ўрнимизни эгалласак бўлар экан, деган фикр ўтганди. Ҳаётда нимага эга бўлсам, ҳаммасига ҳалол меҳнатларим эвазига етишдим, – дейди Бўстон опа.
Умр – оқар дарё, дейдилар. Бу йил Бўстон опа нафақа ёшини нишонламоқда. Қорабулоқ қишлоғининг “Султон ота” тўйхонасидаги чиройли безатилган дастурхон атрофига Бўстон опанинг ҳамкасблари, дўст-у дугоналари, Туркистондан келган меҳмонлар у кишини мазкур сана билан қутлашди.
Ўз навбатида сўзга чиққан Қорабулоқ қишлоғи ҳокими Абдуғофир Абдуқодиров, аёллар қўмитасининг раисаси Нишоной Умарова, бош шифокор Абдураҳмат Ниёзқулов Бўстон опа шаънига илиқ сўзлар айтишди ва қимматбаҳо совғалар тақдим этишди. Турмуш ўртоғи Савронбек Йўлдошбеков, ўғли, шифокор Собиржон ва келини Ҳилола, ўқитувчи қизи Ҳилола ҳамда ота-онасидай шифокор бўлишни орзу қилаётган, ҳозирги кунда Америка Қўшма Штатларида билим олаётган Умиджон, шунингдек, 5 нафар набиралари ҳам ушбу унутилмас кунда самимий дил сўзларини изҳор этишди.
Бўстон опа, Оллоҳим бизга ҳам сиз каби нафақа ёшига етишни насиб айласин. Умрингиз узоқ бўлсин, оилангизга тинчлик ва тотувлик, файз-у баракот, келгуси ишларингизга омад тилаймиз.

Гулбаҳор ПАРПИЕВА.

Изоҳнинг ҳожати йўқ