
“Бир, икки, уч — Анталияга уч!”, “Самарқандга саёҳат — руҳиятингга роҳат!”, “Астанага йўлланма-келажакка қўлланма!”…
Кўп лойиҳали “Жануб жарчилари” газетаси навбатдаги эътиборини Астана шаҳрига саёҳатга қаратгани ҳаммамизга маълум. Яқиндагина 100 тадан обуна йиққан 40 нафар миллатдошларимиз пойтахтга 3 кунлик саёҳат қилишди.
Мана шу кунлар оралиғида илгари бир-бирига таниш бўлмаган чеҳраларни, эндиликда яқин ришталар боғлаб туради. Ҳамманинг юзида қувонч-шодиёна. Байрам кайфиятидаги мароқли дам олиш уларнинг ёдларида энг унутилмас кунлар бўлиб қолса — ажабмас. Бунга қуйидаги саёҳатчиларнинг таассуротлари далил бўла олади:
Ана сенга байрам-у
мана сенга байрам…
Музаффар МАРАИМОВ, “Турон” ўрта мактабининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси:
– “Ваъдага вафо — марднинг иши!” нақли “Жануб жарчилари” газетаси таҳририятига қарата айтилган, десак адашмаймиз. Мана, яқиндагина таҳририят ходимлари бундан бир неча ой аввал берган ваъдаларининг устидан чиқиб, 40 нафар миллатдошларимизни пойтахтга саёҳатга олиб боришди.
Наврўз байрами, икки давлат Президентлари билан юзма-юз кўришиш, миллий либос кийган йигит-қизлар ташкиллаштирувида уюштирилган концерт дастури, миллий ўтов, ранг-баранг бинолар-у, фақат шодлик улашган хушчақчақ манзаралар…
3 кунлик саёҳат дастури жуда ўринли, мукаммал тузилган. Бирон дақиқамиз зое кетмади. Нималар биландир банд бўлдик. Тарихий обидалар, янгидан қад ростлаган замонавий бинолар, ўйин марказларига ташриф буюра туриб, кўзинг қувончдан порлайди, дилинг шодликдан яйрайди.
Айниқса миллатдошларимизнингўша томонда юрган фарзандлари бизга ўз истеъдодларини намойиш этишди. Ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси аъзолари-ку бизни илиқ чеҳра билан қаршилабгина қўймай, бизга миллий либослар илинишиб, байрамни байрамдек кутиб олишга ўз ҳиссаларини қўшишди. Офарин!
Биргина саёҳатнинг ўзида тарихимиз билан теранроқ танишиш, миллатдошларимиз билан янада яқинроқ муносабатда бўлиш, ўзимизнинг қай даражада ҳамжиҳат эканлигимизни тушуниб етиш, шунингдек, газета тарғиботида тажриба алмашиш каби қатор таассуротларга эга бўлиб қайтдик.
Ҳаммаси учун ташкилотчиларга минг раҳмат! Биз ҳамиша сизларни қўллашга ҳозирмиз “Жануб жарчилари” газетаси ижодкорлари!
Ҳаётимдаги энг қувноқ
байрам бўлди…
Онажон МАМЕТОВА, Туркистон шаҳридаги С. Раҳимов номли мактабнинг кутубхоначиси:
– Ҳар куни ойнаижаҳон орқали томоша қиладиган гўзал ва бетакрор Астана шаҳрига ҳаётимда илк бора саёҳат қилишим. Бу ҳам бўлса, “Жануб жарчилари” газетасининг илғор ходимлари ташкиллаштируви асосидадир!
Ушбу кунлар менинг тарих зарварақларимга олтин ҳарфлар билан битиладиган бўлди, десам муболаға эмас. Сабаби, қувончим шу даражада кучли-ки, уни сўз билан таърифлашга ожизман. Албатта айни борада менга қўлдош бўлган жамоамга, раҳбаримиз Раҳим акага ҳам ўз ташаккуримни билдираман. Соғ-омон бўлишсин!
Пойтахт таассуротлари ҳақида гапирсам, аниқ битта саҳифани банд этишга тўғри келади. Шу боис, асосийларини айтиб ўтай. Менга тарихий экспонатлар жамлаган музей жуда ёқди. Милоддан аввалги бир қанча буюмлар, ёзма битиклар, эсдаликлар, очиғи, ҳайратимни оширди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатларининг раҳбарлари Нурсултан Назарбаев ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг учрашуви вақтига тўғри келганимиз, улар билан ёнм- ён туриб, байрамни қаршилаганимиз ҳамон кўз олдимда ширин хотиралар бўлиб гавдаланаверади.
Айниқса пойтахт кутубхоналарида яратилган шарт-шароитлар, жавонларда тахланган китоблар хилма-хиллиги кўзларимни қувнатди. Ўрта Осиёда ягона олий ўқув юрти саналган Назарбаев университетини кўрганда-ку, беихтиёр: “Қани, энди бизнинг-да болажонларимиз шу ерларда таҳсил олишса!” – деган орзуга ботиб кетдим.
Хуллас, ҳаммасини айтаверсам — тамомлай олмайман. Аммо айтишим керак бўлган нарса шу-ки, мен, аввало, жамоамдан, “Жануб жарчилари” газетаси таҳририятидан жуда миннатдорман. Гулираъно, сизга-ку бошим ерга теккунича таъзимдаман! Саломат бўлинг!
Тарихда бўлмаган бундай катта лойиҳадан бир қатор миллатдошларимиз мамнун бўлишиб, ўзларининг миннатдорчиликларини билдиришди.
Ҳасан ШАРИПОВ, “Дўстлик” ҳамжамияти раисининг ўринбосари:
– Аввал юрагингга мўралайди у,
Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.
Заминнинг кўзидан қочади уйқу,
Демак, Баҳор келди, келади Наврўз!
Ҳа, тарихдан маълумки, жаҳонни жомдек қўлига олишни истаган юнонлар ҳам, босқинчиликни бош мақсад, дея билган мўғуллар ҳам, собиқ советлар тузуми даврида айни байрамни диний хурофот, эскилик сарқити, дея атаганлар ҳам Шарқ халқларининг жонажон байрами– халқимизнинг севимли Наврўзини йўқ қила олмаганлар.
Шундай экан, уни улкан ифтихор билан нишонлаш сиз-у бизнинг фарзимиз ва бурчимиздир! Жорий йилнинг ушбу айёмини сиз — азизлар билан қаршилаганимиздан бағоятда хурсандмиз! Пойтахтимизга хуш келибсизлар, миллатдошларим!
Шерзод ПЎЛАТОВ, Астана шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси:
– Неча асрлардан буён ота-боболаримиз интизорлик билан кутиб олган ушбу қутлуғ айём биз учун нақадар қадрдон, ҳаётбахш ва дилларимизга яқинлигини сўз билан ифодалаш қийин. Янгиланиш, яшариш, уйғониш айёмини биз билан бирга қаршилаш истагида давлатимиз юраги саналган Астана шаҳрига келган миллатдошларимиз ўзларининг бундай ташрифлари билан, бизга яна бир байрам кайфиятини туҳфа этишди.
Сизларнинг бу ҳаракатларингиз бизнинг тарихимизда ўзгача ўрин олади. Ўйлаймиз-ки, келажак авлод вакиллариям айни манзарадан андаза олиб, ўзларига тегишли хулоса чиқаришади.
Биз эса, ўз жамоамиз иштирокида келган меҳмонлар қалбига байрамона кайфият бахш этиш истагида кичик дастур тайёрладик. Умид қиламиз-ки, бу, албатта уларнинг кўнгилларидан чиқади.
Шоира СОТИЛДИЕВА, Маншук Мамедова номидаги мактаби бошланғич синф ўқувчилари бўйича илмий мудири:
– Наврўз Шарқ халқларининг тақвимидан мустаҳкам ўрин олган энг сара байрамлардан биридир. У инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни англатадиган ноёб ва ижтимоий ҳамда табиий ҳодиса.
Илоҳим, Наврўз юртимизга ризқ-рўз, тинчлик-омонлик, бахт-у иқбол, қут-барака олиб келсин. Наврўз ўзининг ана шу эзгу хислатлари билан барча ёшларни ҳар томонлама баркамол, маънавий етук, ватанпарвар, меҳнатсевар қилиб тарбиялашда муҳим омилдир.
Қувонарлиси, аждодларимиз мероси бўлган Наврўз, эндиликда йилдан йилга янада такомиллашиб бормоқда. Яъни тарбиявий куч-қудрати янада кенгаймокда. Бунинг далили сифатида бугунги ўтирган даврамизни келтирсак муболаға бўлмас.
Аввало, Яратганнинг инояти, қолаверса, “Жануб жарчилари” медиахолдинги директори Гулираъно Расулова ҳамда укамиз Шерзод Пўлатовнинг бир гуруҳ жамоадошлари ташкиллаштирувида ўтказилаётган тадбир кўнглимизга баҳор ва Наврўз байрами ила ёшариш ҳиссини-да ҳадя этгандек…
Ҳаммаси учун барча саёҳатчилар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман! Ишларингизга омад, муваффақият ёр бўлаверсин!
Ҳакима МАЖИДОВА, Ю. Сарёмий номидаги 107-сонли лицей мактабининг кутубхоначиси:
– Пойтахтга саёҳат қилиш ҳар бир инсон орзуси бўлса керак. Мен ушбу орзуимга шарқликлар байрами саналган улуғ санада эришдим. Қолаверса, бу ерда турлича биноларни томоша қилиш бахтига эга бўлдик.
Ўз касбим билан боғлиқ бўлгани учунми — менга, асосан бу ерда кутубхоналарда сақланаётган нашрлар жуда ёқди. Деярли ҳамма шароитлар яратилган. Китоблар эса, турли-туман. Жумладан, тошга ўйилган, бамбук, олтиндан ишланган китоблар. Қолаверса, электрон тарздаги китоблар ҳам бор.
Шунингдек, ёш болали оналар учун ҳам шароит қувонарли. Улар учун махсус болалар хонаси ташкил этилган бўлиб, оналар исташганича китоб ўқиб, кераклича маълумот тўплаш имкониятига эгадирлар.
Хуллас, тарихда кўрмаганимиз анча-мунча манзараларга дуч келаяпмиз. Бунинг учун ташкиллаштирувчиларга алоҳида ташаккуримни етказгим келади. Ҳамиша ишларига омадлар тилайман!
Оққа кўчирган: Султоной НИШОНБОЙ қизи.

