БОЛАЛАРГА – ЯНА БИР АСАР

DSC_0082

Вилоят ўзбек драма театрида болалар учун яна бир асар саҳналаштирилди. Бош режиссёр Жавлон Саидов бадиий кенгашга тавсия этган драматург Жўра Маҳмуднинг Андерсен эртаклари асосида ёзган “Олифта қирол” спектаклини актёрлар қисқа муддатда саҳнага олиб чиқишди.
Аввалига бош режиссёр қунт билан асарда иштирок этадиган 11 нафар актёрни танлади. У драма мазмунидан келиб чиқиб, бош қаҳрамонлар Айноқ ва Жайноқ ролларини Рустам Саидхўжаев ва Аҳмадвой Эргашевга топширди. Қирол тимсолини Шерзод Ходиметов қизиқарли яратса, вазирлар образини Улуғбек Носиров, Акбар Эрхонов ва Клара Шодибекова ўйнашди.
Ролларнинг катта-кичиги бўлмайди. Баҳром Искандаров ва Эрали Тўламетов ўзларига ишониб топширилган хизматкор ролларини муносиб талқин этишиб, асарнинг муваффақият қозонишига катта ҳисса қўшдилар. Дилдора Ҳасанова ҳамда Васила Абдураҳмонова бу сафар томошабинлар қалбини масхарабоз тимсолида забт этишга эришдилар.


Спектакль давомида доирачи Фарҳод Мансуров ўзига топширилган доирачи ролини яхши ижро этди. Ж. Саидов саҳналаштирувчи рассом Саидсултон Жаҳонгиров билан ҳамкорликда антиқа саҳна декорациясини яратишга эришдилар. Тикувчилар Дилбар Ниёзова ва Дилафрўз Мирсодиқова эртак қаҳрамонлари учун шунақанги ёрқин рангларда либослар яратишди-ки, тақдимот куни театрга Манкентнинг “Йўнариқ”, Ориснинг Т. Рустемов номли, Сайрамнинг М. Маметова номли ҳамда Ал Форобий номидаги умумий ўрта мактабларидан ташриф буюрган ўқувчилар эртак-спектаклни кўришиб, мириқиб ўқув йили чарчоқларини чиқаришди.
Театр директори Икромжон Ҳошимжонов янги асар бадиий кенгашга топширилган куни кўрсатилган кичик жузъий камчиликлар бартараф этилгани учун бош режиссёрга миннатдорчилик билдирди.
Бош маъмур Шоира Султонхўжаева таътилга тайёрланаётган Сайрам тумани мактаблари ўқувчиларининг ҳам мазкур янги эртакдан баҳраманд бўлишлари учун ёрдамчилари Собиржон Абдуллаев ва Муборак Тошматова билан ойлик режа тузишди.
Қанийди, вилоят ўзбек драма театрининг ушбу спектаклидан вилоят ўқувчилари ҳам баҳраманд бўлишса!

Аваз ҚЎЗИ.
Тасвирда: “Олифта қирол”
 эртагидан лавҳа.
Абдувоҳид АБДУШУКУРОВ сурати.

Изоҳнинг ҳожати йўқ