Алоқа | Обуна

Туркистондан ўрганадиганимиз кўп

Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасига зиёрат, тадбиркор ва саҳий йигитларнинг хайрли ишлари, ишлаб чиқариш ва қишлоқ ҳўжалигидаги ютуқлар. Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси фаолларининг ташаббуси билан жуда сермаҳсул ва фойдали учрашув ўтказилди. Туркистон шаҳрининг туркий оламининг маданий пойтахти мақолми олинган йил муносабати билан вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг бир қатор аъзолари Туркистон шаҳрига сафар уюштирдилар.

Бундан ташқари, шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раисининг ўринбосари Райимжон Қўчқоров ташкилотчилигида кам таъминланган, турмуши ночор ва кўп болали оилаларга ёрдам кўрсатиш ишлари билан меҳмонлар танишиб, юқори баҳоларини беришди.
3-4 йиллардан буён Райимжон ака бошчилигидаги бир гуруҳ тадбиркорлар ва оддий қўли очиқ инсонлар бош қўшиб, бошпанага муҳтож бўлган инсонларга уй қуриб беришаяпти. Бугунги кунда бундай уйларнинг сони 10 тадан ошиб кетди. Райимжон аканинг айтиши-ча, авваллари бир уйни 3 йил қуришса, бугунги кунда бир йилда 3 уй қад ростлаяпти.

  • Мазкур сафар давомида меҳмонлар Собиржон Исоқов раҳбарлик этаётган "Гранд микс" корхонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Замонавий русумдаги мебелларни ишлаб чиқарувчи фабрика бугунги кунда республикамизнинг, деярли барча вилоятларига ўз маҳсулотларини етказиб бераяпти.

Бунда ҳомийлик кўрсатган инсонларнинг сони 40 нафардан ошади. 18 ёшдан 90 ёшгача бўлган ҳамда бировларнинг қийинчилигига бефарқ қараб туролмайдиган инсонларнинг аксари ўзларининг исмлари сир тутилишини истаганлар. Шунга қарамай, Райимжон ака уларнинг айримларини атаб ўтди: Рўзбой ака, ака-ука Абдусатторовлар, Абдаш ака, Кимё опа, Раъно опа, ҳатто-ки, ёши 88 га келган бир нуроний отахон ўз пенсиясидан маблағ ажратгани кўнгилларни қувонтирди.
Ўша куни Ойимхон Мамакаева хонадонида янги уй ўз эгаларига топширилиб, халққа дастурхон ёзилди. Бу уйда ота йўқ, Ойимхон опа 5 нафар қизини ёлғиз тарбиялаб келаяпти. 3 хонали уй ушбу оила учун ҳаво каби зарур эди. Миннатдорчилигини кўзларидан тинмай оқиб турган ёш ила етказган янги хонадон эгаси, мурувват кўрсатган барча инсонларга Оллоҳнинг розилигини тилади, топишларига барокат, ўзларига соғлик сўради Оллоҳдан.
Бундан ташқари, шу кунларда ҳомийлар тарафидан 2 хонадон учун товуқхона ва қуёнхона бунёд этилди. Бунинг билан шу оилаларнинг фарзандлари рўзғорда керак бўлган уй жониворларини кўпайтиришга имкон олдилар. Яъни бу ерда инсонларга «балиқ» эмас, шу балиқни тутиш имконини берадиган «қармоқ» ҳадя этилди.
“CORDIAL” бренди остида шу кунларда эшикларини очган замонавий жиҳозлар дўкони меҳмонларнинг эътиборини жалб этди. Бу ерда юқори сифатли буюмлар қулай, қўл етимли баҳоларда сотилиши барчага манзур бўлди. Шуҳрат Набиев савдо марказининг фаолияти келажакда жаҳон миқёсига чиқишига ишончи комил.
Бир кун давом этган сафар жараёнида Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси аъзолари келган меҳмонларга бир пиёла чой устида амалга ошираётган ишларидаги камчиликлар ва уларни ечиш йўллари ҳақида ҳам айтиб ўтишди.

Г. РАСУЛОВА.

Изоҳнинг ҳожати йўқ