Дуоларимиз ижобат бўлсин, десангиз…

20151016_112707

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Юсуф ибн Асботдан сўрашди: «Нима учун сизнинг қилган дуоларингиз қабул бўлади, биз дуо қилсак, ижобат бўлмайди?». У киши: » Мен бирон луқма ҳам ҳаром емадим», де-дилар. Шу сабабли, салафи солиҳлар гуноҳ қилишдан қўрқиб, ҳатто шуб-ҳали амаллардан ҳам қочишган, хоҳ таомда, хоҳ касбда салгина шубҳа бўлса, ундан ўзларини тортганлар.
Ҳанафий мазҳабининг имомлари Абу Ҳанифанинг тижоратда Хафс ибн Абдураҳмон деган шериклари бор эди. Абу Ҳанифа унга сотиш учун мол юборди ва унинг ичидаги кийимлардан бирининг нуқсони борлигини айтиб, нархини камайтириб, нуқсонини кўрсатиб, сотишни топширдилар. Хафс нарсаларни сотди, аммо нуқсонини айтишни унутиб қўйди. Сотилган моллар пулининг ҳаммасини олиб келди. Абу Ҳанифа қаттиқ хафа бўлдилар ва шеригига энди бирга ишламаслигини, касбини тарк этишини талаб қилдилар. Ҳаттоки, бояги кийим пулининг ҳаммасини садақа қилдилар. Хафс тижоратда Абу Ҳанифанинг 30 йиллик шериги бўлган, у зотдан илм олган. Хафс устози Абу Ҳанифа ҳақларида шундай дейди: «Мен жуда кўп уламолар, фуқаҳолар, зоҳидлар, художўйларни кўрдим, уларнинг суҳбатларида бўлдим. Лекин Абу Ҳанифа каби шу хислатларнинг ҳаммасини ўзида жамлаган бирор кишини учратмадим».
У кишига бир одам сотиладиган нарсасини олиб келди. Бу киши «Қанча?» – деб сўрадилар. У киши нархини айтди. Имом эса бу кийиминг бундан кўпроқ баҳога лойиқ», дедилар ва кийим баҳосини ошира-ошира 8 минг тангага сотиб олдилар. Бу қандай ажойиб фазилат, бу кишининг тақвоси қандай ҳам гўзал!
Имом Ғаззолий «Иҳё» китобида баъзи салафлардан шундай ривоят қиладилар: «У киши Воситда эдилар. Басрага бир кема буғдой жиҳозлаб, у ердаги вакилга нома ёздилар: «Буғдойни Басрага етиб борган куниёқ сотинг, эртасига кечиктирманг». Вакил нархлар ўзгариб турганини кўрди. Савдогарлар ҳам унга сотишни бир жумага кечиктирса, кўпроқ фойда олишини маслаҳат беришди. Вакилга ҳам бу гап маъқул келди ва ҳақиқатан бир неча бора кўпроқ фойда кўрди. Бу воқеани буғдой жўнатган кишига ёзиб юборди. Тезда унга шундай жавоб келди: «Эй, бечора инсон, биз динимизнинг равнақи ва поклиги йўлида озгина фойдага қаноат қилган эдик, сен бунга хилоф йўл тутдинг. Биз динимиздан бирор нарсани келтириб, кўп фойда олишни раво кўрмаймиз. Бизга жиноят қилдинг! Агар бу мактубим етиб борса, молнинг ҳамма пулини Басра фақирларига садақа қилгин. Кошки энди ўша бойликни тўплаш гуноҳидан халос бўла олсам, кошки у менинг зараримга ҳам, фойдамга ҳам бўлмаса!»
Бу қандай олижаноблик! Бу динимизнинг қалбларга солган поклик, ҳалоллик туйғулари эмасми? Буғдой эгасидай ҳалқумини пок тутадиган, ҳалол ризқ излайдиган, бу йўлда ҳар қандай фойдадан, ҲАР ҚАНДАЙ ИМТИЁЗДАН воз кеча оладиган инсонлар тарихимизда озмунчами? Бундай инсонлар наздида Оллоҳ таолонинг ризоси олдида ҳамма нарса арзимас кўринаверади.
Абу Ҳомид Ғаззолий айтадилар: «Қачонки савдогар молининг яхши тарафини кўрсатиб, ёмон тарафини яшириб сотса, ўша ёлғончидир, молини қоронғи жойларда кўрсатса, айбини яширса, у фирибгардир».
Ғаззолий мана бу қиссани келтирадилар: «Воъила ибн Асқаънинг туясини биров (даллол бўлса керак) 300 дирҳамга сотиб юборди. Харидор туяни етаклаб кетгач, Воъила бундан хабар топиб, унинг ортидан югурди, етиб боргач: «Эй биродар, туяни сўйишга олдингми ёки минишгами?» – деб сўрадилар. «Балки минишга олгандирман», – деб жавоб берди харидор. Воъила айтдилар: «Туя минишга ярамайди, оёғида иллати бор». Бояги харидор туяни қайтариб берди. Даллол туяни охири 100 дирҳам камига сотди ва Воъилага норози бўлиб гапирди: «Оллоҳнинг раҳматида бўлгур, савдони бузганинг ўзингнинг зараринга бўлди-ку». Шунда у киши айтдилар: «Биз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир мусулмонга панд-насиҳат қилишга байъат қилганмиз. Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Савдо қилаётган киши молининг айбини баён қилмаса, савдоси ҳалол бўлмайди. Буни билиб турган киши уни ошкор қилмаса ҳам савдоси ҳалол бўлмайди».
Иброҳим Адҳамдан Басра аҳолиси сўрадилар: «Биз узоқ вақтдан бери дуо қиляпмиз-у лекин қабул бўлмаяпти, нима қилайлик?» Шунда Иброҳим Адҳам шундай жавоб бердилар: «Қалбларингиз 10 та нарса туфайли ўлган:
1. Оллоҳни танидингиз, лекин амрларини бажармайсиз, қайтариқларидан қайтмайсиз.
2. Оллоҳнинг китобини ўқийсиз, лекин унга амал қилмайсиз.
3. Пайғамбаримизни яхши кўраман дейсиз-у, суннатларига амал қилмайсиз.
4. Шайтоннинг душманлигини биласиз-у, аммо унинг малайига айлангансиз.
5. Жаннатни яхши кўрасиз-у, аммо унга олиб борадиган амалларни қилмайсиз.
6. Дўзахдан қўрқаман дейсиз-у, ундан қочишнинг ҳаракатини қилмайсиз.
7. Ўлим ҳақ дейсиз-у, унга тайёргарлик кўрмайсиз.
8. Бировларнинг айбини қидирасиз-у, ўз айбларингизни тузатишни ўйламайсиз.
9. Роббингиз неъматларидан баҳраманд бўляпсиз-у, шукр қилмаяпсиз.
10. Ўликларингизни дафн қиляпсиз-у, ваҳоланки, улардан ибрат олмаяпсиз.
Ислом динимиз мусулмонларнинг қалблари пок, ёлғон ва ҳийладан холи бўлишини, ҳалқумлари ва озуқалари ҳаромдан холи ва пок бўлишини талаб этади.
Демак, ҳамма ҳар бир ишда ҳалол, пок бўлиши, ҳалол еб, ҳалол ичиши, ҳалқумини булғамаслиги лозим.
Демак, сотувчи олувчини алдашга, ундан бирор нарсани яшириб қолишга ҳақли эмас.
Демак, харидорнинг ҳам сотувчининг содда, нодонлигидан ёки ғафлатдалигидан фойдаланиб қолишига ҳаққи йўқ.
Ислом динимиз шундай улуғвор, адаблари шундай гўзалки, у ҳар қандай жамиятда поклик, адолат тантана қилиши учун қайғуради, ҳаромга йўл қўймайди. Кишиларни дили пок, ҳалқуми тоза, ўзи ҳалол касб орқасидан ҳаёт кечиришига рағбатли қилиб тарбиялайди.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни исломнинг мукаммал биносини бузмасдан, унинг арконларига тўла амал қилувчилардан бўлишимизга муваффақ қилсин ва саллоллоҳу ъала саййидина Муҳаммад  ва ъала алиҳи ва саҳбиҳи ва саллама таслиман касиро!

Насиба ҲОШИМОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ