
Оллоҳга беадад шукурлар бўлсин-ки, таҳририятимиз томонидан йўлга қўйилган “Тахлам” (“Подшивка”) акциямиз кўпчиликка манзур бўлмоқда. Ушбу акциямизда она тилимиз тақдирига беэътибор бўлмаган бир нечта миллатдошларимиз ўзларининг моддий ёрдамларини аяшмасдан, ўқувчиларнинг ҳар ҳафта давомида “Жануб жарчилари” газетасининг саҳифаларини ўқиб боришлари учун ҳиссаларини қўшишмоқда.
Насиб қилса, яна бир ярим йилдан сўнг, ўзининг 10 йиллик тўйини нишонлайдиган газетамиздаги турли мақолаларни ўқиб бораётган ўғил-қизларимиз эссе ёзишга тайёргарлик кўришмоқда ва раҳматларини ўзларининг мактублари орқали билдиришмоқда, жумладан, ҳомийларимиз ҳам.
Ана шундай саховатпеша миллатдошларимиздан бири — Абдулла Исматуллаевдир.
Республика миқёсида ўз ўрни ва қадрига, сифатига эга “Жануб жарчилари” газетаси ҳар қайси хонадонга зарур! Мазкур нашрнинг ҳар бир саҳифаси фойдали, керакли маслаҳатларга бой. Унинг биринчи саҳифасидан тортиб, охирги бетларигача инсон учун муҳим маълумотлар тўпланган. Соғлом ҳаёт тарзи, ҳақ-ҳуқуқлар, аёллар бекати, ҳаётий ҳикоялар, муаммолар ечими, бошқотирма-ю, тарихий обидаларни, фақат шу газетадан топиш мумкин.
Саломатлик саҳифаларидаги керакли ва қизиқарли маълумотлар, жумладан, мавсумий хасталиклардан қандай озод бўлиш ва олдини олиш борасида махсус мутахассислар билан юритилган суҳбатлар чоп этилар экан, ана шуларни кўздан кечира туриб, мухбирларнинг қанчалар даражада масъулият билан ишлашаётганининг гувоҳи бўласан, киши!
Яна ҳаётий ҳикояларнинг ранг-баранглиги, турли қишлоқлар ва шаҳарлардан келиб тушган хатларнинг хилма хиллиги эътиборингни тортади. Уларга жавобан муштарийларнинг билдирган фикрлари халқимизнинг ҳафтаномадан бохабар эканлигидан далолатдир!
Шунингдек, ёшгина қаламкашлар турли мавзуларда ҳаётий ҳикояларни ёритишлари жамиятимизга, оз бўлса-да, фойда келтирса — ажабмас. Хусусан, оилада ота-она ва бола тарбияси борасида чуқур маънога эга мақолалар ҳар қандай муштарий эътиборини тортади.
Охирги пайтлари узлуксиз ёритилаётган қарз олиш, уяли алоқада гаплашиш, меҳр-оқибат, ёлғон гапиришнинг зарарлари ҳақидаги мақолалар ҳар бир инсонга сувдек зарур. Оила илми саҳифасида кўтарилаётган муаммолар ва кўрилаётган саволлар жамиятимизда содир бўлаётган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда яхшигина қурол. Хусусан, ахлоқ борасида ёритилаётган мақолалар ҳар бир хонадон ёшларига сабоқ бўлади.
Қувонарлиси, ушбу газета жамоаси ҳар хил лойиҳалар ишлаб чиқиб, муштарийлар талабига жавобан иш юритади. Яқинда амалга оширилган янги лойиҳа менга жуда маъқул тушди. Жанубий Қозоғистон вилоятига қарашли ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар учун “Тахлам” (“Подшивка”) акцияси келажагимиз давомчилари бўлган ёшлар учун топилмас имконият. Унда ўзбекона миллий қадриятларимиз борасида кенг маънода мақолалар, фикр-мулоҳазалар, тадбир ва маҳаллий ижодкорлар ижодидан намуналар берилиб борилаяпти.
Демак-ки, она тилимиз ва миллий қадриятларимизни муносиб сақлай олишимизда “Тахлам” (“Подшивка”) акцияси асқатади. Буни ҳар биримиз тан олишимиз ва қўллашимиз керак, дея ҳисоблайман.
Фурсатдан фойдаланиб, таҳририят ходимларига ўз ташаккуримни билдирсам. Сизларнинг машаққатли ишларингизда ҳамиша омадлар ёр бўлишига истакдошман. Биз сизларнинг олиб бораётган ишларингиздан мамнунмиз. Қаламларингиз янада ўткирлашиб, муштарийлар кўнглини янада мукаммал хушнуд этаверингизлар!
Абдулла ИСМАТУЛЛАЕВ,
Алмати шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси.

