Алоқа | Обуна

Сермазмун ёзги таътил

Мактаб ўқувчиларининг ёзги таътил кунлари Сайрам даҳасидаги 12-сонли спорт мактабининг ёш таэквондочилари Тошкент шаҳрида ҳамда Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида 2002-2005 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар орасида спортнинг таэквондо тури бўйича бўлиб ўтган халқаро турнирларда иштирок этишиб, юртимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилиб қайтишганлигини сизларга зўр мамнуният билан билдирамиз.
Тошкент шаҳридаги мусобақаларда Жавоҳирхон Исломов (Ал-Форобий номли мактаб ўқувчиси) ва Самандар Тўламетов (З. Ҳусанов номли мактаб ўқувчиси) ўз вазн тоифаларида фахрли 2-ўринларни қўлга киритишди ҳамда кумуш медаллар соҳиби бўлишди, Зиёда Ирисметова билан Самир Абубакиров (иккиси ҳам Ю. Сарёмий номли лицей мактабининг ўқувчилари) эса, 3-ўринларни эгаллашди ҳамда бронза медалларига эга бўлишди.
Сеул шаҳридаги мусобақаларда ҳамюртимиз Жавоҳирхон Исломов Фаластин, Саудия Арабистони ҳамда Озарбайжон давлатларининг спортчиларини доғда қолдириб, турнир ғолиби бўлди ва олтин медаль соҳибига айланди. Жасурбек Исроилов (92-сонли мактаб ўқувчиси) эса, Таиланд, Тайпей ва Гонгконг давлатлари спортчилари билан татамига чиқиб, фахрли 3-ўрин ва бронза медали соҳиби бўлди.
Ёш таэквондочиларни мазкур мусобақаларга спорт мактабининг таниқли устоз-мураббийси, таэквондо бўйича спорт устаси Мирзафар Миржамолов тайёрлаганлигини эслатиб ўтамиз.

И. ТОЖИБОЕВ,
Сайрам даҳаси.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ