2016-2017 ўқув йили “NiK” ўқув маркази миқёсида рус тили йили, дея эълон қилинди. Мазкур муносабат сабабли, директорнинг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари Елена Васильевна Малихина билан учрашув ўтказилди.
2008 йили Елена Васильевна Қорабулоқ қишлоғида рус тилини ўргатиш ҳамда ривожлантиришни ташкил этиш бўйича тузилган махсус жамоа таркибига таклиф қилинган эди.

Қуйида унинг билан бизнинг журналистимиз ўртасида уюштирилган суҳбат тафсилотлари билан танишинг.
– Ҳар қандай одамнинг ҳаётида шундай кишилар учрайдилар-ки, улардан ибрат ва намуна оласиз. Сизнинг турмушингиздаям ана шундай шахслар мавжуд бўлишгандир. Ана шулар ҳақида…
– Ҳа, ўз ўтмишим сари назар ташлар эканман, менга мана шу масалада омад кулиб боққанлигини ҳис этаман. Ўзимнинг ҳаёт йўлларимда шундай кишилар дуч келишди-ки, улар мен учун ҳақиқий устозлик- мураббийлик мақомида эдилар.
– Аввало, ота-онамни ўзимнинг илк ўқитувчиларим сифатида биламан. Онам мен учун намуна тимсоли бўлганлигини айтишим мумкин, ахир, менинг муаллимлик касбини танлашимгаям у киши сабабчи бўлган.
Отам учун эса, суюкли фарзанд бўлганман, ўзим сингарилар ҳақида, одатда: “Дадасининг қизлари” – дея гапирадилар. Айни боисдандир, мен, нафақат, феъл-атворим, балки ташқи қиёфам билан-да, у кишига жуда ўхшайман.
2008 йили «NiK» компанияси билан, янаям аниқроғи, унинг асосчиси Б. И. Нишонқулов билан йўлларимиз туташди. Бадриддин Икромжонович ўша даврда Қорабулоқ қишлоғида таълим сифатини ошириш борасида жиддий шуғулланишга киришган эди. Унга тажрибали рус тили муаллими зарур экан. Мана шундай қилиб, тасодиф туфайли, мазкур жамоага келиб қолдим.
Бироқ бир жиҳатдан олиб қараганда айни ўринда тасодифийлик ҳам, деб бўлмайди. Ўша учрашув ўзим учун тақдир ҳукми бўлди-ки, натижада менинг олдимда янги мақсадлар ҳамда вазифалар пайдо бўлди. Бадриддин Икромжоновичнинг мадади билан “NiK” ўқув марказида ўрганган билимларим ҳамда тўплаган тажрибаларим, эндиликда ҳаётимнинг ҳар қайси жабҳасида қўл келмоқда. Ҳозирги кунлардаям Б. И. Нишонқуловни ўзимнинг бош устозим, дея ҳисоблайман. Ахир, у кишининг ёрдамида тўпланган тажрибалар сабабли, нафақат Сайрам туманида, балки унинг ташқарисида ҳам болалар учун янгидан ўқув марказлари очилди.
Яна шуниям таъкидламоқчиман-ки, Қорабулоқда ишлашим жараёнида тақдир мени ҳамкасбларим бўлган Абдивалиев А. С., Ҳакимова С. А., Елтаева Н. Б., Эрметова Ш. А., Жусипова А. Т. сингари ажойиб кишилар билан учраштирди ва дўстлаштирди. Мен ушбу инсонлар билан узлуксиз тарзда ўзаро тажрибалар алмашиб тураман.
– Елена Васильевна, ахир, сиз бирмунча муддат “НиК” ўқув марказини тарк айлагансиз. Хўш, бу қандай бўлган эди?
– Ҳа, 2014 йилда оилавий шароитимга кўра, жойимни “NiK” ЎМнинг янги иштирокчиларига бўшатиб бердим. Кейин ўзимнинг курсимни очишга ҳаракат қилдим. Аммо, афсуски, бунинг ҳали фурсати етилмаган экан.
Барибир, қисматдан қочиб қутулолмаскансан: 2015 йилда тағин ўз турмуш йўлимга қайтдим. Менинг ҳамкасбим ҳамда дўстим А. С. Абдивалиевнинг таклифига биноан, Оқсувкентдаги у асосчиси бўлган «Лидер» ўқув марказига ўтдим.
Бир йилдан кўпроқ муддат ҳамкорликда фаолият кўрсатишимиз жараёнида катта маъмурий бошқарув тажрибасига эга бўлдим. Одилбек Сайдикаримович менга ўз бошқарувида бутун бошли жамоа бўлган раҳбар тариқасида шаклланишимга ёрдам берди. У ўзимга мактаб директорлари билан қандай ишлашни, тингловчиларни жалб этишни, бизнес-режалар ишлаб чиқишни ўргатди. Албатта булар менинг ҳозирги ишимда қўл келаяпти.

– Елена Васильевна, ҳозирги пайтда нима ишлар билан машғулсиз?
– Яқинда Шимкент шаҳрида ўзимнинг ўқув марказимни очдим, шу билан биргаликда, “NiK” ЎМнинг маъмуриятига ёрдамлашаяпман.
– Сизнинг у ердаги юмушингиз нимадан иборат?
– Бизнинг президентимиз Назарбаев Нурсултан Абишевич ўзининг кейинги халққа мактубида уч тиллилик таълим тизимини жорий қилиш ҳақида гапирди-ки, мана шу фикрга мувофиқ, барча мактабларда ўқитиш қозоқ, рус ҳамда инглиз тилларида олиб борилади.
Мазкур дастурни ҳаётга татбиқ этиш мақсадларида “НиК” ўқув маркази миқёсида 2016-2017 ўқув йили рус тили йили, дея эълон қилинди. Шунга кўра, барча тадбирлар ҳамда танловлар рус тилида ўтказилмоқда. Менинг вазифам мазкур жараённи ташкил этиш ҳамда унинг бориши устидан назорат ўрнатиш. Шунингдек, бошланғич синфлар ҳамда рус гуруҳларига раҳбарлик ҳам қиламан.
Биринчи босқичда биз ҳар ойда “Энг яхши ўқувчи” танловини ўтказамиз, кейинчалик ўқитувчилар навбати билан рус тилида фанлар бўйича турли хилдаги мавзули кечалар ўтказадилар.
Сентябрь ойидан эътиборан, “Гаплашамиз!” номли дебатлар клубининг фаолиятини йўлга қўйдик ҳамда унга Е. Н. Жукова раҳбарлик қилмоқда. Қорабулоқ қишлоғининг барча мактабларидан энг яхши ўқувчилар саралаб олиниб, уларга нотиқлик маҳорати сабоқлари берилмоқда.
Шунингдек, фанларни рус тилида ўқитиш бўйича жараёнларни жорий этмоқдамиз. Негаки, бизнинг тингловчиларимиз, ҳадемай, олий ўқув юртларига кириш учун имтиҳонлар топширадилар, рус тилини билиш эса, ўқишдаям, турмушдаям жуда керак бўлади. илло, Шимолий, Ғарбий, Шарқий Қозоғистоннинг 95 фоиз аҳолиси, айнан ана шу тилда сўзлашади. Яқин келажакда бошқа ўқув марказлари билан биргаликда тадбирлар ўтказмоқчимиз, кўчма экскурсиялар уюштиромоқчимиз.
Ноябрь ойи охиригача ота-оналарнинг иштирокида “Танишув кечаси”ни режалаштираяпмиз ҳамда унда болалар ижросидаги концерт дастури, танловлар, рақслар, ҳазил ҳамда кулги ўйинлари уюштирилади. Сизларниям олдиндан таклиф этамиз.
– Мавжуд машаққатлар хусусида икки оғиз…
– Ота-оналар онгида ишонч ҳисларини уйғотиш осон эмас. Қачонки, ота-оналарни йиғилишларга таклиф қилсангиз, уларнинг кўпчилиги ваъда беришади-ю, бироқ келмайдилар. Бу билан ўз фарзандининг тақдири учун лоқайд эканликларини кўрсатадилар. Ўйлайман-ки, ушбу хусусда юқоридаям айтиб ўтилди.
Мавжуд муаммоларнинг ечимлари учун биз астойдил ҳаракат қилмоқдамиз, натижа учун курашаяпмиз, ўз ваъдаларимизни бажараяпмиз, негаки, улар бизнинг принципиал мақсадларимиз бўлганлиги учун улардан ҳеч қачон чекинмаймиз.
– “NiK” ўқув марказининг бошқа марказлардан фарқи қандай?
– Биринчидан, бу – болаларга ўзгача муҳаббат, уларнинг келажаклари учун бефарқ бўлмаслик. Иккинчидан, биз ўқувчиларга таълимда салмоқли самараларга эришишлари учун, янги замонавий шароитларга кўникишлари учун кўмаклашиш. Учинчидан, бизда катта ва салмоқдор тажрибага эга бўлган устозлар ишлашади-ки, улар билан улкан натижалар ва самараларга эришилмоқда. Тўртинчидан, тингловчиларимиз учун Шимкент, Алмати, Астана шаҳарларига сафар-саёҳатлар уюштираяпмиз-ки, булар билан уларнинг, нафақат дунёқарашлари кенгаймоқда, тафаккур доиралари ривожланмоқда, балки нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳам танишишмоқда.
Фаолиятимизнинг энг муҳим жиҳати эса, биз ўз ишимизни севамиз, унга масъулият ҳамда эзгу ниятлар билан ёндашамиз. Қачонки, болаларнинг хурсандчиликдан ёнаётган кўзларини кўрганимизда, ота-оналарнинг миннатдорчилик сўзларини эшитганимизда бениҳоя хурсанд бўламиз.
– Сизнинг Сайрам тумани ҳамда Шимкент шаҳри қамровида тажрибаларингиз мавжуд. Мана шундан келиб чиқиладиган бўлса, қорабулоқлик ота-оналар билан муносабатларингиз қандай?
– Биласизми, ҳали 2007 йилдаёқ, яъни Бадриддин Икромжон ўғли қишлоқда таълим тараққиёти дастурини амалга оширишга киришганида улкан муаммолар бор эди. Ахир, ўшанда кўплар бизларга ишонмасдилар, ота-оналар йиғилишларга хоҳламай қатнашардилар, болаларнинг эса, уларда иштирок этишларига йўл қўймасдилар. Ота-оналар бизларга, яъни ташкилотчиларга, фақат пулимиз керак, дея ўйлардилар. Аммо, қачонки, улар ижобий натижаларга эришаётганимизни кўришгач, ота-оналарда секин-аста ишонч пайдо бўла бошлади ва улар бизларни қўллаб-қувватлашга киришдилар. Бизнинг марказимизда таҳсил олган тингловчилар эришган улкан самаралар эса, аксарият инсонларга яхши маълум.
Бизлар ота-оналарга пул маблағларини кўчмас мулкларгагина сарфлаш ёки уларни жамғариш эмас, балки уларни болалар учун инвестицияларга жалб этиш зарурлигини исботлаб кўрсатмоқчимиз. Негаки бундай усул мағлубиятсиз вариантдир-ки, унинг учун на инфляциянинг ва, на доллар курси ошишининг ҳеч қандай хатари йўқ. “NiK” ўқув марказининг бош мақсади: рақобатбардош ёшларни етиштириб чиқаришдек, ҳаётий муҳим масалада ота-оналарга яқиндан ва астойдил ёрдамлашишдир!
Қорабулоқдаги ота-оналарда болаларини тил ўрганишлари учун шароият яратиб бераётганликлари яхши. Лекин биласизми, кўпчилик ота-оналар болалари 10-11-синфга ўтганда уларни билим олишга қизиқтиришади. Ўғил-қизларига бошланғич синфдан бошлаб қўшимча таълим бериш кераклигини айтсак, айрим ота-оналар ҳали улгурамиз, вақт бор, деб айтишади. Шу ўринда айтмоқчи бўлганим, бу хато, аслида билим мустаҳкам бўлиши учун уни ёшликдан, болаликдан бошлаб ўрганиш даркор. Айниқса, ўзга тилларни билган бола ҳеч нарсага зориқмайди.
Ўқув марказимизда рус тили йили деб эълон қилганимизнинг сабаби ҳам шу. Бир мисол. Астана, Алмати ва Қарағанда шаҳарларидаги энг зўр университетларда биринчи курсни ўқиган бир нечта ўқувчилар рус тилини билмаганликлари учун қолган курсларни Шимкент шаҳрида давом эттиришмоқда. Ота-оналарда бундан бошқа танлайдиган йўл ҳам йўқ бўлиб қолди-да. Агар бола биринчи синфдан бошлаб рус тилини ўрганса, улғайганида бу тилда мулоқот қилишга қийналмайди. Энг оддийси рус миллатига мансуб дўкон хизматчисидан ўзида керакли нарсани сўрай олади, катта шаҳарда адашиб қолса, ўзига дуч келган рус кишидан ёрдам сўрай олади. Шахсан ўзим рус тилини билганларни ҳурмат қиламан.
– Сиз “рақобатбардош”, дейилганда нимани тушунасиз?
– Рақобатбардош инсон – ҳар қандай рақобатга қарши тура оладиган, бозор иқтисодиёти, жамият талабларига жавоб бера оладиган замонавий шахс. Шунинг учун ҳам “NiK” ўқув маркази ота-оналарга ўз фарзандларини кенг маълумотли, ҳаётнинг турфа жабҳаларидаги муаммоларни ҳал этиш учун тафаккур даражаси юқори қилиб ўстириш, мустақил шахс сифатида шакллантириш, келажакда ўз ўрнини топишга қодир инсон тариқасида ривожлантириш масалаларида ёрдамлашишга тайёр ҳамда буни амалда исбот ҳам қилиб келмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолатда, сизларнинг газеталарингиз орқали Қорабулоқ қишлоғидаги ота-оналарга мурожаат этмоқчиман.
Муҳтарам ота-оналар! Агар, қачонки, бизлар келажак ҳақида ҳозирдан ўйлаб, фарзандларимиз учун тегишли маблағларни сарфлай билсак, бундай хайрли саъй-ҳаракатимиз билан ўзимизнинг тинч ва хотиржам, етарли таъминланган кексалигимизни ўйлаган, ҳар қандай турмуш муаммоларидан муҳофаза қилинган, ҳасадлардан, хафагарчиликлардан, ёлғонлар ва бошқа машаққатлардан ҳимоя қилинган бахтли авлодларимиз ҳақида ғамхўрлик қилган бўламиз.
– Ўзаро мулоқотимиз интиҳосида ўзингизнинг ҳамкасбларингизга, ўқитувчиларга, фарзандлари “НиК” ўқув марказининг тингловчилари бўлган ота-оналарга қандай тилаклар билдирасиз?
– Ўз ҳамкасбларимга ҳаммасидан олдин соғлик ҳамда самарали ижодий изланишлар тилайман; ўқитувчиларга айтаман-ки: “Сизларга менинг ҳаётимда мавжуд эканликларингиз, ўзимга нисбатан ҳеч қачон бефарқ муносабатда бўлмаганликларингиз учун улкан раҳмат!” Ота-оналарга эса: ўз фарзандларингиздан маблағларингизни аяманг, уларнинг келажакда муваффақиятли инсонлар бўлиб етишишлари учун ҳар тарафлама ёрдамлашинг, дердим. Болалар учун аталган сўзларим эса булар: орзу қилинг, интилинг-тиришинг, ўз орзуларингиз амалга ошиши учун курашинг!
Эътибор САЙФИДДИН қизи.

