Дийдор ширин

DSC_0107

Ҳеч кимга сир эмас-ки, ўқув йили тугаши билан, таълим  масканларини турли йилларда битириб чиққан собиқ ўқувчилар анъанавий  учрашувларини ўтказишади. Синфдошларнинг ана шундай дийдорлашувларидан бири Сайрам даҳасидаги йирик билим ўчоғи – Ю. Сарёмий номли 107-сонли лицей мактабида ҳам бўлиб ўтди.
Бундан 40 йил аввал, яъни 1976 йили мактабни тамомлаган 123 нафар битирувчиларнинг аксарияти ўша куни “Дийдор ширин” учрашувида иштирок этишди. Тантанали линейкада, дастлаб, оламдан ўтган устозлар ва синфдошларнинг руҳларига бағишлаб, Қуръон тиловат қилинди.
Сўнгра сўз навбатини олган фахрий устозлар – Турсунхўжа ҳожи Хонхўжаев, Низом ака Тошпўлатов, Ўсканбой ака Тўғонбоев, Ирисмат ака Сидиқметов, Карима опа Абдураҳмонова, Мапрат опа Умарова, Ҳури опа Жамолова, Ирисвони опа Турсунбоева, Ҳумайра опа Расулметова, Насиба ҳожи Ҳошимова, Нурбуви опа Жуманшиқова, Карима опа Мирослоновалар собиқ ўқувчиларни табриклашиб, дил изҳорларини баён этишди.
Тантанадан кейин, ҳар қайси синфнинг битирувчилари алоҳида тўкин дастурхон атрофида йиғилишиб, яна бир бор ёшлик, ўқувчилик даврларини ёдга олишди, шахсий ҳаётларидан намуналар келтиришиб, турмуш қувончлари ва ташвишлари билан ўртоқлашишди.
Айниқса Сайрам даҳасидаги “Эрудит” ўқув марказининг раҳбари Турсунбой ҳожи Ўрмонов ва эл хизматида ҳормай тер тўкаётган Файзаҳмат Расулметов бошчилигида уюштирилган давра ўтириши сермазмун ва қизиқарли бўлди. Даврадагиларнинг самимийликлари, олижанобликлари, маънавий гўзалликлари, ибратли хулқ-атворлари, тарбияли ва интизомлиликлари сезилди. Давра ширин суҳбатлар ва жозибали рақслар, куй-қўшиқлар билан янада файзли ва ёдда қоларли даражада ўтди.
Синфдошлар учрашув сўнгида: “Биз хайрлашмаймиз, яна кўришгунча!” – дея тарқалдилар.
Ҳа, бундай тадбирлардан оладиганларимиз, ўрганадиганларимиз кўп, бинобарин, бундай анъаналар ёшлар учун ибратли сабоқдир.

И. ТОЖИБОЕВ.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ