
Сайрам тумани Жанубий Қозоғистон вилоятининг, қай соҳа бўлишидан қатъий назар, анча олдинда ривожланаётган туманларидан бири. Хўш, ушбу олдинги қатордаги туманда қандай янгиликлар бор? Элбошимизнинг сиёсатидан, давлат дастурларидан туман аҳолисига қандай фойда келмоқда? Иқтисодий ва ижтимоий ривожланишимизга-чи?
Мана шу ва ўзимизни қизиқтирган бошқа саволлар юзасидан Сайрам тумани ҳокимининг муовини Мадияр Мухтар ўғли ОРАЗАЛИЕВ билан мулоқотда бўлдик.
– Ассалому алайкум, Мадияр Мухтар ўғли. Сизни яқинланиб келаётган қурбон ҳайити билан чин дилдан табриклаймиз! Келинг, суҳбатимизни Сайрам туманида 2016-2017 йилларда амалга оширилган ишлардан бошлайлик.
– Раҳмат! Биласиз, туманимиз сувли жой, қай соҳага қараманг, анча ривожланиш яхши. Ҳудуднинг ҳунар-касб соҳасида 15,9 миллиард тенгелик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ишлаб чиқариш бўйича туманимизнинг улуши вилоят миқёсида 4,3 фоизни ташкил этиб, вилоят миқёсида 5-ўринни эгаллаб турибмиз.
Туманимизда индустриявий-инновациявий ривожланиш давлат дастури доирасида 2012-2016 йиллари умумий инвестиция нархлари 6 482,2 миллион тенгелик 9 та лойиҳа киритилган, шундан 7 таси ишга туширилиб, маҳсулот ишлаб чиқаришда қолган 2 “Конус и К”, “Бірлік” МЧБларни ишга тушириш 2017-2018 йилларга мўлжалланган. 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида 547,0 миллион тенгега 4 та катта лойиҳа ишга туширилиб, 66 та иш жойи очилди.
Туман иқтисодиётини ривожлантиришга 4,8 миллиард тенге инвестиция тортилиб, ўтган йил билан таққослаганда 1,8 ҳиссага ортган. Қурилиш ишларининг ҳажми 2,8 миллиард тенгени, ишга тушган турғун уй иморатларининг майдони 2 211 квадрат метрни ташкил этади. Яна бошқа соҳаларда ҳам анча ўсиш сезилмоқда.
– Келинг, энди қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам тўхталиб ўтайлик. Қандай янгиликлар бор?
– Қишлоқ хўжалиги соҳасида 2017 йилнинг 6 ойида 15,5 миллиард тенгелик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш 7,1 фоизни ташкил қилиб, вилоят миқёсида туманимизнинг улуши 11,7 фоиз ёки 2-ўринда турибди.
Йил бошидан 9,8 минг тонна гўшт, 63,4 минг тонна сут, 8,3 миллион дона тухум ундирилди.
2017 йилда 5,9 гектар ерга иссиқхоналар қурилиб, аввалги иссиқхоналарнинг майдони билан қўшганда, умумий майдони 25,3 гектарга, сони 97 донага етди. Туманда, умуман 456 гектар ерда томчилатиб суғориш усули йўлга қўйилди ва биз режани 111,0 фоиз ортиғи билан амалга оширдик. Натижада, деҳқон хўжалигида 6 ойда 337,2 миллион тенгелик маҳсулот етиштирилди.
Чорвачилик соҳасида ўтган йилнинг 6 ойи билан солиштирганда йирик қора мол боши 12,3 фоизга, қўй билан эчки 20,9 фоизга, йилқи 93,5 фоизга ўсган. 172 та мол бўрдоқилаш майдонларида 31,0 минг бош мол бўрдоқиланмоқда. Натижада, мазкур йилнинг 6 ойида чорвачиликда 15,2 миллиард тенгелик маҳсулот етиштирилиб, ундан келган фойда 7,5 фоизга ошди.
Тумандаги 2 та мактабнинг мураккаб таъмирлаш ва 8 та бинонинг смета ҳужжатларини тайёрлаш ишларига маблағ бўлинишига муваффақ бўлдик. 2017 йилнинг 6 ойида 12 оила ёки 45 фуқаро 1 560,0 минг тенге миқдорида ижтимоий ёрдам пуллари олди. 2016 йил билан таққослаганда ёрдамнинг бундай турини олувчи оилалар сони 3 тага камайган. Ёрдамга муҳтож 7981 болага 98,0 миллион тенге ёрдам хақи тўланиб, ёрдам хақи олувчилар сони ўтган йилгига нисбатан 2292 болага камайган.
“Өрлеу” дастури бўйича 614 оилага ёки 3873 одамга маҳаллий бюджетдан 85,2 миллион тенге миқдорида пулли ёрдам тўланган. Давлат томонидан турли хил ёрдам пулларини олувчиларнинг сони камайишидан маълумки, туманда ижтимоий аҳвол янада яхшиланмоқда.
– «МАНКЕНТ» сув электростанцияси хизматга шай. Ушбу станция кунига қанча электр энергиясини ишлаб чиқаради?
– Мамлакатимиз президенти Н. Назарбаевнинг топшириғига кўра, 2013 йилда «Яшил иқтисод”га кўчиш ҳақида қарор қабул қилиниб, электр қувватини биринчи галда она табиатга зарар келтирмаган ҳолда олиш кўзда тутилган. Ушбу топшириққа биноан, вилоятимизда муқобил электр энергиясини ишлаб чиқаришга қаратилган 14 та дастур яратилган. Вилоятда катта сиёсий мавқега эга дастурнинг биринчиси туманимизда юзага ошди.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоиз-ки, «Манкент» кичик сув электростанцияси кунига 40 минг квт электр энергиясини ишлаб чиқариб, «КЕООС» ҲЖга келишилган баҳода сотишни бошлади. Мазкур ҲЖ «Оңтүстік Жарық» масъулияти чекланган биродарлиги орқали аҳолини электр қуввати билан таъминлайди.
Қиймати 283 миллион тенгега тенг бўлган ушбу лойиҳа «Даму» тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда «Бизнеснинг йўл харитаси-2020» дастурлари доирасида имтиёзли қарз эвазига амалга оширилган. 5 йил ичида кичик электростанция учун кетган харажатлар тўлиғи билан қопланади.
– Ер масаласи ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Турғун уй қурилиши учун давлатдан ер ажратилаяптими?
– Қозоғистон Республикасининг Ер ҳақидаги кодексининг 44-1-боби, 8-бандига асосланиб, уй қурилиши учун ер участкалари олиш учун фуқаролардан келиб тушган аризалар рўйхатга олинади. Уй қурилиши учун ер тайёр бўлган вақтда ана шу аризалар бўйича 18 ёшга тўлган ҚР фуқароларига ер бўлиб берилади.
Ер берилаётган вақтда ўша ариза берган фуқаронинг номида давлат томонидан берилган ернинг бор ёки йўқлиги текширилади.
Ушбу мавзу ҳақида гап борар экан, 18 ёшга тўлган ҚР фуқаролари бир марталик ер участкасини олишлари учун ўзлари истиқомат қиладиган жойдаги ҳокимиятга бориб, уй қуриш учун ер олиш бўйича ариза бериш кераклигини айтиб ўтаман.
– Мадияр Мухтар ўғли, туманимиз кўпмиллатли, улар ҳамжиҳатликда иш олиб боришмоқда, бу эса, Элбошимизнинг тўғри сиёсати туфайли. Шундайми?
– Тўғри айтасиз, Сайрам туманида муҳтарам Элбошимизнинг доно сиёсати туфайли, кўплаб ижобий ўзгаришлар содир бўлмоқда: ижтимоий-иқтисодий аҳволимиз анча яхши ва бизлар бунинг тобора яхшиланиши учун қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ. Мен бир нарсани фахр билан айта оламан: туманимизнинг ривожланишига тўсиқ бўладиган камчиликлар йўқ.
Сайрам тумани кўпмиллатли, 200 мингдан ортиқ халқ яшайди. Миллатлараро тотувликни такомиллаштириш мақсадида 7 та этномаданият: ўзбек, славян, корейс, немис, турк, курд ва татар-бошқирд жамоат бирлашмалари аҳилликда фаолият кўрсатишади.
Туманимизнинг барча қишлоқ округларида Қозоғистон Халқи ассамблеясининг “Қоғамдық келісім” ва “Оналар кенгаши” қурилган.
Сайрам тумани ҳокимлиги қошида “Ырыс алды – ынтымақ” жамоатчилик форуми ташкил этилган. Мазкур жамоа форумида давлат органларининг вакиллари, маслаҳат депутатлари, нодавлат ташкилотларнинг раҳбарлари, зиёлилар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситаларининг ва диний бирлашмаларнинг вакиллари бирлашиб, аҳолининг тотувлигини янада ошириш, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида биргаликда фаолият юргизмоқда.
Маҳаллий аҳоли орасида дўстона муносабатларни ўрнатишга, диний дўстлик ва миллатлараро тотувликни сақлашга, ёшларнинг ватанпарварлик туйғусини шакллантиришга, маҳаллий аҳоли ўртасидаги муаммоларни ҳал этишга, турмуши ночор оилаларни, ёлғиз қарияларни аниқлаб, ёрдам қўлини чўзишга ва бошқа масалаларни ҳал этишга фахрийлар, бийлар, аёллар ва ёшлар кенгашлари, “Нұр Отан” партияси ходимларининг қўшаётган ҳиссалариям таҳсинга лойиқ.
Ана шулар туфайли бугунги кунда бизнинг туманимиздаги ижтимоий-сиёсий аҳвол анча яхши.
Фурсатдан фойдаланиб, “Жануб жарчилари” газетаси муштарийларининг хонадонларига тинчлик-хотиржамлик, ўзларига жони-тани соғлик тилайман. Мана, қурбон ҳайити ва Билимлар куни яқинлашиб қолди. Ушбу байрамлар юртдошларимизга муборак бўлсин!
– Мадияр Мухтар ўғли, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Эътибор САЙФИДДДИН
қизи суҳбатлашди.

