Алоқа | Обуна

Аёл бор-ки — олам мунаввар!

Минг шукурлар бўлсин: юртимиз тинч, мусаффо осмон остида умргузаронлик қилмоқдамиз. Мана шундай осойишта диёрда яшаётган оналаримизнинг байрами халқимиз ҳамда Президентимиз томонидан кенг нишонланади. Ҳар бир вилоят, туман ва қишлоқларда фаолият кўрсатаётган аёллар, қизлар-келинчакларга алоҳида эътибор қаратилади. 

Биз — “Жануб жарчилари” газетасининг ходимлари ҳам аёллларимизни ўлкамиз бўйлаб кириб келган баҳор айёми, 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин дилдан муборакбод этамиз!

Бугун сизларга таништириб ўтмоқчи бўлган аёлларимиз жамиятимизнинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатишиб, жамиятимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Оқсувкент қишлоғидаги “Балақай” болалар боғчаси “1-сабилер” гуруҳининг ширинсўз ва тажрибали тарбиячилари – Нигора Каримқулова, Ойдин Ҳайтметова ҳамда Феруза Жамансариева Мустақил Қозоғистонимизнинг эртанги куни эгалари бўлган жажжитойларга таълим-тарбия беришмоқда. Касбимиз тақозо этиб, улар билан ҳамсуҳбат бўлганимизда, Нигора Каримқулова шундай деди:
– 5 йилдан бери мана шу болалар боғчасида фаолият кўрсатаман, кичкинтойлар билан ишлаш бизларга завқ бағишлайди. Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай шукуҳли кунда нишонланаётган баҳор ҳамда 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами билан барча оналаримиз, опа-сингилларимизни самимий қутлайман.
Аёл бор-ки — олам мунаввар! Зеро, шундай экан, ушбу улуғ зотларни қадрлайлик! Яшасин, юртимиз аёллари, бор бўлсин, оламнинг қувончи бўлган элимиз болалари!
***
Ҳар қандай байрам бўлсин, уларни ширинликларсиз тасаввур этиш, асло мумкин эмас. Сайрам туманида фаолият кўрсатаётган “Достар” ширинликлар ишлаб чиқариш корхонасида 10 йилдан бери хизмат қилаётган Гулистон опа Анорқулованинг ягона мақсади туман аҳли учун мазали ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан иборат.

– Аёлларимиз соғ бўлишсин, байрам ҳаммага қутлуғ бўлсин, ҳар бир аёл пазанда бўлсин, уйларида ширин-ширин пишириқлар пиширишни ўргансин. Ўзим касбимдан жудаям мамнунман, – дейди, қарийб 35 йилдан бери ушбу соҳада меҳнат қилаётган Гулистон опа.
Нафиса Тўхтасинова икки йилдан бери Гулистон опа билан биргаликда ишлайди. “Ҳар куни янги рецепт ўрганишни ўзимизга одат қилиб олганмиз. Мижозларимиз ўзларининг раҳматларини айтишса, ана шу бизнинг ютуғимиз. Илоҳим, ўзбек аёлларимизнинг юзларидан ҳамиша табассум аримасин, умрлари узоқ бўлсин” – дея билдирилган илиқ истаклардан сўнг, улар билан хайрлашдик.

***
Гўзал табиати билан ажралиб турадиган Тўлабий туманига қарашли Тоғойна қишлоғидаги “Илонбузган” мактабида фаолият кўрсатаётган Моҳира опа Одилова ўз касбининг моҳир устаси.
– 16 йилдан бери ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бериб келмоқдаман. Ўқувчилар билан ишлаш менга завқлидир, сабаби, ўзимнинг ҳам болалик даврим ёдимга тушиб, ширин хотиралар тез-тез ёдга тушади. Биз — ўқитувчиларга болаларга сифатли таълим-тарбия бериш учун Республикамизда ҳамма шароитлар яратиб қўйилган. Ўзимизда хоҳиш бўлса — бас! Элбошимиздан миннатдорман, сабаби: Қозоғистонимизда тинчлик ҳукмронлик сурмоқда, кўз тегмасин.
Ўзимга берилган фурсатдан фойдаланиб, севимли “Жануб жарчилари” газетам орқали туманимиз аёлларини шукуҳли айёмлари билан қутлайман!
***
Болаларимиз оғриб қолишса, уларни кўтариб ёки етаклаб, дарҳол шифокор ҳузурига чопамиз. Ҳозир сизларга таништирмоқчи бўлган қаҳрамонларим, айнан тиббиёт соҳасида фаолият кўрсатишади.
Олий тоифали шифокор Шоҳсанам Тўйчибоева (тасвирда ширинсўз ҳамшира опалар Ўлмасой Юсупова ҳамда Зиёда Пўлатова билан) болажонларни жонидан ортиқ яхши кўради.
“Касбими фахрим, деб биламан. Ҳузуримизга шифо излаб келаётган инсонларга ёрдам кўрсатиш бизнинг муқаддас бурчимиздир. Фурсатдан фойдаланиб, ҳамма оналарни баҳорий айём муносабати билан қизғин муборак этаман ва оилаларига тинчлик, осойишталик, дастурхонларига қут-барака, мустаҳкам соғлик тилайман” – дейди болалар шифокори Шоҳсанам опа.
***
Она тилимизнинг жамиятимизда тутган ўрнини тўғри тарғиб-ташвиқ қилиш, турли тадбирлар ўтказиш орқали ёш авлод қалбида ўзбек тилига бўлган қизиқишни уйғотиш борасида сўнгги вақтларда фаоллик кўрсатаётган Шаҳло опа Наралиева ҳам юртимиз аёлларини байрам билан қутлади.
***

Маҳфуза МУСАЕВА, “Өрлеу” Акциядорлик Жамиятининг ЖҚВ бўйича филиали педагог кадрлар малакасини ошириш институтининг бошланғич синфлар бўйича катта ўқитувчиси, халқаро даражадаги тренер:
– Барча аёлларни, оналарни, сингилларни баҳор байрами, 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклайман Уларга соғлик, бахт, оилавий тотувлик, гўзаллик тилаб қоламан. Аёл зоти учун тортиқ қилинган туҳфанинг қиймати, нархи, навоси муҳим эмас, дейишади, энг муҳими, оз бўлса-да, эътибор, эъзоз, чин дилдан айтилган покиза тилак, юрак-юракдан нимадир демоқ, қаршингизда турган сирли хилқатнинг кўнгил оламини мунаввар этмоқликдир!
Истагимиз: бетакрор бекалик онларингиз умри бардавом бўлсин! Бахт, деганлари ҳамиша бўйингиз билан бўйлашиб, ортингиздан қувлашиб, изингиздан адашмай, мудом эргашиб юрсин! Ҳеч қачон қайғу кўрманг, ғам еманг, андуҳ нима — сира билманг! Миллатимиз, халқимиз толесига доимо соғ-омон бўлинг, дунё тургунча туринг, азиз аёллар! Яна бир бор айём муборак!
***
Муҳтарам Президентимиз Нурсултан Абиш ўғли Назарбаевнинг гендерлик сиёсатини қўллаб, турфа соҳаларда фаолият кўрсатиб, кўпларга ибрат бўла олаётган ушбу қаҳрамонларимизни, қолаверса, барча меҳрибон аёлларимиз, лобар опа-сингилларимизни табаррук айём муносабати билан самимий қутлаймиз!

Эътибор САЙФИДДИН қизи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ