Сайрам диёридаги “Улуғ тепа” дея номланган ёпиқ спорт мажмуасида 12 та ёшлар жамоалари иштирокида ҳамюрт Қаҳрамонларимиз — Совет Иттифоқи ва Болгария Халқ Қаҳрамони Зиёмат ака Ҳусанов ҳамда Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари — Бўтабой ака Содиқов ҳамда Маншук Мамедованинг номларини ёдлаш мақсадида мини футбол (кичик футбол) бўйича хотира турнири ўтказилди.

Сайрамликлар ҳамқишлоқ қаҳрамонлари билан ҳақли равишда фахрланадилар ва уларнинг номлари аллақачон абадийлаштирилиб, номлари кўчаларга, билим масканларига берилган. Йиллар давомида уларнинг номларига спортнинг кўплаб турларидан ўқувчилар ва ишчи ёшлар орасида мусобақалар ўтказиб туриш яхши анъанага айланган.
Бу сафар ҳам анъанага мувофиқ, Сайрам даҳасидаги “Улуғ тепа” ёпиқ спорт мажмуасида ўтказилган футбол турнирининг очилиш маросимида Шимкент шаҳрининг Қаратау туманидаги “Нур Отан” партиясининг бўлим бошлиғи Бўлот Леобаев, Сайрам даҳасидаги “Нур Отан” партияси бошланғич ташкилотининг раиси Бахтиёр Юсупов, “Жанубий Қозоғистон” газетасининг бўлим бошлиғи Зокиржон Мўминжонов, Бўтабой доданинг ўғли Азамат Содиқов ҳамда турнир ташкилотчиси, спорт мажмуасининг эгаси Эркин ака Турсунбоев мусобақа қатнашчиларини қизғин табриклашиб, уларга чин маънода муваффақиятлар тилашди.
Мусобақа якунида “Нур Отан” партиясининг “Ташаккурнома”лари турнир ташкилотчиларининг бир қанчасига тантанали равишда топширилди.
Бевосита футбол мусобақасига келсак, ҳар бир жамоа ўз маҳоратларини ишга солиб, турнирга файз киритиб борди ва, ниҳоят, финал учрашувининг қатнашчилари аниқланди. Финал учрашувлари ҳам кўнгилдагидек даражада ўтган бўлиб, фахрли учинчи ўринни шартли равишда номланган “Акром-90” жамоаси эгаллади, иккинчи ўринни эса, “Акбар-98” жамоаси қўлга киритди.
Бош соврин ва 1-ўринни Сайрам даҳасидаги 12-сонли ихтисослаштирилган спорт мактабининг устоз-мураббийларидан ташкил топган жамоа ўз ҳисобига ёзиб қўйди (устози ва сардори, спорт мактабининг ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари Ўктам Мирослонов).
Шунингдек, турнирнинг энг яхши дарвозабони сифатида Шерзод Қиличев, ҳимоячиси сифатида Зоҳид Ирисқулов ва ҳужумчиси сифатида Иззат Йўлдошев тан олинди.
Ғолиб ҳамда совриндор жамоаларга ва уларнинг аъзоларига турнир ташкилотчилари таъсис этишган эсдалик медаллари, дипломлар ҳамда пул мукофотлари берилди.
И. ТОЖИБОЕВ.
Сайрам даҳаси.

