Ассалому алайкум, ҳурматли «Жануб жарчилари» газетаси таҳририяти ва унинг ҳомийлари! Биз – Шимкент шаҳрининг Карл Маркс бўлимида жойлашган, Ақмарал Канал қизи Байболатова бошқараётган 48-сонли умумий ўрта мактабнинг юқори синф ўқувчилари, ҳафта сайин «Жануб жарчилари» газетасини «Тахлам» («Подшивка») акцияси бўйича олиб турамиз.

Газета саҳифаларидаги янгиликлардан хабардор бўламиз, қизиқарли кроссвордларни биргаликда ечамиз, турли ҳаётий ҳикояларни ўқиб, фикр-мулоҳаза юритамиз. Тенгдошларимиз ёзган эсселарни ўқиб, таҳлил қиламиз.
Барча мактаб ўқувчилари газетани мактабда ўқишар экан. Ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчимиз Азиза опа Тошхўжаева ўқувчиларга газетани, навбати билан, бир кунданга уйга бериб юборади. Синфдошлар билан ўзаро суҳбатлашганимизда, уйда ўқиш учун берилаётган газетадан ота-оналар, бува ва бувижонлар ҳам баҳраманд бўлишаётганини билдик.
Бундай хайрли ишни бошлаган газета таҳририяти ва унинг ҳомийларига ўз миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз. Халқимизга зиё тарқатиш каби савобли ишингиз учун ташаккур айтамиз.
Мактабимизда ўзбек тили ва адабиёти дарслари жуда қизиқарли ўтади. Устозимиз Азиза опа шеърхонлик мусобақаларини ҳам ўтказиб туради. Ўқувчилар гуруҳларга бўлиниб, шеър айтишда ўзаро беллашамиз. Устозимиз она тилимизда ўзимиз ёқтирган шеърларни кўп ёд олсак, машқларимиз натижасида ўзимиз ҳам ижод қилишимиз мумкинлигини уқтирадилар.
Газетангизда «Адабиёт саҳифаси» рубрикасини очишингизни таклиф қилардик. Бунда шоир ва ёзувчиларимизнинг асарларидан намуналар, ижодкор устозлар ва ўқувчиларнинг ёзган шеърлари бериб борилса, мириқиб ўқир эдик.
Газета саҳифаларида эссе ёзиш мусобақасини эълон қилиб, жуда яхши иш бошлабсизлар. Мазкур иш борасида ўқувчилар эссе ёзиш тартибига қатъий амал қилишсин. Барча мактабларнинг ўқувчилари билан ҳамкорлик қилиб, ижодкорликда ўзаро фикр алмашайлик. Негаки, ижодий тафаккури ривожланган ўқувчи эссени қийналмай ёзади. Бунда бизга газетангиз жуда қўл келади.
«Жануб жарчилари» газетаси она тилимизга бўлган қизиқишимизни орттиради, нутқимизни бойитади, ақлимизни чархлайди. Мақоламни «Тахлам» («Подшивка») акциясини ташкил қилган ҳомийларга бағишлаб ёзган шеърим билан якунлайман.
Ташаккур айтамиз, азиз ҳомийлар,
Савоб ишларингиз бундан-да ортсин.
Ўзбек ўғил-қизи вояга етиб,
Ишончингиз оқлаб, элга танилсин.
Зиё нурларидан баҳраманд бўлган,
Ўқувчилар сиздан жуда миннатдор.
Эзгулик таратган сахий қалбингиз,
Халқ олқишин олиб, бўлсин манфаатдор.
Шимкент шаҳридаги
48-сонли умумий ўрта мактабнинг
9-«Б» синф ўқувчиси:
Диана ХАНШИКОВА.

