Алоқа | Обуна

Ўткир холециститни даволаш усуллари қандай?

Ўткир холецистит қандай касаллик ва уни даволашнинг қандай усулларини биласиз? Муштарийларимизнинг берган саволлари юзасидан жавоб олиш мақсадида Самара шаҳридаги 8-сонли шаҳар клиник-касалхонаси хирург-шифокори Азимжон САЙДАЗИМОВга (интернет орқали) мурожаат этдик.

– Ўткир холецистит, дегани нима?
– Ўткир холецистит – ўт пуфагининг вазифавий жараёнига бирон нарса тўсқинлик қилиши натижасидаги яллиғланиши ҳисобланади. Бундай ҳолатларда ўт деворларида патологик ўзгаришлар ҳам рўй бериши мумкин.
Ўткир холециститда 85-95 фоиз ҳолларда яллиғланиш тошларнинг силжишидан содир бўлса, касалликнинг ярмидан кўпи ўт қопида кокки, сальмонелла каби бактериялари туфайлидир.
Ўткир холецистит касаллигидан хабар берувчи оғриқ бир марта содир бўлиб ривожланади, уни яхшилаб даволаса, у кичрайиб асоратларсиз ўтади. Агар оғриқлар бир неча марта содир бўлиб, бемор уни беэътибор қолдирса, сурункали холециститга айланади. Мазкур касаллик, кўпинча аёлларда учрайди, ёш ўтган сари касалланиш кўрсаткичи ҳам ортиб бораверади.
– Ўткир холецистит белгилари қандай бўлади?
– Ўткир холецистит ўнг қовурға ёйи остида, тўсатдан пайдо бўлган кучли оғриқ билан бошланади. Бу асосий сабаблардан биридир. Оғриқ ўнг елкага, куракка, белга ўтиши мумкин. Бунга эса, ўз йўлида алкоголь истеъмол қилиш, аччиқ ва ёғли таомлар истеъмол қилиш, тушкунликка тушиш каби омиллар сабаб бўлади. Бундай оғриқлардан ташқари, беморнинг кўнгли айниб, тана ҳарорати узоқ муддат давомида 37-38 градусда мунтазамликни сақлаб қолади.
Агар ўт пуфагида тош бўлмаса, касаллик енгилроқ кечади ва 5-10 кунда соғайиб кетади. Инфекция тушса, йирингли холецистит, организми заиф беморларда эса, гангрена касаллигига қадар ривожланиб кетиш хавфи мавжуд.
Шунингдек, перфорация ҳодисаси, ўт деворининг ёрилиб кетиши содир бўлиши мумкин. Бундай холатларда кечиктирмасдан жарроҳлик йўли билан даволаш керак.
– Қандай даволанади?
– Ўткир холециститни илк ташхис қўйган пайтда, агар тош, йирингли яра бўлмаса — гастроэнтолог консерватив усул билан, яъни жарроҳсиз даволайди. Ўтдаги бактериал муҳитга қарши антибиотиклар туфайли; оғриқларни қолдириш ва ўт йўли (зарда оқиб келадиган томир)ларни кенгайтириш учун спазматик дорилар билан даволанади.
Деструктив холециститни эса, жарроҳлик йўли билан даволаш керак.
Ўт пуфагида тош борлиги аниқланса, кўп ҳолатларда ўт пуфагини олиб ташлаш тавсия этилади. Агар йиринглар бўлмаса, операцияга қарши эътироз бўлса, консерватив усулда даволаш мумкин. Лекин шуни ёддан чиқармаслик керак-ки, бу йўл туфайли хуружларнинг қайта-қайта такрорланиши ва сурункали холециститга сабабчи бўлиши мумкин.
– Муштарийларимизга олдини олиш чораларини айтиб ўтсангиз.
– Албатта соғлом турмуш тарзига риоя қилиш керак. Соғлом ва фойдали таомлар истеъмол қилиш, алкоголь ичимликларидан воз кечиш, аччиқ ва ёғли таомларни истемол қилишни камайтиришни тавсия қиламан.
Шунингдек, жисмоний фаолликни ошириш керак, чунки ҳозирги кундаги камҳаракат ҳаёт тарзимиз бутун организм гиподинамиясига олиб келмоқда. Гиподинамия эса, ўз йўлида ўт йиғилиб қолиши ва тош пайдо бўлиши омилларининг бири ҳисобланади.
Семириш, паразитлар (аскарида, лямбля), қаттиқ тушкунликка тушиш ўт пуфаги фаолиятига салбий таъсир кўрсатадиган омиллардир. Шунинг учун, ўз соғлигимиз, фақат ўзимизга кераклигини инобатга олган ҳолда, соғлигимиз учун масъулиятни ҳис этиб, ўзимизни асрашимиз ва тавсияларга амал этмоғимиз даркор.

ГУЛНОЗА суҳбатлашди.

Изоҳнинг ҳожати йўқ