Алоқа | Обуна

ЮРАККА ҚАДАЛГАН БАЙРОҚ ёки Шоир билан юрагимнинг суҳбати

Дарахтнинг бўйи йиқилганда кўриниши рост экан, шоирим, нақадар дуркун бўй-у бастингиз борлигини бугун бутун мамлакат кўриб турибди. Миллий адабиётимизнинг бир четини ўлмайдиган қилиб яшнатиб, шиғил мевали боғ қолдириб кетибсиз. Бу боғаро юрибман-у, мана, шоирнинг ҳақиқийси қандай бўлади, дейман — шу ивирсиб юришимда мен ҳам шоир бўлдимми, дейман ва бу ғариб қаламимни синдириб отгиларим келди, укажон!
Сатрлардаги юрагингизни қаранг, ниятлари биллурдай тоза ва осмонча баланд, лаҳжаси нақадар оддий, изҳорлари бунчалар оромижон! Бир шеърингизда: «Оламни эркалаб, эрка сўз излаб ўтаяпман» – дебсиз.
Мен аёл, деган нафис зотдан бўлсам-да, бундай латиф таърифни билмабман, сўзни минг келишикда турлаш мумкиндир, аммо «эрка сўз» бўлишини Сизда кўрдим. Ва «оламни эркалаш» деган иссиқ таърифни ҳам Сиздан топдим. Таърифлашни ҳам дўндириб қўйгансиз, укажон!
Сизни, айниқса Ватанда туриб, Ватаннинг таъмини туймаганлар ўқисин, Ватаннинг ҳидига димоқларини энтикиб босмаганлар ўқисин! Она-Ер ҳақида гапираркансиз, юракларим ялпиз ҳидига тўлиб боради, ваҳ-ваҳ, бағрим лолазорга дўниб боради, Сизга қўшилиб, капалакларни жониқиб томоша қиламан, ҳатто, чумолининг бошини силаб қўйгим, лолақизғалдоқнинг пешонасидан ўпгим келади.
Мен Сизни ўқийман, Сиз мени Ватаннинг қат-қатига олиб кирасиз, ҳар бир гиёҳига опа сайлатиб, ҳар жониворига эгачи тутинтирасиз, Сиз Ватанни шундай таърифлайсиз-ки, жон ипларим унга янада қаттиқроқ боғланаётганини сезиб тураман. Онангизга, синглингизга, болангизга ёзганларингиздан, ҳатто, муҳаббат ҳақидаги хонишларингиздан ҳам Ватан ҳиди анқиб туради!

У ёқда шотутлар,
Тўкилар сувга.
Қовунлар ёрилар,
Сен йўл қарайсан.
Тупроқ кўчаларда,
Муштоқ кўчаларда
Ёз – мени соғиниб сарғайган майса.

* * *

Ўксимагин, о, юрак,
Бўлма хомуш, бўлма лол.
Менинг отам – оқтерак,
Менинг онам – мажнунтол.
Осмонда ой ёлғиздир,
Ёлғизман мен ҳам, ахир.
Менинг опам – ялпиздир,
Синглим – лола қонбағир.
Тўшагим шу шўр тупроқ,
Кўрпам кўкда булутдир.
Менинг акам Улуғ тоғ,
Менинг укам бургутдир.
Табассумим чақмоқлар,
Ёмғирлар кўз ёшимдир.
Арслон мени ардоқлар…
Қоплон қариндошимдир…

Бу мисраларни ўқиркансан, ушбу замин менинг онам, мен унинг бағридан униб чиққан бир то¬мирман, дейсан киши, атрофдаги унган-ки, юрган-ки мавжудот бир бағирда яшаб бораётган жигарбандларинг эканлигини тан оласан! Мана ўша «эрка» сўзларингиз:

Ялпизлари,
Кўкка туташ,
Тунлари зар,
Тонги маржон.
Юлдузлари – қотган қуёш,
Қуёшлари куйдирмажон.
Олтин тупроқ,
Зумрад далам,
Ипак карвон,
Олмос қалъам.
Кузда кетган қушлари ҳам,
Баҳор қўмсаб қайтган айвон –
Ўзбекистон, Ўзбекистон!

Бир жойда дебсиз: «Унутманг, бу кўҳна чархи фалакда Ватандан бошқаси ҳаммаси майда». Айтганларингиз нақадар ҳақ, нақадар одил! Хунук она бўлмагани каби, хунук фарзанд бўлмагани каби Ватаннинг ҳам яхши-ёмони йўқдир! Ватанни ҳам болангни суйгандай суйиб, унга онангга куйгандай куясан. Аммо оналар кечирсинлар, болалар маъзур тутсинлар – Ватаннинг улардан-да қимматлиги ростдир! Онанг йўлда ўлиб беради, боланг эгасини топиб кетади, аммо, фақат Ватангина товонинг тагида собит туради ва сўнгги дамингда ҳам биринчи бўлиб, сенга кўксини очади-ю бағрига босади…

Кўҳна тол бешикдан,
Бошланар олам,
Сенга иддаолар,
Қилмай севаман.
Бир куни синглим деб,
Бир куни онам – Ватан,
Кимлигингни,
Билмай севаман.

* * *

Менга еринг суюк,
Осмонинг суюк,
Боқсам тенг Тўрттала
Томонинг суюк,
Товонимга кирган,
Тиконинг суюк –
Кафтдан зирапчанг ҳам,
Олмай севаман.
Чўксанг,
Тур, синглим деб,
Сочинг силайман.
Сўксанг,
Опам дейман,
Умринг тилайман.
Сендан ранжимайман,
Гина қилмайман –
Хоҳ хўмрай,
Хоҳ жилмай,
Бирдай севаман.
Ватан – Юрагимнинг,
Олампаноҳи,
Бу дунё,
Букри бир,
Жийдангнинг шохи!
Кўзим ёши билан,
Суғориб, гоҳи,
Кўксимда ўстирган,
Гулдай севаман…

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ