Вақтни тўғри режалаштиринг!

dsc_0067

Орамизда халқаро даражадаги “IELTS” ва “FLEX” дастурларининг тестларини топширишнинг уддасидан чиқадиган ўқувчиларнинг борлиги жуда ҳам қувончли воқеадир. Инглиз тилини мукаммал даражада билишни текширувчи ва халқаро даражадаги олий ўқув юртларида ўқишга имтиёз берувчи айни тестларни муваффақиятли топшириш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Яқинда “IELTS” тестидан вилоят бўйича энг юқори кўрсаткичга эришиб, 8 балл олган Сайрам туманидаги 10-сонли “Қорабулоқ” мактабининг ўқувчиси Интизор Маъмуржон қизи САИДИКАРИМОВАни суҳбатга чорладик.

– Интизор, ҳар бир ишнинг ўзига яраша заҳмати бор, мақсадингизга эришиш учун, аввало, нимадан бошладингиз?
– “IELTS” тестида ўқувчининг инглиз тилини билиш маҳорати ҳар томонлама баҳоланишини билиб, ушбу тестга тайёргарлик жараёнини эрта бошлаганман. Америкада юрган пайтларимдаёқ, ўзимнинг инглиз тилида ёзиш, ўқиш, эшитиш ҳамда гапириш қобилиятларимни оширишга эътибор қаратдим.
Бекорчи дўстлардан йироқда бўлдим, ўқидим, устозларимнинг берган топшириқларини бажардим, йўл-йўриқларига амал қилдим. Вақтимни ўқишга сарфладим.
– Инглиз тилини қанча ёшингиздан бошлаб ва қаерда, қайси устозларнинг кўмаги билан ўргандингиз? “NiK” ўқув маркази ҳақида илк бор кимдан эшитгансиз?
– Бир куни мактабимизга “NiK” ўқув марказидан ўқитувчилар ташриф буюришиб, инглиз тилидаги билимларимизни текширувчи тест олишди ва бунда мен ҳам иштирок этдим. Тест олган ўқитувчилар натижалар тайёр бўлганидан сўнг, юқори балл эгаллаган ўқувчиларни мазкур ўқув марказида ўқишга таклиф қилишди.
Мазкур ўқув марказида уч йил давомида таҳсил олдим. Элса Ларандэау, Нодира Абатоева ва Одилбек Абдиевалиевлар менга инглиз тилидан таълим беришди.
– Интизор, сиз АҚШга бориб келганингиздан сўнг, вақтдан унумли фойдаланишни ўргандингиз. Вақтнинг қадрига етмай, ўқимайдиган, дарс тайёрламайдиган тенгдошларингизга қандай маслаҳат берасиз?
– Биласизми, менга уларнинг вақтлари қимматли. Шу сабабли ҳам тенгдошларимга улар бугун хоҳ яхши, хоҳ ёмон иш қилишларидан қатъи назар, ўзларининг эртанги кунлари учун бу, албатта таъсир қилишини айтиб ўтмоқчиман.
Кўпчилик инсонларда битта муаммо бор ва у мақсад билан боғлиқ. Айтмоқчиман-ки, инсон ўз олдига мақсад қўйишни ўрганиши керак. Мақсадсиз инсон, шунчаки, умрининг ўтганига хурсанд бўлиб яшайверади. Мақсад ҳар биримизнинг олдинга интилишимизга туртки беради.
Марк Аврелийнинг шундай сўзлари бор: “Буюк ишлар ҳақида орзу қилинг, буюк орзуларгина инсон қалбининг торини черта олади!”. Бизга катта мақсадлар, орзулар нима учун ёрдам беришининг бир сабаби: улар имкониятларни идрок этишимизни кучайтиради. Катта мақсадлар дунёқарашимизни кенгайтириш, қўшимча имкониятлар очиш, янги кишилар билан танишишимизга имкон беради.
Ўша буюк мақсадга эриша оламизми ё йўқми, бу унчалик муҳим эмас. Энг муҳими, бунга бор кучимизни бахшида этишимиздир.
Демак, мақсад қўйдикми, энди вақтни исроф қилмасдан унга эришиш учун бугундан бошлаб ҳаракатга тушишимиз даркор. Мен: вақтим етмаяпти, дейдиган инсонлар томонида эмасман, аслида хоҳиш ва истак, мақсад бўлса, барча ишнинг уддасидан чиқса бўлади.
– Вақт жуда қимматбаҳо! Умуман, уни қандай тақсимлаш керак?
– Вақтни қандай қилиб тўғри тақсимлаш кераклиги ҳақида кўп инсонлар турлича фикрларини билдиришади. Айрим инсонлар вақтдан унумли фойдаланишим керак, дея ҳаддан ташқари кўп вақтларини ўқишга, ёзишга сарф қилишади. Аслида бу – хато.
Кун тартибида ухлашга етти соатдан кам вақт сарфламаслик керак. Ўқиш билан биргаликда спорт билан шуғулланишга, дўстлар билан бирга бўлишга ҳам вақт қолиши даркор.
– Тил ўрганиш учун қўшимча дарсларга, шунингдек, ўқув марказига боришингиз учун имконият яратиб берганлар – ота-онангиздир. Улар ҳақида ҳам ҳикоя қилиб берсангиз… Умуман, адангиз, ойингиз бирор жойда ишлашадими? Улар ҳам олий маълумотлими?
– Ота-онам олий маълумотли инсонлар. Илло, иккаласи ҳам ўз мутахассислигидан бошқа соҳаларда фаолият кўрсатишмоқда. Улар биз ёш вақтимизда менга, опаларимга билим олишнинг афзалликларини кўп айтишарди.
Ҳозир ҳам мактабда фанлардан олган баҳоларимга беэътибор бўлишмайди ва доим қўллашади. “Ада, ойи, инглиз тилини “NiK” ўқув марказида ўрганиш ниятидаман” – деганимда улар томонидан ҳеч қандай қаршилик бўлгани йўқ. Аксинча, менга барча шароитларни яратиб беришди. Бахтимга ана шу инсонларим соғ бўлишсин! Ҳамиша ота-онам бой, деб эмас, бор, дея мақтаниб юрай!
– Албатта сиз каби ютуқларга эришиш учун тайёргарликни нимадан бошлаш зарур? Кун тартибини қандай тузиш керак ва нималардан воз кечиш даркор?
– Кундаликдаги сериаллардан, ижтимоий сайтлардаги узоқ вақтни ўғирлайдиган суҳбатлардан воз кечиш керак. Мана шуларнинг ўрнига ўқиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш, бирор муҳим мавзу юзасидан дўст-дугона, балким ота-она, буви-буваларимиз билан суҳбатлашиш мақсадга мувофиқдир.
– Бугунги кунда ёшлардаги мотивацияга қандай баҳо берасиз?
– Бугунги кунда болаларда мотивация жуда юқори. Кўп ўқувчилар ўз устиларида қаттиқ ишлашмоқда. Бунда ота-оналарнинг фарзандларининг билимларига ажратаётган эътиборлари муҳим ўрин тутади.
– Қўшимча курсларга бориш нима учун керак, умуман? Мактабда ҳам рус, қозоқ, инглиз тилларини устозлар ўргатишаяпти-ку?
– Бир синфда, дейлик, 25 нафар ўқувчи ўқиса, ўқув марказида 10 та бўлиши мумкин. Энди ўзингиз тенглаштириб кўраверинг, ўн нафар болага инглиз тилини ўргатиш 25 болага ўргатгандан осонроқ кечади.
Хусусий ўқув марказларидаги таълим мактабдагига қараганда сифат даражаси бўйича юқори ва бу ерда бирор натижага эришса бўлади.
Юқоридаги сўзларим билан мактабни ўқиб тугатиб, ярим йўлда қолиб кетамиз, демоқчи эмасман. Тўғри, ўн бир йиллик таълимга эга битирувчилар ҳам юқори ўқув юртларида таҳсил олишмоқда. Лекин инглиз тилли университетларда эмас.
Менинг ўзим шуни тушуниб етдим-ки, Назарбаев, КИМЭП каби инглиз тилли, нуфузли олийгоҳларда ўқишни истаган ўқувчи қўшимча дарсларга бориши, мактаб программасидан ташқари бўлган дарсларни ўрганиши шарт ва зарур экан.

20150919_133551
– Инглиз тилини онлайн мулоқот орқали ҳам мукаммал ўрганса бўладими?
– Албатта ҳозир тил ўрганаман ёки ўқийман, деган инсонларга чегарасиз имкониятлар бор. Ҳар куни, ҳатто, бир кунда икки-уч хил дастурлар пайдо бўлаяпти-ки, ортидан қувиб ета олмаяпмиз.
Онлайн ўрганишга келадиган бўлсам, улар тўловли ва тўловсиз бўлиб — икки турга бўлинади. Маслаҳатим, истовчилар ҳақли онлайн хизматларидан фойдаланишсин.
Текин ўқиш бор экан-ку, пуллисида ўқиймизми, деган савол пайдо бўлиши, табиий. Бундай фикрлайдиган инсонларга мулоҳазамни айтай: агар сиз ҳақли ўқишда ўқисангиз, сарфлаган маблағингизни оқлашга, унинг эвазига бирор маълумотга эга бўлишга ҳаракат қиласиз. Бепулида эса, бунинг акси. Чўнтагингиздан пул чиқмадими, демак, сиз ўзингизни эркин ҳис қиласиз. “Бугунги ишни эртага қўйма!” мақолига амал қилмайсиз.
– Америкада бўлган пайтларингизда нималарга амин бўлдингиз? Табиий-ки, кўзқарашингиз ҳам ўзгаргандир…
– Америкада бўлган вақтим давомида биздаги имкониятларнинг улканлигига амин бўлдим ва барча одамлар ҳаракат қилишса, нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг ҳар бир бурчагида ривожлана олишларига кўзим етди.
– Бу, албатта мураккаб жараён, мазкур йўлни танлаган ўқувчиларга тилакларингиз…
– “IELTS” тестини топширишни истайдиган ўқувчиларга маслаҳатим: биринчи навбатда, рўйхатдан ўтиш, шунингдек, тестга тайёргарликни самарали этиш учун режа тузиш фойдали бўлади. Бу орқали ҳар куни тест ишлаш учун вақтни тақсимлаш зарур ва шунга қараб, қанча ишлаш кераклигини билиб оласиз.
– Интизор, келажакда қайси касб эгаси бўлишни орзу қилаяпсиз ва нима учун?
– Келажакда бизнес соҳасида билим олиш ниятидаман. Ўзим жуда тиришқоқ, рақобатга бардошлиман ва шу характерим ҳам, айнан мана шу соҳани танлашимга катта таъсир қилди.
– Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!

Эътибор САЙФИДДИН
қизи суҳбатлашди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ