
Зар тўла сандиқ ҳам бўшайди бир кун,
Қаср ҳам ғарибга ўхшайди бир кун.
Фарзандларга кулбаям яшнайди бир кун
Чироғи ўчмаса, эшик бер, ҳаёт,
Аёл қучоғига бешик бер, ҳаёт!
Мен ушбу галги юрак сўзларимни дунёни мунаввар этган, биз: фарзандлар учун ниҳоятда азиз бўлган инсон – онага бағишладим. Она, аёл ҳақида қалам тебратишга жазм этдим-у, лекин мазкур мавзуни тўлиғича таърифлай оламанми-йўқми, ўзим ҳам билмайман. Сабаби, айни борада қалам ҳам ожиздир. Зеро, она, аёл – мўъжиза!
Оғир-оғир юкларни кўтарса эркак,
Деймиз: аёл ожиза, кучи етмайди.
Лек, биродар, аёл кўтарган дардга,
Дунёдаги ҳеч эркакнинг сабри етмайди…
Онадан, бошқачароқ айтганда, аёл зотидан: “Сизга азиз бўлган инсон ким?” –дея сўрасангиз, дарҳол юрагидан, қалбидан чиқариб: “Фарзанд!” – дея жавоб бериши ҳақиқат…
Маҳаллада катта тўй ўтиб, Шоира опа келин бўлиб тушди. Бу тўйнинг овозаси қўшни қишлоққача таралди. Шоира опа зиёли оилада дунёга келган эди. Ўзи ҳам келишган – узун бўйли, қора соч, қора қош эди. Уйида саришта бека, вафоли ёр, яхши келин бўлди.
Йиллар аста-секин алмашаверди. Вақт елдек учиб борарди. Бир йил ўтди, икки йил, уч йил… Шоира опа турмуш ўртоғи Файзулла ака билан иноқ-тотув яшашарди. Лекин аста-секин маҳаллада гап бошланди: “Келин бўлиб тушганига 6 йил бўлди-ю, лекин ҳалиям фарзанд кўрмади” – дея қишлоқдагилар сўз қилишди.
Шоира опа билан Файзулла ака бирон маротаба ҳам уришишмаган эди. Бир-бирларининг кўнглини ғашламаслик учун бу борада гапиришмасди. Иккаласи ич-ичидан хафа бўлишса ҳам, билдиришмасди. Буларнинг иноқлигига, бир-бирига бўлган меҳрига қишлоқдагилар ҳайрон.
Шоира опа тунлари ич-ичидан эзилиб йиғлар, маржондек кўз ёшлари юзларини юварди. Оллоҳга сажда қилиб, тун-у кун фарзанд тилар, ёлворинарди. Файзулла аканинг меҳрибонлиги эса, баттар юрагини эзарди. Қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар Файзулла акадан:
– Энди нима қиласан? Умринг ўтмоқда-ку, – дея сўрашганида:
– Оллоҳдан умидим бор, Худо хоҳласа, бешигим фарзандга, уйим эса, фарзанд йиғиси-ю қувончига тўлади, – дея қаттиқ-қаттиқ гапирарди-ю, аммо баъзида ўзиям иккиланиб қоларди. Бироқ ич-ичидан Оллоҳдан фарзанд тиларди. Шоира опа қўни-қўшнилар фарзандли бўлишса, худди ўзи фарзанд кўргандек хурсанд бўларди. Шунинг учун, момо-ю боболаримиз дуога қўл очган вақтларида, аввало: “Қучоғинг бешикка тўлсин” – дея бежиз айтмас эканлар…
Йиллар ўтаверди. Охир-оқибат, Файзулла ака билан Шоира опа овсини Гулнора опанинг фарзандини гўдаклик чоғидан боқиб олишди. Исмини Фариза қўйишди. Улар Фаризага бор меҳрларини бериб ўстиришди. Албатта уларнинг дардлари ичида, лекин ҳозир ҳаётдан мамнун бўлиб яшаяптилар. Эндиликда Фариза ҳам турмуш қурган: унинг ўғил фарзанди бор. Шундай қилиб, Файзулла ака – бобо, Шоира опа – момо бўлишди. Жажжи неваралари Аббос бидирлаб: “Бобожон, моможон” – дея айтганида улар учун бундан ортиқ бахт, бундан ортиқ қувонч йўқ!
Муниса САЙДИҒАНИЕВА,
“Шуъла” ижодий уюшмасининг аъзоси.

