Алоқа | Обуна

Ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаларининг республика миқёсидаги мусобақаси

Яқинда Астана шаҳрида Қозоғистон Республикаси ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаларининг ёш жамоалари ўртасида мини футбол бўйича 1-республика турнири бўлиб ўтди. Мамлакат қамровида илк бор ўтказилган мазкур мусобақада Астана, Алмати, Қарағанди, Тараз, Шимкент, Семей шаҳарларидан келган ҳамда бошқа ёшлар футбол жамоалари иштирок этдилар.
Қозоғистон Республикаси ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаларининг мамлакат миқёсидаги дастлабки мини футбол баҳсида Астана шаҳар этномаданият жамоат бирлашмасининг «Пойтахт» командаси 1-ўринни эгаллади.
Иккинчи ўрин Қарағанди шаҳридан ташриф буюрган «КГМУ» жамоасига насиб этган бўлса, учинчи ўрин Семей шаҳридан келган «Лошин» командасига тақдир қилди.
Фурсатдан фойдаланиб, Қозоғистон Республикаси ўзбек этномаданият жамоат бирлашмалари ўртасидаги мазкур биринчи республика футбол мусобақасининг муваффақиятли равишда ўтказилганлиги билан тегишли барча кишиларни астойдил табриклаймиз ҳамда ушбу баҳснинг, эндиликда анъанавийлик касб этишига тилакдошмиз.
Айни тадбирга қутлаш ҳамда ғолибларга махсус мукофотларни тантанали тарзда топшириш учун Астана шаҳри Қозоғистон Халқи ассамблеяси котибиятининг мудираси Л. Кусаинова, Астана шаҳар ички ишлар департаменти бошлиғининг ўринбосари С. Шалданбаев, мазкур турнирнинг ҳомийларидан «ИП Ясмин» ишлаб чиқариш корхонасининг раҳбари С. Сатибалдиев ҳамда ҚР «Дўстлик» ҳамжамияти раисининг ўринбосари Х. Шарипов ташриф буюрдилар.
Ушбу ажойиб тадбирнинг ташаббускори ҳамда ташкилотчиси, Астана шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Шерзод Пўлатов мамлакат қамровидаги мазкур мусобақада қатнашган барча жамоаларга, уни уюштириш ҳамда ўтказиш жараёнларига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган кишиларга ўзининг миннатдорчилигини билдирди ҳамда ўзининг уларга нисбатан эзгу тилакларини изҳор этди.
* * *
Айни хушхабаримизнинг ниҳоясида айтишимиз мумкин-ки, спорт соҳасидаги юқоридаги сингари дўстлик баҳсларининг муваффақиятли ўтказилиши қардошлигимиз ҳамда бирдамлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади ва умумий уйимиз – Қозоғистондек қудратли она-Ватанимизнинг тағин-да гуллаб-яшнашига ўз ҳиссасини қўшади.

Махсус мухбиримиз.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ