Алоқа | Обуна

Қайда қолди меҳр-муҳаббат?

Ойгул, мана, беш йилдир-ки, болалари билан ёлғиз яшайди. Қизи Шабнам 10 ёшда, ўғли Достон эса, 8 ёшда. Оиланинг бузилишига эрининг ичишдан қайтмаганлиги сабаб бўлди. Дастлаб яхши яшаган бўлишса-да, кейинчалик Анварнинг ичкиликка берилиб кетиши ҳаётларига рахна солди. Эри маст ҳолатда қўшни қизнинг номусига тажовуз қилиб, унга уйланишга мажбур бўлди. 

Ойгул эрининг бу даҳшатли қилмишидан ор қилиб, шаҳардан ижара уй топиб, кўчиб кетди. Эри қилмишига пушаймон бўлиб, фарзандларини кўриб туриш учун изн сўраб кўп келди. Ойгул уни кечирмади, аксинча, ажрашиш учун судга ариза ёзди.
Ижара уйда яшаш, етишмовчиликлар, рўзғор ташвишлари Ойгулни жуда чарчатди. Кейинчалик турмуш аста-секин ўз ўрнига туша бошлади.
Шундай кунларнинг бирида болалари овқатланиб бўлишгач, Достон: “Ойижон, рухсат беринг, ўртоғимнинг уйида ўйнаб кирай бироз” – деди. “Майли, борақол, лекин ярим соатда қайтиб киргин, ўғлим, дарс тайёрлашинг керак” — дея рухсат берди онаси.
Ярим соатча вақт ўтиб, Достоннинг ўртоғи эшикни тақиллатди. Эшикни очган Ойгул: “Нега рангинг оқариб кетган, кел, тинчликми? Достон сен билан бирга ўйнайман, деганди-ку?!” – деди.
Достоннинг дўсти эса: “Ўғлингизни йўлда машина уриб кетди, тезроқ бўлинг-чи, ўртоғим ҳолсиз ётибди” – деди. Бу совуқ хабардан Ойгулнинг устига кимдир совуқ сув қуйгандек бўлди. Бир зумда юраги тўхтаб қолгандек бўлиб, хавотирланиб югурганича боласининг олдига қандай етганини ҳам билмай қолди. Уч-тўрт нафар болалар Достонни ўраб олишганди. Онаси “вой болам”лаб уларни нари итариб, ҳушсиз ва қонга беланиб ётган ўғлини кўтариб олди.
– Ким қилди бу ишни, қайси номард?
– Достонни уриб кетган машина оқ рангли “Нексия” – чуғурлашди болалар.
Ойгул боласини бағрига босиб: “Қўрқма, ҳаммаси яхши бўлади. Ҳозир касалхонага борамиз. Кўчада мана шунақа инсофсиз одамлар кўп, ўзи жуфтакни ростлаб қолибди” – дея қўрқувдан дағ-дағ титрарди.
– Балки, боласининг ўзи айбдормикан. Лекин шундай бўлса ҳам, ҳайдовчи уни касалхонага олиб бориши керак эди-ку.
Шундай қилиб, ёрдамга келган бир машинада Ойгул ўғлини касалхонага олиб борди. “Ҳозир шифокорлар пул сўрайди, нима қиламан, маошимгача ҳали вақт бор. Ҳамма қариндошларим қишлоқда бўлса, ҳамкасбларим ўзим қатори ойликка қараб ўтиришибди” – дея пул топиш ҳаракатига тушди.
“Синглимдан сўраб кўрай-чи” – дея қўл телефонидан синглисига қўнғироқ қилди. Анча йилдан бери шаҳарда истиқомат қиладиган синглиси опасининг қўнғироғидан сўнг, ҳеч нарса бўлмагандай: “Эй, опа, ўғлингиз ўзи шўх-да, уриб ўлдиринг бунақа болани, ўзини машина тагига отгандир-да. Куёв болангиз узоқда ишда, йўқ эмас, бор ўн минг тенге пулимиз, хафа бўлманг” – деди.
Ойгул синглисининг бепарволигидан хафа бўлди – ёрдам сўраганига пушаймон еди. Қишлоқда яшайдиган Гулнур синглисига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўради.
– Опа, ўғлингиз ёмон-да, тартибсиз, намозгарда ташқарида нима бор эди. Пулни етказиб бера олмайман, куёв болангиз билан маслаҳатга кетаяпмиз, қайнонамнинг қариндошининг уйида тўй, яхши танишларингиздан сўраб туринг, – деди.
Ойгул ўғлиниг юзига қараб, баттар эзилди. Достон кўзидаги ёшларини кўриб қолмасин, дея юзларини кафти билан беркитди. Бу вақтда Достон ҳушига кела бошлаган эди. Шифокорлар Достонга тиббий кўмак кўрсатишди.
– Дадам вафот этган бўлса, онам мендан узоқда, ўзим кекса онамга, деярли ёрдам беролмасам, у кишини безовта этиб, нима қиламан, агар укам ёки акам бўлганида ҳозир ёрдам беришармиди, – дея ўйга толди жувон.
Қўл телефонини олганича танишларидан кимдан пул олиб турсам, деб ўйлади у. Директори Адҳам Йўлдошевич кўзига нажот фариштаси бўлиб кўринди шунда. “Кўмак сўраб, қўнғироқ қилсаммикан, йўғ-е, эркак киши нима деб ўйлайди. Яна бугун шанба бўлса, кеч тушиб қолди” – дея ўзига ўзига сўзлади Ойгул. Лекин пулни қаердан топади. Таваккал, дея директорига қўнғироқ қилди.
–Йиғламанг, ҳозир бир одамни юбораман, ўша одам сиз билан бирга шифокорнинг олдига кириб, керакли дорилар рўйхатини олади. Биргалашиб, уларни оласизлар, ҳамма харажатларни ҳам мен юборган одам тўлайди, – деди.
Орадан кўп вақт ўтмай, Салим, деган киши келиб, шифокорга учрашди. Достоннинг синган оёғи гипс қилинди. Дориларни ҳам дорихонадан сотиб олиб, киргизиб берди.
Ойгулга шифокор: йиғлайвериб, кўзларингиз ҳам шишиб кетибди, ҳозир рентген қиламиз, бир неча кунда кўрмагандай бўлиб кетади, тойчоқ, – деди меҳрибонлик билан. Салим ака Достон билан унинг онасини уйига элтиб қўйди.
Ўз жигарларидан кўрмаган оқибатни бегоналардан кўрган Ойгулнинг тонггача уйқуси келмади. Уч кундан сўнг, ойлик маошини олди-да, тўғри Адҳам аканинг хонасига кирди.
– Келинг, синглим, полвон қалай, тузалиб қолдими, – деди директор.
– Раҳмат, ўша кунги берган ёрдамингиз, кўрсатган мурувватингиз туфайли ўғлим анча яхши. Мана бу пулларни олиб қўйинг, Оллоҳ сиздан рози бўлсин, – дея Ойгул конвертни стол устига қўйди.
– Ие, бу нима қилганингиз, мен сизга қайтариб беринг, демадим-ку. Оилавий шароитингизни яхши биламан, тушунганим учун сизга кўмак бердим. Мен ҳам отасиз вояга етганман, савоб ҳам керак-ку, – дея жилмайиб қўйди Адҳам ака.
У конвертни олди-да, Ойгулнинг қаршилигига қарамай, сумкасига солиб қўйди ва: “Болаларингизнинг, рўзғорнинг кам-кўстига сарфларсиз, муҳими, Достоннинг оёғи тез тузалиб кетса — бас. Катта йигит бўлса, ўзи ҳисоб-китоб қилади мен билан. Бу кунлар ҳали унутилиб кетади, Ойгул!” – дея аёлга тасалли берди.
Ойгул раҳбари билан хайрлашганича ташқарига чиқар экан, унинг самимийлигидан кўнгли тўлиб, дийдаси бўшаб, йиғлаб юборди.
“Дунёда яхши одамлар бор!” – шивирлади унинг лаблари: “Шу сабабдан ҳаётимиз ҳам гўзал!”

Гулбаҳор ПАРПИЕВА,
жамоатчи мухбир.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ