
Ҳаётда шундай одамлар борки, улар машаққатли меҳнат, касбга фидойилик, оддийлик, камтаринлик, самимийликлари билан эл-юртда иззат-ҳурмат топишиб, эътиборга сазовор бўлишган.
Ана шундай азиз ва табаррук инсонлардан бири Қобилжон ака Умаралиевдир. Уни туманимиз, вилоятимиз, ҳатто республикамиз ҳайкалтарошлари-ю рассомлари жуда яхши билишади, ўзларининг беназир ва бетакрор устозлари, мураббийлари сифатида сидқидилдан эъзозлашади.
Қобилжон ака айнан меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги, ташаббускорлиги, ҳалол ва покизалиги туфайли оддий ўқитувчиликдан мактаб раҳбари лавозимигача кўтарилди.
Тарихга назар ташласак, у 1985 йилда Тошкент давлат педагогика институтининг бадиий-графика факультетини имтиёзли тугатган. Талабалик даврида диплом иши сифатида Буюк Ғалабанинг 40 йиллиги муносабати билан “Мотамсаро она” ҳайкалини ясаганини яхши эслайди. Бу иши талабалар орасида ўтказилган махсус танловда олий ўринни эгаллаганди. Ўша тарихий тадбирга Қобилжон ака, курсдошларига берган ваъдасининг устидан чиқиб, шу даргоҳда ўқиган Совет Иттифоқи Қаҳрамони Зиёмат ака Ҳусановни ҳам олиб борганди.
Қобилжон Абдуҳамид ўғли меҳнат фаолиятини дастлаб ўзи туғилган Кўлкент қишлоғидаги А. Навоий номли мактабда бошлаган. Орадан кўп ўтмай, Музрапов номли мактабда ўқув ишлари бўйича илмий мудир лавозимига кўтарилди. 2002-2008 йилларда А. Навоий номли мактабда директорнинг бошланғич синфлар бўйича ўринбосари бўлиб иш юритди. 2008 йилдан буён Музрапов номли мактабга раҳбарлик қилмоқда. Қайси лавозимда ишламасин, у ўзининг хоббиси бўлган рассомлик санъати билан шуғулланишни, бисер билан безатилган композициялар яратишни канда қилмайди.
У туман, вилоят ва республика даражасида ўтказиладиган турли тадбирларда кўргазмалари билан қатнашиб келмоқда. Меҳнатлари муносиб баҳоланиб, Қобилжон ака вилоят рассомлар уюшмаси (раиси Қ. Сулейменов)нинг сертификати билан тақдирланди. Шунингдек, Қобилжон Умаралиев ижодидан бир қанча намуналар ЮНЕСКОнинг “Жаҳон – болалар нигоҳида” номли журналида ҳам босилган. Жумладан, рассомнинг “Сакен Сейфуллин”, “Мангу эл”, “Қозоғистон-2050”, “Қыз ұзату”, “Ғалабага – 70 йил”, “Турналар”, “Титаник” ҳалокати” каби 30 га яқин композициялари юртдошларимизга яхши таниш. Яқинда ўтган кўргазмалардан бирида намойиш этилган “Титаник ҳалокати” номли композициясини чет эллик мутахассислар ҳам юқори баҳолашди.
– Мактабдаги барча ўқувчилар менинг шогирдларим, – дейди ғурур билан Қобилжон ака. – Ижодимга қизиққан ёшларга бу ноёб санъатнинг сир-синоатларини ўргатиб келаман.
Бугунги кунда устоз ўз оиласида 7 фарзандни тарбиялаш билан бирга, халққа сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Мўйқалам устаси Қобилжон акага мустаҳкам соғлик, келгусидаги ижодий фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз!
Дилноза ҲАСАНОВА.




