Алоқа | Обуна

Мактабга борамиз!

Куз фасли ҳам яқинлашиб қолди… Бу фаслни, айниқса болалар роса кутишади, сабаби, кузнинг биринчи куни – Билимлар байрами!
Янги ўқув йилининг бошланишига саноқли кунлар қолганини, нафақат ўқувчиларнинг қувончларидан, балки барча бозор, дўкон, йирик савдо марказларининг гавжумлигидан-да билсак бўлади. У ерларда мактаб бозорлари ташкил этилган.
Марказда, бозор кўчаларида ҳамма ўз фарзандлирини етаклаб юрибди. Ота-оналарнинг асосий вазифаси ўз фарзандларини ўқув қуроллари, мактаб жиҳозлари ва махсус формалар билан таъминлашдир.
Тайёргарликни қанча эрта бошласангиз, шунча яхши бўлади. Биринчидан, сентябрга яқин нархлар қимматлашиб кетади, иккинчидан, эрта бошласангиз, оз-оздан йиғиб бориш имконияти бор, учинчидан эса, шошилмасдан, бемалол кийимларни танлаб олишингиз мумкин.
Ўқув қуроллари ҳар бир ўқувчига ўртача беш минг тенгедан тўғри келади.
Папкалар нархи 2 000 тенгедан бошланади. Фарзандингизнинг феъл-атворига қараб танлаб, қимматроғини олиш мумкин. Сабаби, шўх болалар қишда папкаларини “чана” қилиб учишлари бор, дегандай… Лекин бу дегани қанча қиммат бўлса, сифати шунча яхши, дегани эмас.
Ўғил болалар учун костюм-шим 8 000 тенге, ёнида заҳира шими билан!
Оёқ кийим. Ўғил болаларга туфли 3 500 тенгедан бошланади. Қиз болаларга эса, очиқ оёқ кийим харид қилган маъқул, сабаби, оппоқ пайпоқ билан, ҳаво ўтказмайдиган оёқ кийим билан ярим кун юришнинг ўзи бўлмайди!
Ўғил болалар оқ кўйлаги ҳам, қизларнинг оқ кофтаси ҳам 2 800 тенгедан бошланади. Шуни айтиб ўтиш керак-ки, беш минг тенгелик кофталар билан арзонроқ кофталарнинг фарқи, деярли сезилмайди. Бу борада асқатадиган нарса кўк совун заҳирасидир, сабаби, айнан мана шу совун оқ кофтанинг енг ва ёқасини тозалаб ювишда алмаштириб бўлмайдиган восита.
Бантиклар 250 тенгедан нархни бошлайди. Уларнинг ҳажми ва безакдорлиги ошгани сайин нархи ҳам ошиб боради.
(Юқорида қайд этилган нархлар ўрта ҳисобда олинди).
Диққат, маслаҳат: бозорга боришдан олдин энг зарур буюмлар рўйхатини тузиб олиш мақсадга мувофиқдир. Буюмларни харид қилаётганда, иложи борича, битта дўкондан олишингизни маслаҳат берамиз. Чунки дўкондор умумий ҳисоб-китобдан чегириб бериши ҳар томонлама қулайдир.
Харид қилган нарсаларингизни пакет ёки қоғоз қутиларга жойланг. Ҳеч нарса қолиб кетмаганига ишонч ҳосил қилинг. Чунки сотувчиларнинг айтишлари-ча, гоҳида харидорлар майда нарсаларни, масалан, қалам, ручка, жилдларни, ҳатто-ки, бошқа дўкондан харид қилган кийимларини унутиб қолдирадилар.
Янги ўқув йили омадли бўлсин!

Гулноза МАҚСАТОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ