Қурултой таассуротлари

nishankulov-badritdin

Бадриддин НИШОНҚУЛОВ, Жанубий Қозоғистон вилояти маслаҳатининг депутати:

– Аввалги қурултойларга қараганда, бу сафарги қурултой анча юқори савияда бўлди – ўтиш тартиби ҳам, сифати ҳам кўнглимиздан чиқди. Қарийб тўрт соатча давом этган ушбу йиғилишга келган меҳмонларни кузатар эканман, уларнинг кўзлари ёниб тургани, юраклари турли фикрлар ва таклифларга тўла эканлигини сездим. Лекин тўқсон фоиз мулоҳазалар айтилмай қолди.
Ўйлайман-ки, буларнинг ечимини топса бўлади. Яъни чораклик, ярим йиллик, йиллик, икки йиллик ҳисоботлар ва учрашувлар ўтказиб турилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ана шунда қандай ютуқларга эришаяпмиз-у нималарни эсдан чиқариб қўяяпмиз — шуларни билиб олардик, муҳими, бизларни четдан кузатаётган ҳамюртларимизнинг ўзимиз ҳақимизда, амалга ошираётган ишларимиз тўғрисидаги фикрларини билиб олардик.
Одамлар олдинги вақтлардагига қараганда, анча эркин фикрлайдилар. Шунингдек, зиёлиларни тинглайдиган кишилар сафи ҳам кенгаймоқда. Инсонларнинг таклифларига бефарқ бўлмай, улар замон талабларига яраша ҳамда қонун доирасидан четга чиқмаган ҳолда амалга оширилса, бажарилган ишлар ҳамманинг кўнглидан чиқади.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ