
Одатда, эл орасида маърифат уруғини тарқатиб юрган устозлар қавми ҳақида мақола ёзиш осондек туйилади. Фалончи фалон мактабда шунча йил ишлади, писмадончи шогирд етиштирди, шунча фахрий ёрлиқ олди қабилидаги умумий сўзларни қалаштириб, бир қолипга тушириб, кўпиртириб ёзавериш мумкин. Лекин ўзингга устозлик қилган шахс, қадрдонинг бўлиб кетган инсон ҳақида бирон нима ёзиш ҳаяжонлидир…
Бугун устозим Раҳима опа Бўронова ҳақида ёзишга журъат этдим. Албатта бу мендан катта масъулият талаб этади. Дарҳақиқат, Раҳима опанинг ҳаёт йўли кўпларга ибрат. Индаллосини айтганда, вилоятимиздаги таълим масканларида Раҳима опа каби узоқ йиллар сидқидиллик ва фидойилик билан ишлаган устозлар кўплаб топилади. Уларнинг барчаси ўз касбини чин дилдан севишади, ардоқлашади. Қандай вазият бўлмасин, касбига содиқ қолишади.
Шу ўринда қаҳрамонимни яқинроқ таништириб ўтай: Раҳима Усмонқул қизи Бўронова 1957 йили Чимкент шаҳрида дунёга келди. У Мирзо Улуғбек номли 3 — сонли мактабда таҳсил олди. Ўрта мактабни тугатгач, 1974 йили Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг филология бўлимига ўқишга кирган. Ўқишдан сўнг, она шаҳрига қайтиб, иш фаолиятини 16 — сонли мактабда бошлаган, кейин, узоқ йиллар 52 — сонли ўрта мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс берди.
Раҳима опа Бўронова намунали оила соҳибаси, 4 нафар қобил фарзандларнинг онаси, 10 неваранинг бувисидир.
Раҳима опа мактабда қатор йиллар илмий мудира лавозимида ишлади, мактаб касаба уюшмаси қўмитаси ва шаҳар этномаданият маркази аъзоси сифатида жамоат ишларида фаол қатнашиб, ҳурматга сазовор бўлган устозлардан биридир.
1998 — 2003 йилларда директор ўринбосари лавозимида ишлаган Раҳима опа шаҳар ўқитувчилари орасида ўтказилган «Йил ўқитувчиси — 1998» кўригида қатнашиб, учинчи ўринни эгаллади. 2009 йили эса, шаҳар ўқитувчиларининг илмий анжуманида ўз маърузаси билан қатнашиб, совринли иккинчи ўринга сазовор бўлган. У киши 2006 йилдан «Чимкент» ижодий уюшмасининг фаол аъзоси.
Раҳима опа бугунги кунда нафақада, аммо бўш ўтирмайди. Оммабоп ва ҳаммабоп нашрлар – «Жануб жарчилари», «Жанубий Қозоғистон» ва бошқа газеталар билан яқин алоқада, мақолалари ва шеърлари билан қатнашиб, ёш устозларга услубий ёрдам бериб келмоқда.
— Албатта ижодга жуда қизиқаман, — дейди суҳбатдошим. — Шеърлар машқ қиламан. Мақолалар ёзиб тураман. Мактабга таклиф этишса, учрашувларга бораман.
— Ўқитувчилик касбининг ўзига яраша машаққатлари мавжуд. Шунга қарамай, фарзандларингиз ҳам устозлик касбини танлашибди.
— Турмуш ўртоғим касб — кори бўйича – муҳандис. Тошкентда қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. Шаҳардаги иссиқхонада раҳбар, бош агроном бўлиб ишлаган. Ўғлим Абдусаттор Тошкентда автомобиль йўллари олийгоҳини тугатган. Тадбиркорлик билан шуғулланади. Қизларим ва келиним Нигора менинг изимни босишди. Қизим Меҳри ЖҚДУни битирган, мактабда бошланғич синфларга таълим беради, Шаҳноза – чет тили мутахассиси, 13 — сонли мактабда ишлайди. Кенжамиз Дилноза – гуманитар — муҳандислик халқлар дўстлиги университетини тамомлаб, тарих фани муаллимаси бўлди.
— Устозларингизнинг қайси ўгитларига эътибор бергансиз? Дарс ўтиш жараёнида нималарга эътибор қаратиш керак? — сўрайман ундан.
— Ўзим ўқиган мактабимизнинг директори Қудратулла Чалабоев, Маҳбуба опа, Роҳатой опа Қодировалар менинг устозларимдир, — дейди фахр билан опахон. — Улар билим бериш жараёнида ўқувчилар диққатини жалб этиш керак, деб ўргатишган. Ёшлигимдан ўқитувчиликка қизиқдим. Ўқитувчилик мен учун ота касб, дея фахр билан айта оламан. 1932 йили шаҳарда биринчилардан шу мактабни очган раҳматли падари бузрукворим бўладилар. У киши математикадан дарс берганлар.
— Бугунги кундаги ўзбек тилига эътибордан кўнглингиз тўладими? Шогирдларингиз борми?
— Қозоғистонда яшаймиз. Ўзбек тилига эътибор кам бўлмаяпти. Кўп нарса ўзимизга боғлиқ. Миллатимиздан қатъий назар, тил ривожига, аввало, ўзимиз ҳисса қўшишимиз керак. Газеталарга обуна бўлайлик, миллий қадриятларимизни ўргатайлик. Иккинчи саволга келсак, шогирдларим кўп: аввало, фарзандларим, келиним, шунингдек, муаллималардан Феруза Мирзаҳметова, Лола Мирниёзова, Рабиға Кенишбоева, Умида Қодирова, Раъно Ҳошимова, Махсуда Камоловалар мендан маслаҳат, йўл — йўриқ сўраб туришади. Билганларимни уларга ўргатиб келаман.
Ҳа, нафақада бўлишига қарамай, Раҳима опа ўзининг қадрдон жамоасига тез-тез қадам ранжида қилиб туради. Зеро, мактабда менга ўхшаган шогирдлари кўп. Биз ҳам устозни турли тадбирларга чақириб, суҳбатларини олишга, ўгитларини тинглашга интиламиз. У киши ўз ҳаёт йўлидан, самарали меҳнатидан, шунча ёшларга пухта билим ва тарбия берганидан доимо фахрланади.
Зеро, Раҳима опа Бўронова мана шу вазифаларни умрининг мазмуни, дея тушунган, мана шундай ишларни бажаришга бел боғлаган. Аслида устозлик бахти, дегани шу эмасми? Биз, шогирдлар Раҳима опага мустаҳкам соғлик ва хуш кайфият тилаб қоламиз. У кишига фарзандлар, набиралар ардоғида юриш узоқ йиллар насиб этсин, илоҳим!
Муборак ИСМАТУЛЛАЕВА,
Чимкент шаҳридаги 52 — сонли
мактаб ўқитувчиси.

