Алоқа | Обуна

Билимдонлар аниқланди!

ЯМТнинг янги форматига ўқувчилар ўрганишдими? Танловга келган ўқувчилар ўзларини қандай ҳис қилишди? “Тест билимдони-2017” танловининг ғолиби ким бўлди? Ёлғиз олма дарахти намойишидаги ҳодисалар реал ҳаётда ҳам содир бўлмоқдами? Мана шунга ўхшаш кўпгина саволларга жума кунги улкан тадбирда жавоб топдик.
Аввало, ушбу тадбирнинг ўтказилиш мақсади ҳақида тўхталиб ўтайлик.
Бадриддин НИШОНҚУЛОВ, ЖҚ вилояти маслаҳатининг депутати, вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси:
– Қозоғистон Республикаси Президентининг 2016 йил 1 мартдаги 205-сонли фармони билан тасдиқланган Қозоғистон Республикасида таълим ва фанни ривожлантиришнинг 2016-2019 йилларга мўлжалланган Давлат дастури асосида якуний аттестациялаш ва ягона миллий тест (ЯМТ)нинг янги форматига ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар битирувчиларининг тайёргарлигини кучайтириш мақсадида ушбу танловни ўтказаяпмиз.
Шунингдек, янги форматдаги ЯМТ топширишда машқлар орқали битирувчиларнинг муваффақиятли натижаларга эришиш йўлидаги кўникма ва малакаларини ривожлантириш, ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларнинг битирувчиларини ҚРнинг олий ўқув юртлари (ОЎЮ)га давлат билим грантлари асосида ўқишга киришлари учун йўналтириш, ўқувчиларни ЯМТга тайёрлаш борасида юқори натижаларга эришган мактабларни жамоатчиликка танитиш ҳам асосий мақсадимиздир…
Эрталаб соат 9.00. Қадим ва қўҳна диёр, авлиёлар юрти бўлмиш Сайрам даҳасидаги Юсуф Сарёмий номидаги 107-сонли лицейнинг ҳовлиси ўқувчилар ва ўқитувчилар билан тўла. Мана, бир неча йилдир-ки, вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Бадриддин Нишонқулов, вилоят таълим бошқармаси, таълим кенгаши ҳамда юқорида номи тилга олинган билим даргоҳи жамоаси учун “Тест билимдони-2017” танловини ўтказиш анъанага айланган. Бу йил ҳам мазкур танлов катта тайёргарликлар билан ўтказилди, шунингдек, кўпгина ҳомийлар ушбу тадбирни қўллаб-қувватлашди.
Мактаб ҳовлисидаги йиғилишда ҳурматли устоз, элга қадрли инсон Турсунхўжа ота Хонхўжаевга сўз берилди.
– Оллоҳнинг ўзи гўзал, зеро, шундай экан, илмлилар гўзалликни яхши фаҳмлашади. Илмингиз қанча кўп бўлса, шунча гўзал бўласиз. Ҳаммангизга гўзал илм соҳиби бўлишларингизни, олдларингизда турган синовли имтиҳондан қоқилмай ўтиб кетишларингизни тилайман, – деди Турсунхўжа ота иштирокчиларга қарата.
Танловнинг ўтган йилгилардан ўзгачалиги бор, яъни ушбу йилда мактаблардан келган ҳамма илмий мудирлар ва устозлар айни конкурсни ўтказиш комиссиясининг аъзолари бўлишди. Математика, ўқиш саводхонлиги, Қозоғистон тарихи ва иккита танлов фанидан тест саволларига жавоб берган ўқувчиларнинг, деярли ҳаммаси юқори балл эгаллашни ният қилишди.
Шуҳрат СИДИҚМЕТОВ, танловни ўтказиш комиссиясининг раиси:
– Бизнинг ягона мақсадимиз битирувчиларимизни ЯМТга тайёрлаш. Шунинг учун ҳам, ҳар бир синф хонасига назоратчи қўйдик, ўқувчилар тест жавобларини бир-бирларидан кўчираяптиларми — йўқми, шпаргалкалардан фойдаланишмоқдами, буларни ўзимиз ҳам текшириб юрибмиз.
Ана шундай қилсак, ўқувчиларимиз ўзларини, худди ЯМТ топширишаётгандек ҳис этишади. Ўйлайман-ки, натижалар юқори бўлади. Сабаби, ўқувчилар анчадан бери тест топшириб, машғулотларда иштирок этишмоқда. Қилаётган ишимизни назорат қилиб туришлари учун Шимкент шаҳридаги “5 плюс” тест марказидан ҳам ходимлар ташриф буюришди. Улар тест натижаларини текширишда бизларга катта ёрдам беришади.
65 та мактабдан ташриф буюрган 424 нафар битирувчилар ушбу танловда иштирок этишди. Битирувчи синфлар ўқувчиларининг ЯМТга қай даражада тайёрланаётганликларини аниқлаб берувчи айни танловга ЖҚ вилоятидаги ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларнинг 11-синфлари ўқувчилари иштирок этишиб, билимларини мукаммаллаштиришди. Буни ўқувчилар ўзларининг берган суҳбатларида таъкидлаб ўтишди.
Мархила УБАЙДУЛЛАЕВА, Отатурк номидаги мактабнинг 11-синф ўқувчиси:
– Янги форматдаги айрим саволлар сал қийинроқ, баъзи саволларнинг учтадан тўғри жавоби бор. Шундай бўлса-да, ҳаракат қилиб, тўғри жавобларни белгилашни ўзимга мақсад қилиб қўйгандим. Натижасини кечга биламиз. 3 соат 50 дақиқа давомида қилган ҳаракатларим зое кетмайди, дея умид қиламан.
Ҳа, дарвоқе, бу йил битирувчиларимиз ҳар йилгидек, 3 соат-у 30 дақиқа эмас, 3 соат-у 50 дақиқа давомида ЯМТнинг топшириқларини бажаришади. Бу ҳам янги форматдаги ўзгаришлардан биридир.
Айтилган вақт ўтганидан сўнг лицей ошхонасида ҳамма битирувчилар тушлик қилишди.
Натижалар текшириб бўлингунига қадар Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон Давлат университетининг профессори, педагогика фанлари доктори Неъматжон Алметов ўқувчиларга ҳис-туйғу ва эмоция мавзусида тренинг ўтказди.
Соат 17.00-18.00. Ниҳоят, узоқ-яқиндан ташриф буюрган битирувчи синфлар ўқувчилари интиқлик билан кутган дақиқалар ҳам етиб келди. Юсуф Сарёмий номидаги 107-сонли лицей мактабининг директори Баҳодир Нуралиев танлов натижаларини эълон қилди.
Туркистон шаҳридаги Отатурк номидаги мактабнинг биология фани ўқитувчиси Дилором Нарзуллаева ўқувчилар учун ЯМТнинг янги формати бироз қийин бўлаётганини яширмади:
– ЯМТнинг янги тури сал қийин бўлмоқда. Шу кунгача биология фанига тайёрланишиб, тест топширишиб юришганди. Энди эса, химия фани ҳам фанлар таркибига қўшилди. Лекин, шунга қарамасан, бугунги тестдан яхши натижа кутаяпмиз.
Бугунги тадбирга улкан баҳо берамиз. Ташкилотчилар – Бадриддин Нишонқулов, Баҳодир Нуралиев, Шуҳрат Сидиқметов, Турар Маменов, Муроджон Эгамқуловларга миннатдорчиликларимизни билдирамиз. Ўқувчиларимиз ўзларини, худди ягона миллий тест топшираётгандек ҳис этишди.
Муроджон ЭГАМҚУЛОВ, комиссия аъзоси:
– Бугунги натижалар орқали янги формат бўйича тест топшириш битирувчиларимиз учун бироз қийин бўлаётганини билиб олдик. Кейинги йилларда изига тушиб кетса, ажабмас.
1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган, яъни энг юқори балларни олган ўқувчиларга ҳомийлар томонидан рангли принтер ва дипломлар, 1-, 2-, 3-, 4-, 5-ўринларни эгаллаган мактабларнинг ўқитувчилари ва ўқувчиларига лаваш марказида тамадди қилиш учун сертификатлар тақдим этилди.
Биз — таҳририят ходимлари ҳам бундай вақтда қўлимизни қовуштириб ўтирмаймиз. Юқори балл жамлаган 10 нафар битирувчиларнинг устозларига “Руҳият дунёси” газетасига олти ойга обуна бўлишлари учун бепул сертификат бердик.
Мана шундай қилиб, “Тест билимдони-2017” танловини ҳам муваффақиятли ўтказиб олдик. Эндиги навбатда барча битирувчиларимизга ягона миллий тест топшириш вақтида омад тилаб қоламиз.
Юқори балларни қўлга киритган ҳамма ука-сингилларимизни таҳририятимиз номидан самимий муборакбод этамиз!

Эътибор САЙФИДДИН қизи.

Изоҳнинг ҳожати йўқ